Умумтаълим мактаб директорларини узлуксиз касбий ривожлантириш, замонавий кадрлар салмоғини ошириш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан тизим олдида турган стратегик вазифларнинг бажарилишида юқори малакали мактаб директорларига бўлган эҳтиёжни янада оширди. Бу эса, мазкур кадрларнинг билим савиясини узлуксиз ошириб боришни талаб этмоқда.
Умумтаълим мактаб директорларининг узлуксиз малакасини ошириш таълими тўғридан-тўғри (таълим дастурлари бўйича ўқитиш) ва билвосита (таълим дастурларисиз ўқитиш) шаклларда ташкил этилиши мумкин.
Умумтаълим мактаб директорларининг узлуксиз малакасини оширишнинг (курсдан курсгача) билвосита шакллари қуйидагилардан иборат:
- таълим муассасасининг илмий (педагогик) кенгаши карорига биноан илмий тадқиқот иши билан шуғулланиш;
- раҳбарлик буйича очиқ ўқув машғулотлари (мастер класс);
- илмий, илмий-методик ва илмий-амалий семинарларда, конференцияларда, август ўқишларида ва шу кабиларда маърузалар билан катнашиш;
- дарсликлар, ўқув методик кўлланмалар, дарс ишланмалари, мақола ва тезислар нашр эттириш.
Умумтаълим мактаб директорларининг малакасини ошириш таълимини таълим дастурлари асосида ташкил этиш шаклида унинг даврийлиги, муддати ва ўқув соатлар ҳажми қонунчилик билан белгилаб берилади. Таъкидлаш жоизки, малака оширишнинг бундай шакли одатда малака ошириш бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасасида амалга оширилади.
Қисқа муддатли курслар тингловчиларнинг асосий иш фаолиятидан ажралмаган ҳолда (ўқитувчиларнинг таътил даври ва ишдан бўш вақтларида) амалга оширилади ва уларнинг давомийлиги 18 академик соатдан 72 академик соатгача ҳажмда белгиланади. Тегишли қисқа муддатли курс давомийлигининг аниқ миқдори ушбу курс ўқув режасига асосан белгиланади.
Таълим дастурларисиз узлуксиз малака ошириш умумтаълим мактаб директорларининг курсдан курсгача бўлган даврини қамраб олади. Албатта, халқ таълими тизими ходимлари малакасини ошириш курслари ва курсдан кейинги фаолиятлари давомидаги таълим узвийлиги ва узлуксизлигини таъминланиши умумтаълим мактаб директорларнинг билимларини ортишига, келгусида эса, ўқувчиларнинг билим салоҳиятлари ўсишини таъминлайди. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек малака ошириш таълимининг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлаш учун малака ошириш таълими ва ундан кейинги даврдаги мустақил таълим фаолияти ўртасида “қайта алоқа” механизмларини такомиллаштириш ҳамда бир-бирига боғланган тизимли мониторингни амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Бунда, халқ таълими ҳудудий бошқарув органлари томонидан малака ошириш буюртмаларини шакллантиришда раҳбар ва мутахассис ҳодимларнинг мустақил таълим фаолиятида эришилган ютуқлари кўрсаткичлари ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқ.
Ушбу йўналишда тадқиқот олиб борган олимларнинг фикрига кўра, узлуксиз касбий ривожлантириш таълимининг асослари, ХХ асрнинг бошларида шакллантирилган.
АҚШда 1926 йил Э.Линдерман томонидан нашр этилган “Катталар учун таълимнинг аҳамияти” асарида, ўкув хоналари ва дастурлари ўрнига катта ёшдагиларнинг эҳтиёжларини инобатга олишни таькиддайди. Хусусан, “Таълим бу ҳаёт ва бутун ҳаёт ўрганишдан иборат, шунинг учун таълим олишнинг чегараси йўқ” шиорини илгари суради [3; 230-б]. Буюк Британияда эса 1929 йил В.Яхлейнинг “Ҳаёт давомида таълим” китобида катталар таълими ва узлуксиз касбий таълим олиш масалалари келтириб ўтилган.
Педагогикага оид замонавий адабиётларда ушбу масалага назариётчи олим П.Лангранд томонидан 1965 йилда ЮНЕСКОга тақдим этилган маълумотларда таъкидлаб ўтилган. Унинг таъкидлаши бўйича “Узлуксиз таълимнинг таклиф қилинган талқини инсонпарварлик ғоясини ўзида мужассам этади: у барча таълим принципларининг марказида инсоннинг қобилияти бутун ҳаёти давомида ривожланиши учун шароит яратиши керак” [2; 58-б]. Инсон ҳаётининг босқичлари янгича кўриб чиқилади, ҳаётнинг анъанавий ўқиш, меҳнат ва касбий фаолсизланиш даврига бўлиниши йўқ қилинади.
ЮНЕСКО томонидан 1984 йилда “узлуксиз касбий ривожлантириш” концепцияси ишлаб чиқилди. Унга “Таълим тизимида ёки ундан ташқарида ҳаётнинг турли даврларида рўй берадиган, бир-бирини тўлдирадиган, билим олишга, шахс қобилиятларини ривожлантиришга, шу жумладан ўрганиш ва касбий вазифаларни бажаришга тайёрлашга қаратилган онгли ҳаракатлар йиғиндисидир” дея таъриф берилди [4, 128-б].
Фикримизча, ушбу таърифда узлуксиз касбий ривожлантириш атамасига ўзига хос изоҳ берилган. Мамлакатимиз халқ таълими тизимидаги ислоҳатлар натижасида умумтаълим мактаб директорларининг узлуксиз касбий ривожлантириш зарурати янада ортди. Дунёдаги замонавий таълимнинг интеграциялашуви жараёнлари кучайиши билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш вазифалари умумтаълим мактаб директорлари малакасини ошириш тизимининг рақобатбардошлигини таъминлаш учун алоҳида талаблар қўймоқда.
Узлуксиз касбий ривожлантириш таркибини аниклашнинг ҳозирги концептуал ёндашувлари асосан учта асосий тамойилга асосланади [5; 28-б], [6; 14-б], [7; 46-б]. Яъни, ҳаёт давомида узлуксизлиги, ўқитиш кўламининг кенглиги, ўрганишга йўналтирилганлиги.
Бизнинг назаримизда умумтаълим мактаб директорларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимига ўтиш учун уларнинг малакасини ошириш таълимини тубдан ўзгартиришни талаб қилади, жумладан:
- малака оширишнинг замонавий шаклларини жорий этиш;
- узлуксиз касбий ривожлантириш мухитини яратиш;
- узлуксиз касбий ривожлантиришни кўллаб-кувватлаш механизмларини тадбиқ этиш.
Мазкур йўналишдаги вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўгрисида»ги ПҚ-3931-сон Қарорига асосан умумтаълим муассасалари раҳбарлари халқ таълими соҳасидаги менежерлик кўникмаларига эга бўлиши кераклиги таъкидланди.[1]
Умумтаълим мактаб директорларини узлуксиз касбий ривожлантириш таълимига қўйилаётган бугунги кун талаблари сифатида уларда замонавий билим, кўникма ва бошқарув малакасини шаклантириш ҳисобланади. Фикримизча, бунда малака ошириш таълим сифати даражаларини белгилаб олиниши мақсадга мувофиқ. Зеро, таълим сифати даражаларини белгиланиши умумтаълим мактаб директорлари малакасини ошириш таълим сифати мониторингини самарали амалга оширишга хизмат қилади.
Таълим сифатини аниқлашда билиш ва унинг даражалари, таълим олувчиларнинг натижаларига оид тадқиқотларда амалга оширилиб, бир қатор назарий ёндашувлар ишлаб чиқилган. Жумладан, ўқув натижаларига оид И.Я.Лернер [8; 86-б] назарияси бўйича ўзлаштириш даражалари қуйидагича белгиланган: 1 – даража – эслаб қолиш, қайта таъкидлаш, 2 – даража – мавжуд билимни маълум вазиятларда (намуна асосида) такрорлаш, 3 – даража – мавжуд билимларни нотаниш вазиятларда қўллай олиш.
Бизнинг тадқиқотларимиз натижаси ўлароқ малака ошириш таълим сифатини мониторинг қилиш ва баҳолашда умумтаълим муассасалари раҳбарларининг менежерлик кўникмларини ривожланганлик даражасига эътибор қаратилиши лозим. Таълим сифатини баҳолаш нуқтаи-назаридан умумтаълим мактаб директорлари учун ташкил этилган менежерлик курслари самарадорлигини қуйидаги даражалардан иборат бўлиши лозим деб ҳисоблаймиз:
- 1- даража: Билиш – ўкув модуллари доирасидаги билимларни эслаб қолиш ва тушунтириб бера олиши;
- 2- даража: Менежерлик кўникмага эга бўлиш – ўзлаштирилган билимларни бошқарув фаолиятининг турли вазиятларида қўллай олиш;
- 3- даража: Бошқарув малакасига эга бўлиш – эгалланган билим, менежерлик кўникмаларини ўз шахсий, касбий ва ижтимоий фаолиятида амалий қўллай олиш ва янги билимларни ҳосил қила олиш лаёқатига эга бўлиш.
Хулоса ўрнида мактаб директорларининг компетентлилигини ифодалашда уларнинг малакасини ошириш жараёнидаги билимлар, тажрибалар ва мойилликка асосланган топшириқ ва вазифаларни самарали амалга ошира олишларига оид умумий лаёқатлари назарда тутилди. Малака ошириш таълими директорнинг ижтимоий-касбий билими ва бошқарув компетенцияларининг ривожланиши билан боғлиқ эҳтиёжлари ва интилишларини белгилайди.
Тошкент ислом институти Ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори М.Ахмедов
Адабиётлар
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълими тизимига бошкарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3931-сон Қарори. – Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.09.2018 й., 07/18/3931/1841-сон.
- Ключарев.Г.А. Формирование обш,ества, основанного на знаниях. Новме задачи вьгсшей школьг Доклад Всемирного банка. М.: Весь мир, 2003; Непрерьгоное образование и потребность в нем /: Наука, 2005.
- Knowles M., Holton E., Swanson R. The Adult Learner: The definitive classic in adult education and human resource development. London, New York, etc.: ELSEVIER Butterworth Heinemann, 2005. 378 p. (in Eng.)
- Звонников В.И., Челышкова М.Б. Контроль качества обучения при аттестации: компетентностный подход. М.: Университетская книга, 2009. 272 с
- Australia’s qualifications system and lifelong learning/OECD/ April 2003. http://www.oecd.org/dataoecd/13/45/34327618.pdf
- Dadley D.E. Orso J.K. Integrting Summative and Formative Modes of Evaluation //NA SSP Bulletin, 1991, vol. 75, no 536.
- Lifelong learning: implications for institutions/ Paper for the 14th CHER Annual Conference, September 2–4, 2001/Dijon (France)/ Ben Jongbloed. http://www.utwente.nl/cheps/documenten/engpap01lifelong.pdf
- Лернер И.Я. Дидактические основы методов обучения М.: Педагогика, 1981. – 186 с.