islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримда келган Набий ва Расулларнинг шукри: Иброҳим алайҳиссалом

Қуръони карим Раббисига бўлган Халили Иброҳим алайҳиссаломнинг шукрини ҳикоя қилади. Шукр қилувчи сифати билан уни Аллоҳ таоло мақтаб бундай деган: “Албатта, Иброҳим Аллоҳга итоат қилувчи, ҳақ йўлдан чалғимаган бир уммат (пешво) эди, мушриклардан эмас эди. (Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилувчи эди. (Аллоҳ) уни (пайғамбарликка) танлаб, Тўғри йўлга ҳидоят этди(Наҳл сураси, 120-121-оятлар мазмуни).

Бу оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг яхшиликка эргашишда пешво, Аллоҳга итоат қилувчи, неъматларга шукр қилувчи эканига ишора бор.

Қуръони карим Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло неъмати учун шукри ва миннатига ҳамдини қайд қилиб келган. Аллоҳ таоло Халилининг тилидан бундай дейди: “Менга кексаликда Исмоил ва Исҳоқни берган Аллоҳга ҳамд айтаман. Албатта, Раббим дуони (қабул қилиш учун) эшитувчидир. Эй, Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин!* Эй, Раббимиз! Дуоимни қабул эт! Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!(Иброҳим сураси, 39-41-оятлар мазмуни). Яъни, менга боладан ноумид бўлган кексалик ёшимда фарзанд берди. Неъматни улуғлаб ва изҳор қилган ҳолда  “бериш”ни кексалик ҳоли билан қайд қилган (Байзовий, Аворут танзил ва асрорут таъвил).

Қуръони каримда Набий алайҳиссаломларнинг шукрини ўрганиш жараёнида, Аллоҳ таоло Набий ва Расул алайҳиссаломлардан фақат иккитасига шукр билан мақтагани маълум бўлди. Улар Иброҳим ва Нуҳ алайҳиссаломлардир. Бу ўринда пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳиссалом ҳақида Аллоҳ таоло: “(Аллоҳнинг) неъматларига шукр қилувчи” ва расули Нуҳ  алайҳиссалом борасида: “Албатта, у (Нуҳ) кўп шукр қилувчи банда эди”, деган. Бунда Аллоҳга шукр қилишнинг тўла-тўкис қилиш қийин эканига ишора мавжуд (Абулқосим Исфаҳоний. Ал-Муфрадот фи ғарибил Қуръон). Шукр вазифасини бажаришга фақат бандаларининг хосларигина муваффақ бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг: “Бандаларим орасида (Аллоҳга) шукр қилувчиси оздир”, деган сўзини далил қилиш мумкин.

Шуниси эътиборлики, бошқа пайғамбарлар Қуръони каримда шукр қилувчилардан деб ўзига хос бўлиб келмаганидир. Бироқ улар ундайлардан бўлмаган. Бу ўринда уларни ажратиб, издошларини улардан ўрнак олишга йўл кўрсатган ҳолда Аллоҳ таоло баъзи пайғамбарларни айрим бандалик ҳолатларини зикр қилиб хослаган. Бу дегани бошқа пайғамбарларни ушбу мақомдан юроқда деганини англатмайди. Аксинча, барча пайғамбарлар шукр қилувчи ва ибодатгўй Аллоҳнинг танлаб олган бандалари бўлишган.

Тошкент ислом институти

Махсус сиртқи 3-курс талабаси,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

илмий ходими Қ. Маҳмудов

218520cookie-checkҚуръони каримда келган Набий ва Расулларнинг шукри: Иброҳим алайҳиссалом

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: