islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

МОҲИР ХАТТОТ

Ҳанафий мазҳабининг машҳур уламоларидан бири Мулла Али ал-Қори раҳматуллоҳи алайҳдир. Бу зотнинг исми шарифи Али ибн Султонмуҳаммад бўлиб, Ҳирот шаҳрида туғилган. Туғилган йили аниқ маълум эмас. Макка шаҳрига сафар қилиб бориб умрининг охиригача ўша ерда яшаб қолган. Шунинг учун туғилган жойи эътиборидан Ҳиравий ва асосий яшаган жойи эътиборидан Маккий нисбатлари берилган. Энг машҳур қорилардан бўлгани сабаб Мулла Али ал-Қори номи билан машҳур бўлган.  Аллома Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳ XI асрда илм чўққисини забт этган машҳур олимлардан бири саналиб, ўз асрининг илмий соҳада ягонаси ва машҳур билимдони эдилар. Шу билан бирга ўз замонасидаги уламоларнинг энг йирик намояндаларидан бўлиб, фиқҳ, ҳадис, тафсир, қироат, усул ал-фиқҳ, илм ал-калом, фароиз (мерос илми), тасаввуф, тарих, табақот, тазкира, адабиёт, тил, грамматика ва шу каби кўплаб илмий соҳаларда ижод қилганлар ва бир қанча асарлар ёзганлар. У зотнинг асарлари нафислиги, фойдалиги, қаноатбахшлиги, жуда осон ва енгил тилда ёзилганлиги билан алоҳида ажралиб турган. Аллома Аш Шавконий роҳимаҳуллоҳ “Ал-бадр ату-толеъ”асарида: “Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳнинг мазкур сифатларга эга бўлган асарлари туфайли ҳижратнинг биринчи минг йиллиги бошларида мужаддидлик рутбасига кўтарилган”, — деб ёзади.

Аллоҳ у кишига нодир заковат, китоблар ёзиш – таълифда илоҳий қудрат, бошқа асарларни тадқиқ қилиб ўрганишда сабр-бардош ва олий ақл берган. Аллома Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳнинг ижоди ва фаолияти кўпроқ шарҳ ёзишга бағишланган. Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳ ўз илмий ва ижодий фаолиятида араб тили ва адабиётига чуқур ҳурмат билан қараганлар ва ўз асарларини араб тилида ёзганлар. Илм соҳасида қилган хизматлари шу даражага юксакка етадики, хатто у зотнинг ёзган асарлари китоб расталарида тўлиб кетади, у зот мурожаат қилмаган ва асар ёзмаган бирор соҳа қолмади десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам у зотнинг ёзган асарлари адади ҳақида бирор киши аниқ сонни айта олмаган.

Баъзилар: “Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳнинг набираси Маккаи Мукаррамада шундай деди: “Бобомизнинг 300 та таълифоти – асарлари мавжуд бўлиб, бобом буларнинг барчасини фарзандларига вақф қилиб қолдирган ва кишиларнинг бу асарлардан нусха кўчиришларига ҳеч қандай монеълик қилмасликни шарт қилганлар…” деганлар.

Баъзилар эса асарлари ҳақида жуда катта сонни айтганлар. Аммо Дубайнинг “Ал-мажид” номли илмий тадқиқот марказларидан бирида Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳнинг асарлари номларини келтириб унда ёзган асарлари сони 260 тани ташкил этади деб ёзилган.

Яна бошқа баъзи манбаларда: “Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳ Исломий илмнинг турли соҳаларида 180 га яқин асар ёзиб қолдирган ва бу асарларнинг қарийб барчасининг ёзма нусхалари ҳозирги кунга қадар етиб келган”, дейилади.

Имом Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳ дину диёнат, тақво, зуҳд ва ҳилмда  ва хатто сулс ва насх турларида жуда моҳир хаттот ҳам бўлганлар. У зотнинг таржимаи ҳолини ёзган баъзи уламолар Имом Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳ ўз қўл меҳнати ила топган нарсаси билан ризқланар эдилар. Имом Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳ ҳар йилда иккита мусҳаф кўчиришини ва иккала мусҳафни сотиб, бирининг пулини Ҳарами шарифдаги фақирларига садақа қилишини ва иккинчисининг пули эса бир йил давомида ўз эҳтиёжи учун ишлатишга етганини айтганлар. Бундан ташқари ёзган мусҳафларининг атрофига тафсир ҳам ёзган. Бу тафсири ҳозирга қадар етиб келган  бўлиб Туркияда сақланади.

Шайх Муҳаммад  Абд ал-Ҳалим ан-Нуъмоний роҳимаҳуллоҳ “Ал-Имам Али ал-Қори ва асаруҳу фий илм ал-ҳадис”, асарида аллома ҳақида шундай деганлар:

“Али ал-Қори китобларини сотиб топган маблағга қаноат қилиб яшарди. Шу қаноати туфайли у зуҳд, иффат ва тақдирга ризолик, топганига кифоя қилиш даражасига етди. Одамларга кам аралашарди. Тақвоси ва ибодати кучли эди…”. Аллоҳ Мулла Али ал-Қори роҳимаҳуллоҳни ўз раҳматига олсин.

Тошкент ислом институти 3-курс талабаси
Мақсудали ҚОСИМОВ

218770cookie-checkМОҲИР ХАТТОТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: