islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Руҳларнинг жасаддан чиқиши

Қалбларга завқ берар мисли хушхабар,

Зилол сув етгандек ҳаёт жонланар.

Ушбу ёзилган мисралар ўқувчига роҳатбахш хушхабардек тасалли беради ва ўта чанқоқ одамнинг мусаффо зилол сув ичгандаги жонланишидек инсон руҳи­ятини жонлантиради. Чунки бу мисраларда мусаффо эътиқод баён қилинган. Мусаффо эътиқод эса, зилол сув чанқаган одамга роҳат бағишлаганидек роҳат бахш этади. Шу маънода ушбу баён қилинган ақидавий масалалар ҳам ўқиган кишининг қалбига тасалли бериб, ҳузур бағиш­лайди роҳат, руҳиятини озиқлантиради. Руҳ озиқлан­ганда эса, бутун тана роҳатланади. Бу шундай роҳатки, бошқа бирор лаззат унга тенглаша олмайди. Чунки тана озуқалари орқали ҳосил бўладиган лаззатлар ортида машаққатлар туради. Бу роҳат ортида эса англанган сайин хурсанд бўлиш ва кўнгил кўтари­лиш юз беради. Ҳа, киши қандай улуғ Зотга банда эканини англаса, бу дунёдаги қийинчилигу машаққатлар­нинг барчаси тезда ўтиб кетишини тушунса, қилаётган озгина ҳаракатларига қанчалар улуғ мукофотлар ваъда қилинганини ҳис этса, ўзининг нақадар фахру ифтихор қиладиган улуғ обрў-мартабада эканини англайди. “Улуғ тасаввуф олимлардан бири Бишр раҳматуллоҳи алайҳ ушбу шеърни қайтариб юраркан:

Сенинг қулинг бўлмоқлигим ифтихорим, фахримдир,

Менинг Раббим бўлмоқлигинг шонимдир, шарафим­дир[1].

Олимлардан бири “Дунёдаги энг тотли нарсани татиб кўрмасдан ўтиб кетган кишилар дунё аҳлининг энг бечораҳоллари ҳисобланади,” дебди. Шунда ундан: “Энг тотли нарса нима?” деб сўрашибди. У: “Аллоҳ таолони таниш дунёдаги энг тотли нарсадир” – дея жавоб берган экан.

Матнда баён қилинган мисраларнинг руҳни жонлантириши баён қилинди. Руҳ ҳақида Қуръони каримда бундай хабар берилган:

(Эй, Муҳаммад!) Сиздан руҳ ҳақида сўрайдиларАйтинг: «Руҳ фақат Раббимнинг ишидандир». Сизларга эса оз илм берилгандир (Исро сураси, 85-оят).

Яъни, руҳнинг нима экани фақатгина Аллоҳ таоло билади­ган махфий нарсалардан ҳисобланади. Инсон­лар­га бу тўғрисида оз илм берилган, шунга кўра, улар кўп нарсалар ҳақида эшитдик, итоат қилдик, дейишдан ўзга чоралари йўқдир.

Имом Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий “Ҳужжатуллоҳил Болиға” китоби­да “Руҳнинг ҳақиқати” номли алоҳида боб ажратганлар ва ўша бобда қўйидагиларни ёзганлар: “Руҳ тўғрисида идрок этила­диган нарсаларининг энг биринчиси шуки, у тирик жонзотлар­даги ҳаётнинг асосидир. Жонзотлар руҳ пуфланиши сабабли тирилиб, унинг ажралиши сабабли ўладилар”[2].

Саҳоба ва уламолар руҳ масаласида бирор фикр айтган бўлсалар, улар бу борада, албатта, бирор далилга асосланиб айтган бўладилар. Зотан, руҳ масаласи ғайб оламидир. Бу борада инсоннинг ақли ноқисдир.

Шунингдек, олимлар руҳ масалаларини чуқур шарҳ қилмаганлар. Чунки аксар халойиқ руҳоният оламини билмаслар. Ҳар киши ҳам руҳониятни (яъни, руҳий олам ишларини) фаҳм қилмоққа қодир эмас. Шунинг учун руҳ хусусида келган қатъий далилларни келтирамиз:

Руҳлар 4 хил бўлади:

  1. Авлиёларнинг руҳлари. Уларнинг руҳлари жасаддан чиқиб, мушк ва кофур суратини касб этадилар. У зотларнинг руҳлари жаннатда бўлади, у ерда еб-ичиб, неъматлардан баҳраманд бўладилар. Кечаси тушганда эса, Аршнинг остида осилган қандилларга чиқадилар.
  2. Шаҳидларнинг руҳлари. Уларнинг руҳлари жасадла­ридан чиққанидан кейин жаннатдаги яшил қушлар қорни­да жойлашадилар. Еб-ичадилар ва неъматлардан баҳраманд бўладилар. Бунга Аллоҳ таоло­нинг қуйидаги ояти далолат қилади:

«Аллоҳ йўлида қатл бўлганларни ўликлар деб ҳисобла­мангларБалки улар тирикРаббилари ҳузурида ризқлан­моқдаларУлар Аллоҳ Ўз фазлидан берган нарсалардан хурсандлар…» (Оли Имрон сураси, 169–170-оятлар).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳ  йўлида  ўлдирилганларни  асло  ўликлар  деб  ҳисоб­ламанг!  Аслида  (улар)  тирикдир  – Парвардигорлари ҳузурида (жаннат неъматларидан) ризқланиб турурлар” ояти ҳақида сўраганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уларнинг (шаҳидларнинг) руҳлари яшил қушнинг қорнида, аршнинг остида осилган қандилларда бўлади. Жаннатда хоҳлаган жойига сайр қилиб юради. Сўнг ўша қандилларга яна қайтади», – дедилар. Имом Муслим ривояти[3].

  1. Итоаткор ва осий, гуноҳкор мўминларнинг руҳлари. Итоаткор мўминларнинг руҳлари жаннатдаги ҳеч нарсадан баҳрамандлик топмайдилар, лекин жаннатга қараган ҳолда бўладилар. Гуноҳкор мўмин­ларнинг руҳлари ҳавода юради. Бунга далил:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «….Итоаткор мўмин­ларнинг руҳларига келсакжаннат боғларида бўладиюҳеч нарса емайди ва ҳеч нарсадан баҳраманд бўлмайдиЛекин жаннатга назар солиб турадиОсий (гуноҳкор) мўминларнинг руҳлари эсаер ва осмон орасида ҳавода бўлади….». Имом Муслим ривояти.

  1. Кофирларнинг руҳлари. Уларнинг руҳлари етти қават ер остида, Сижжийнда бўлади. Уларнинг руҳлари азоб чекади. Бунга далил:

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «…. Кофирларнинг руҳлари етти қават ернинг остида Сижжийнда қора қушларнинг қорнида бўлади. Уларнинг руҳлари жасадларига муттасил бўлади. Руҳлари азобланганда жасадлари алам чекади. Ҳудди қуёшга ўхшайди, ўзи осмонда, нури ерда». Имом Муслим ривояти.

Шунингдек, киши ухлаганда руҳи ундан чиқади. Шу билан бирга у (руҳ) алам чекса, бадани ҳам алам чекади. Ёки унга бирор роҳат етса, (вужуд) ҳатто жилмайиб, кулади[4]. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далолат қилади:

«Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларни эса, уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур…» (Зумар сураси, 42-оят).

Ҳар лаҳзада қанчадан – қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам кунига маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Шунда унинг жони нима бўлади? Бу саволларга юқо­ридаги оят жумласида жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳ­дир. Тандан жон чиқиши катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.

 

Ояти карима ва ҳадиси шарифлар чиндан ҳам ўлим­нинг ҳақиқати жасаддан руҳнинг ажралиб чиқи­шига далолат қилади. Чиндан ҳам руҳ шундан кейин ё азобда, ё неъматда бўлади. Ҳақиқатдан ҳам, руҳнинг ўзи турли хафачилик ва ғамлар билан алам тортади ва тана аъзоларига тааллуқли бўлмаган ҳолда, хилма-хил шодлик ва хурсандчиликлар билан шодмон бўлади. Бу ҳолатлар руҳнинг ўзига хос сифатидир. Руҳга тегишли сифатлар руҳ жасаддан айрилганидан кейин унинг билан қолади. Аъзолар воситаси билан боғлиқ барча сифатлар жасад ўлиши билан то жасадга қайтадан руҳ келгунга қадар фаолиятини тўхтатади. Руҳ қабрда жасадга қайтиб келишигача бу сифатлар ундан узоқ­лашмайди ва руҳ қиёмат куни қадар кечикса ҳам, бу сифатлар узоқлашмайди. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бирига нимани ҳукм этган бўлса, Ўзи билгувчи Зотдир.

Ўлимнинг маъноси – бадандан руҳ тасарруфотининг узилиши (кесилиши). Ўлим баданнинг руҳга сабаб бўлишдан чиқиши ва инсон мол-мулки, аҳлу аёлидан узилиб, бу оламга номуносиб бошқа бир оламга тортилиши (ўтиши)дир. Агар бу дунёда уни хурсанд қиладиган ва истироҳатини таъминлайдиган нарсаси бўлса, ўлим­дан кейин хасрат-надомати катта бўлади. Агар у бу дунёда Аллоҳнинг зикри билан суҳбат топишда шод-ҳуррам бўлса, ўлимдан сўнг унинг неъмати улуғ бўлиб, саодати камолотга етади. Агар у маҳбуби билан холи қолса, ундан турли тўсиқ ва машғул этадиган сабаблар кесилади. Зеро, дунёнинг ҳамма икир-чикирлари Аллоҳ зикридан машғул этувчидир[5]
.

 

 Тошкент ислом институти Ҳадис ва ислом тарихи фанлари

кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан

 

[1] Ҳофиз Ибн Ражаб. “Шарҳу ҳадис Лаббайкаллоҳумма лаббайк”, 67-бет.

[2] 1-жуз 52-бет.

[3] Абул Муъин ан-Насафий. «Баҳрул-калом». Байрут: «Дорул-кутубул-илмия», 2005, 165-бет.

[4] Абул Муъин ан-Насафий. «Баҳрул-калом». Байрут: «Дорул-кутубул-илмия». 2005, 166-бет.

[5] Аҳмад ибн Қудома Мақдисий. «Минҳожул қосидин». Тошкент. «Мовароуннаҳр» нашриёти. 2014, 442, 443-бет.

218730cookie-checkРуҳларнинг жасаддан чиқиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: