islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Настаълиқ хатининг шаклланиш тарихи

Настаълиқ хати араб мумтоз хат услубларидан бири бўлиб, XIV асрда ижод этилган.

“Қиблат ул-куттоб” (“Котибларнинг пешвоси”) унвони билан шарафланган хаттот Хожа Мир Али Табризий (1330-1405) настаълиқ хатининг ихтирочиси ҳисобланади.

Бу хат “насх” ва “таълиқ” хат услублари асосида яратилган бўлиб, ҳарфларнинг 5/6 қисми эгри ва 1/6 қисми тўғри чизиқлар асосида ёзилади. Настаълиқ хати асли “насхи таълиқ” бўлиб, енгиллик учун “настаълиқ” деб аталган.

Дастлаб, бу ёзувдан мўътабар қўлёзмаларни, расмий ва шахсий ёзишмалар, асосан, бадиий адабиёт намуналарини кўчиришда ва алоҳида қитъаларни битишда фойдаланилган.

Кейинчалик бу ёзув китобат санъатидан “насх” ва “сулс” ёзувларини сиқиб чиқарди. Хожа Мир Али Табризий настаълиқ хатига хос бир йўл билан олти турли хат асосида алоҳида хат ихтиро қилган хаттот. У Амир Темур даврида (1369–1405) яшаган ва кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Унинг шогирдларидан бири – Мавлоно Жаъфар, Шоҳруҳ Мирзо замонида хушхатликда ном чиқарган, иккинчиси Мир Абдулҳай эса Абу Саъид замонида яшаб, китобат санъатида, иншо ва таҳрирда тенгги йўқ котиб бўлган.

Мир Али Табризий настаълиқ хатининг қонун-қоидалари баён этилган рисола яратган. У кўчирган қўлёзмалар, жумладан, Кирмонийнинг “Хумой ва Ҳумоюн”, “Камолнома”, “Равзат ал-анвар” достонлари (1396 йилда кўчирилган, ҳозирда Британия музейида сақланади), Саъдийнинг “Куллиёт”и, “Бўстон” асари (1377), Низомий ва Деҳлавийнинг “Хамса” достонлари (Эрон миллий кутубхонасида) ва қитъалар (1 донаси Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонасида) бизгача етиб келган.

Бу хат турини “настаълиқ” деб номланиши ҳақида бир қанча қарашлар мавжуд:

А) Султонали Машҳадийнинг таъкидлашича, Мир Али Табризий бу хатни  насх ва таълиқ ёзувлари асосида яратган.

Б) Мир Али Табризий замонигача ва ундан кейин ҳам китобларнинг асосий матни саҳифа ўртасига насх хатида ёзилар, матнга таъаллуқли изоҳлар ёки шарҳлар таълиқ хатида матн ёнларига ёзилар эди. Яъни насх ва таълиқ хатлари ёнма-ён қўйилар ва иккисини бир-бирига изофа қилиб насхтаълиқ деб ҳам атала бошлади. Бу хат ихтиро қилингач, “настаълиқ” деб аталди. Гўё бу хат таълиқ хатини насх қилди (амалдан қолдирди) деган маъно касб этди.

В) Настаълиқ хати деб номланиши ҳам фақат Мовароуннаҳр ва Хуросон ўлкаларига хос. Чунки бу ёзув турини бошқа жойларда “форсий хат” деб айтилади.

Бу хат тури Ўрта Осиё, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон ва Ҳиндистонда кенг таркалган.

Жаъфар Бойсункурий, Азҳар Табризий, Султонали Машхадий ва унинг шогирдлари “настаълиқ” хат турида ижод қилган. Айниқса, XVI аср бошларида яшаган Мир Али Ҳиравий настаълиқ хати услубини Мовароуннаҳрда тарқалишида юксак хизмат кўрсатганн хаттотлардан бўлиб, шогирларидан – Мирзо Ёдгор, Мирзо Фатҳуллоҳ Мунший, Мирзо Исматуллоҳ Мунший, Домло Бобобеклар бу хат турини дунё миқёсидаги ўрнини янада кўтардилар.

Насатълиқ хати диёримизда катта нуфузга эга бўлган Бухорода кенг тарқалган.

Домло Бобобек ёки Исматиллобек уларнинг ёзган хатлари бугунги кунда эронликларни ҳам ҳайратга солганидан: “Шундай чиройли ёзса ҳам бўладими”, дея этироф этишади. Чунки Бухоро хаттотлари жуда ҳам нозик ёзишга катта этибор беришган. Эронликлар бугунги кунда ўзларига настаълиқ хатини миллий хат қилиб олганлар. Эронда бу анъана Мир Имод замонида катта мавқеъга эга бўлган. Лекин Бухоро хаттотлари Мир Али Ҳиравийнинг тартибларини ўзларига стандарт йўналиш қилиб олганлар ва шу асосда ёзганлар ҳамда у кишини ўзларининг пирлари деб ҳисоблашган.

Дарвиш Муҳаммад («Фавоид ул-хутут»), Мунис Хоразмий («Саводи таълим») ҳамда Муҳаммад Азим («Миръоти таълим») асарларида “Настаълиқ” хатининг асосларини ўрганиш баён этилган.

Қуйида  настаълиқ хати ёзилиш графикаси ва машҳур хаттотларининг ушбу хат турида битилган намуналари келтирилади:

Мураққа. Настаълиқ хатида кўчирилган. XVI аср.

Бухоролик хаттот Мир Али Котиб Ҳиравий (Фатҳобидий) (ваф. 1559).

Қоғоз, тилла суви, сиёҳ бўёқ. Ўлчами 29х18 см.“Абри баҳор” қоғозига китобат қилинган. Хат охирида “Фақир Мир Али Котиб” деб ёзилган.

Домло Бобобек хаттотлик мактабида ёзилган настаълиқ хатининг мураккаботи. Бухоро ХIХ аср. қоғоз, сиёҳ, сувбўёқ.
Настаълиқ хатида кўчирилган абжад.

Домло Бобобек шогирди хаттот Абдуллоҳбек Котиб (ваф.1914).

Бухоро, XX аср. Қоғоз, сиёҳ, сувбўёқ. Ўлчами: 21х10 см.

 

Мураққа. Настаълиқ хатида кўчирилган. XIX аср. Бухоролик хаттот Мирзо Саримсоқбек Дизахий (Жиззахий). (ваф. тах. 1836/1837). Қоғоз, тилла суви, сиёҳ бўёқ. Ўлчами 28х18 см. Абри қоғозига китобат қилинган.

Не бахтки, ёр бирла ўлтурса киши,

Йиғлаб-йиғлаб дардини билдурса киши.

Не бир ҳамдамки, чорасин сўраси киши,

Яқиндурким ўзини ўлдурса киши.

Асроров Козимхон Олимхон ўғли,

Тиллар кафедраси ўқитувчиси ва

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат

ўзбек тили ва адабиёти университети

магистранти

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Абдулла Аъзамов. “Абжад, тарих ва дисплей” мақола.

2.Абдуллоҳ Салоҳиддин, Раҳматуллоҳ Мирзақосим “Тажвид”. – Мовароуннаҳр, 2006 й.

  1. Абдулғофур Раззоқ, “Ҳуснихат дурдоналари”. – Мовароуннаҳр, 2008 й.
  2. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, “Хаттотлик санъати тарихидан”. Мақола
  3. Бахтиёр Иброхимов, Исмоил Охунов, Музаффар Хўжаев. “Араб тили”. – Тошкент Ислом Университети, 2008 й.
  4. Виктор Драчук “Ёзувлар – ўтмиш сирлари шоҳиди”. 1976 й.
  5. Исхоқхон Тўра Ибрат. “Жомеъул – хутут” – 1330 ҳижрий.
  6. М.Қодиров, М.Ҳакимжонов. “Алифбо”.– Ўқитувчи, 1992 й.
  7. Масъудали Ҳакимжон. “Хатти муъаллимий” . – Меҳнат, 1991й.
  8. Мирқобил Хасанов. “Араб тили дарслиги” . – Ниҳол, 2007 й.
  9. Р.Жуманиёзов. “Эски ўзбек ёзуви”. – Ўқитувчи, 1989 й.
  10. Ҳабибулло Солиҳ. “Алифбо”. – Тошкент: Фан, 1989й.
220630cookie-checkНастаълиқ хатининг шаклланиш тарихи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: