islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

ГУНОҲЛАРГА КАФФОРАТ ИБОДАТ

Ҳажни бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду сано бўлсин. Умматларига ҳаж амалларини бажаришда намуна бўлган зот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавоти саломлар бўлсин.

Ҳаж улуғ ибодат бўлиб, у Ислом арконларидан бири. Балоғатга етган, ақлли, ҳур ҳамда йўлига қодир бўлган барча мўмин ва мўминаларга умрида бир бор ҳаж қилиш фарздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “…Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир…” (Оли имрон, 97).

Банда ҳаж қиларкан ёлғиз Аллоҳ таолони ният қилиши лозим. Унинг розилигини қасд қилиб, савоб беришини умид қилиши керак. Ҳаж сафарида тижорат, саёҳат ва шунга ўхшаш ўзга нарсани ният қилса, ҳадиси шарифда ваъда қилинган гуноҳлар кечирилиш мақомига эришолмайди. Чунки ким нимани ният қилса ўшанга етади. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биринчи умра иккинчи умрагача бўлган гуноҳларга каффоратдир. Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдир”, деганлар (Имом Бухорий, Муслим ривояти). Ҳаж сафарига Аллоҳ таолодан ўзга нарсани қасд қилган кимса, ният қилган нарсасига эга бўлиб, буюк мукофотдан маҳрум бўлади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ учун холис ҳаж қилиб, фаҳш сўзларни гапирмаса ҳамда гуноҳ қилмаса, у ҳаждан (гуноҳлари кечирилиб) онадан туғилган гўдакдек қайтади (Имом Бухорий ривояти). Ҳажжи мабрур бандани Аллоҳ таолонинг розилигига олиб борувчи йўл экани ҳадисда ифодаланмоқда. Ҳаж даврида уят сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолга қайтадилар. Чақалоқ Ислом фитратида туғилиб, у барча гуноҳлардан маъсум бўлади. Ким мазкур ҳадисдаги каби холис Аллоҳ таолони ният қилиб, тилини чақимчилик, бўҳтон, ғийбат, тилёғламалик ҳамда масхара каби фаҳш сўзлардан тийиб, барча гуноҳлардан сақланган ҳолда ҳаж ибодатини бажарса, у чақалоқ каби маъсум ва гуноҳлардан фориғ бўлади. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳаж одатда кишига умрида бир марта бериладиган фурсат. Ундан ҳар бир ҳожи унумли фойдаланиши лозим. Бунинг учун ҳажга боришдан аввал сафар, улуғ ибодатнинг илмини ўрганиб олмоғи керак.

Ҳаж гуноҳларни ўчиради. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Масжидул Ақсодан Масжидул ҳаромга ҳаж ёки умра учун эҳром боғласа, унинг аввалгию, охирги гуноҳлари мағфират қилинади ёки унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти). Бошқа ҳадисда бундай дейилади: “Ҳаж билан умрани кетма-кет қилинг. Албатта, иккиси худди босқон темир, тилло ва кумушнинг кирини кетказганидек фақирлик ва гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг жаннатдан бошқа савоби йўқ” (Имом Насаий ва Имом Термизий ривояти). Ҳаддодлар темир ва бошқа маъданларнинг занги ва кирини яхшилаб кетказиш учун босқонни кетма-кет босиб, болғани устма-уст урадилар ва мақсадларига эришадилар. Гуноҳларини кечирилишини ва фақирликдан қутилишни ният қилган банда ҳам ҳаждан кейин умра қилмоғи мақсадга мувофиқ.

4-курс талабаси Ш.Мамарасулова

221140cookie-checkГУНОҲЛАРГА КАФФОРАТ ИБОДАТ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: