islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Инсон мияси шунчалик сирлими – одамзод нега ўз миясини ҳануз била олмаяпти?

Инсон мияси шунчалик сирлими – бугунги олимлар ҳам инсон мияси қаршисида ожиз. Улар ҳалиям мия бутун борлиқдаги энг мураккаб ва сирли тузилма, дейишмоқда. Қандай қилиб инсон миясидаги нейронлар сони галактикамиздаги юлдузлардан кўп?

Қисқача: Кейинги ўн йилликларда биз мия ҳақида бутун инсоният тарихи давомида бўлгандан кўра кўпроқ нарса ўргандик. Аммо у ҳамон сирли аъзолигича қолмоқда, бутунбошлик сирлар ўз кашшофини кутиб турибди, дейди нейробиолог Факундо Манес. Унинг сўнгги китоби “Келажак мияси”, деб аталади.

Facundo Manes

Нейробиолог Факундо Манес

Гарчи сўнгги йилларда илмий тадқиқотларда сезиларли илгари силжиш кузатилган бўлса ҳам, мия ҳамон сирли аъзолигича қолмоқда, унинг бутунбошлик сирлари ўз кашшофини кутиб турибди.

Аммо шу кунгача бу борада билганларимиз соҳасида жуда оз одам бу аъзо ҳақида Факундо Манесчалик билади. У мияни ўзининг асосий тадқиқот объектига айлантирган.

Аргентинада туғилган Манес Кембриж университетида тан олинган тадқиқотлар қилганларга бериладиган энг юқори даража – докторлик даражасига эга.

У бир нечта китоблар муаллифи ва оммани нейробиология соҳасидаги сўнгги янгиликлардан бохабар қилувчи ТВ дастурлари юлдузи.

Унинг охирги китоби “Келажак мияси” Матео Ниро билан ҳамкорликда ёзилган бўлиб, испан тилида нашр қилинди.

Унда янги технологияларнинг мияга таъсири, нейроэтика ва фаннинг ижтимоий муаммоларни ҳал қилишдаги роли баён қилинган.

Мия нимаси билан бу қадар ҳайратланарли?

Illustration of neurons in the brain
Мия ўзини тушунтиришга ҳаракат қиладиган ягона орган, дейди Манес

Мия шуниси билан ҳайратланарлики, у бошқа аъзолардан фарқли ўлароқ ўзини ўзи тушунтиришга интилади.

Нима қилсак барчасини – нафас олишдан тортиб мана шу интервьюни ўқишу фалсафий масалалар устида мулоҳаза қилишгача, у орқали англаймиз.

У бутун борлиқдаги энг мураккаб ва сирли тузилмадир. Ундаги нейронлар сони галактикадаги юлдузлардан кўп.

У ҳақда қанчалик биламиз?

Кейинги ўн йилликларда биз мия ҳақида бутун инсоният тарихи давомида бўлгандан кўра кўпроқ нарса ўргандик.

Масалан, хотира биз шу пайтгача тасаввур қилгандек турли хотиралар сақланадиган қути эмас, балки бизнинг энг охирги хотирамиздан иборат эканини асосладик.

Биз ҳозир нейронлар ҳатто улғайганимиздан кейин ҳам, бутун ҳаётимиз давомида пайдо бўлиб, янгиланишини биламиз.

A group of boys playing with educational toys; stock photo
Бизнинг миямиз болалик даврида ривожланиб, вояга етгунча ҳам тараққий этишда давом этади

Биз ҳозир эмпатия қандай пайдо бўлишини, тилнинг муҳим марказларини, ҳиссиёт механизмларини, атроф дунёни кўриш ва тушунишда иштирок этадиган миядаги нейрон тармоқларини биламиз.

Психологик ва нейрологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича сезиларли илгарилаш амалга оширилди ва биз ўрганиш жараёни қандай кечиши ҳақида билимимизни янада чуқурлаштирдик.

Мия ҳақидаги билимимиз ҳам шахснинг, ҳам жамиятнинг ҳаёт сифатини яхшилашга ҳисса қўшади.

Мия ҳақида нималар ҳали ўрганилиши керак ва бу қачон амалга ошади?

Биз миядаги хусусий, алоҳида жараёнларни ўргандик, аммо уни бир бутун шаклда тушунтириб берадиган назария ҳануз мавжуд эмас.

Шунингдек, янги билимлар янги саволларни ўртага чиқармоқда. Биз ўзимизга савол бера бошладик, миянинг барча жумбоқларини еча оламизими?

Мия мукаммал машинами?

Brain scans
Ҳаётимиз давомида бизнинг миямиз доимо ўзгариб туради

Мукаммаллик ҳақида эмас, мураккаблик ва имконият ҳақида гапирган бўлардим.

Бутун ҳаётимиз мобайнида миямиз тўхтовсиз ўзгаради. У жуда қайишқоқ ва мослашувчан аъзодир.

Нейропластиклик – нерв тизимининг ўзгаришларга мослаша олиши нейронларга янги боғланишлар ҳосил қилиш, муҳитдаги ўзгаришларга ҳамоҳанг шаклда жавоб қайтариш орқали ўзини қайта ташкиллашига имкон беради.

Бошқача айтганда, бизнинг ҳар бир янги тажрибамиз миямизни ўзгартиради. Бу инсон зоти эволюцияси ва мослашиши механизмларидан биридир.

Сизнинг охирги китобингиз “Келажак мияси” деб аталади. Келажак онги қандай бўлади?

Анатомик жиҳатдан мия асрлар давомида ўзгармайди.

Ривожланаётган янги технологиялар ёрдамида эҳтимол келажакда бизнинг миямиз ген муҳандислиги ва қобилиятларимизни кучайтирувчи биотехнологиялар таъсирида ўзгарар деб ўйлашимиз мумкин.

Бугун биз сунъий танлаш орқали генларни манипуляция қилишимиз ва биологик хусусиятларни ўзгартиришимиз мумкин.

Бизнинг миямизга янги технологиялар таъсир қилиши мумкин, аммо унинг ўрнини сунъий ақл эгалламайди, дейди Манес

Технология пластикдан қилинган тери ва кўзнинг сунъий шох пардаси каби сунъий тўқималарни ўстириш имконини беради.

Келажак бир неча юз йилда мияни ташкил қилувчи нейрал тўқималарни ўстириш ёки яратиш имконияти пайдо бўлиши мумкин. Бу эса дементиа каби ҳозирда давоси бўлмаган касалликларни даволашда катта ўзгаришлар қилиши мумкин.

Айрим одамлар янги технологиялар миямиздан фойдаланишни тўхтатишга имкон беради деб ўйлайди. Шундай бўлиши мумкинми?

Йўқ, ҳеч қачон. Ҳеч нарса миянинг ўрнини босолмайди.

Бизнинг онгимиз шунчаки маълумотлар процессори эмас. Бошқа одамларнинг фикрларини тушуниш, бошқаларнинг оғриғини ҳис қилиш ва уларга жавоб бериш қобилияти ҳақида ўйлаб кўринг.

Эмпатия, алтруизм ва ҳамкорлик ҳар қандай машинага бегона қобилиятлардир, булар ҳаётимизнинг узвий бўлаги.

Инсонлар ижтимоий мавжудот эканини унутмаслигимиз керак.

A boy kisses his father's cheek as they pose for a selfie
Севги, ҳамдардлик ва раҳм-шафқат ҳақида гап кетганда машиналар бизнинг ижтимоий миямиз ўрнини боса олмайди

Мия миллион йиллар мобайнида тадрижий ривожланган. Ана шу ривожланиш сунъий ақл, янги технологиялар ва бошқа омиллар сабабли ортга қайтиши мумкинми?

Мия миллион йиллик эволюция маҳсули, демак мия даражасида ўзгаришларни сезиш учун минг йиллар керак бўлади.

Ўз тарихимизга боқсак, ўтган 200 000 йилда инсонлар ташқи қиёфасида катта жисмоний ўзгаришлар бўлганини кўрамиз.

Келгуси бир неча аср ичида мия тузилишида кескин бирор ўзгариш бўлишини тасаввур қилиш қийин.

A woman with a mobile phone
Манеснинг таъкидлашича, янги технологиялар миянинг ривожланишини тўхтата олмайди, аммо биз улардан фойдаланишнинг салбий оқибатларини кузатиб боришимиз керак

Маълумотларни эслаб қолиш, муайян математик ҳисоблашларни амалга ошириш каби функциялар камайгани учунгина эволюция ортга қайтмайди, чунки бошқа функцияларга талаб кўпаяди.

Аммо технологияга меъёрдан ортиқ қарам бўлиб қолиш ортидан келиб чиқадиган стрессдан ҳимояланиш жуда муҳим, чунки, биламизки, сурункали стресс соғлиғимиз ва миямизга салбий таъсир қилади.

Шахсимизни миямиз белгилайдими ёки ҳиссиётларимиз?

Яхши савол. Биз иккисимиз, чунки булар алоҳида нарсалар эмас.

Ҳиссиётлар мияда ўрнашган ва ҳаётимизда марказий ўрин тутади. Улар хотирамизга таъсир қилади, чунки бизни ҳаркатга сола оладиган ҳар нарса хотирага яхши ўрнашади.

Масалан, одам 2011 йил 11 сентябрида Эгизак биноларга ҳужум бўлган пайтда ўзи қаерда ва нима иш қилаётган бўлганини яхши эслайди, аммо ўшандан бир кун аввал нима қилганини эслай олмайди.

Боз устига, ҳиссиётлар бизнинг қарор қабул қилишимизга таъсир ўтказади.

Содда қилиб айтганда, қарор қабул қилишимиз икки тур тизим орқали бўлади: автоматик ва тез – бу эволюцион меҳанизм маҳсули ва бошқаси, секин ва рационал.

Кун давомида сониянинг мингдан бир улушича вақт оладиган кўплаб қарорларни қабул қиламиз. Булар ҳиссиётлар билан белгиланадиган автоматик танловлардир.

Секин тизим орқали, вазиятни тарозига солиб, чиқарадиган қарорларимиз эса жуда оз.

Ҳиссиётларимиз бизни йўналтиради. Ақл одатда қилиб бўлган қарорларимизни изоҳлайди.

Коронавирус пандемияси мияларимизга қандай таъсир қилиши мумкин?

Пандемия бизни юқори даражадаги стресс ва безовталикка дучор қилмоқда

Пандемия руҳий саломатликка салбий таъсир қилмоқда. Жуда кучли стрессга дучор бўлганмиз. Кундалик одатий ҳаётимиз издан чиққан, қўрқяпмиз, ўз яқинларимиздан ажраляпмиз.

Доимий қилган ишимизни қилмасдан, ўзимиз одатланмаган ишларга ўрганиш кўп куч талаб қилади.

Шу каби, пандемия сабабли келиб чиққан иқтисодий қийинчилик кучли ижтимоий тушкунликка сабаб бўлади, бу эса руҳий бузилиш омилларидан биридир.

Тадқиқотлар узоқ муддатли карантин ҳиссий чарчоқ ва стресс, депрессия, уйқусизлик, хавотир, жиззакилик ва умидсизликни келтириб чиқаришини кўрсатмоқда.

Мана нима учун тўйиб ухлаш, соғлом овқатланиш, чекмаслик, алкогол ва наркотикдан тийилиш каби соғлом турмуш тарзи муҳим.

Биз кун тартибига амал қилишимиз, одатий вақтда уйқуга ётиш, уйғониш, ишлаш, ўқиш ва машқ қилишимиз керак.

Ижтимоий алоқаларни сақлашимиз лозим, чунки бу алоқалар нормал ҳаёт туйғусини пайдо қилади, ҳиссиётларимизни бошқалар билан ўртоқлашишга имкон беради. Кўп жойларда юзма-юз кўришиш қийин, аммо технология шарофати билан доимий алоқаларни сақлаш мумкин.

Ўзимизга бироз дам беришимиз керак. Ойлар давомида пандемияда яшаб, аввалгидек қувват, диққат ва иш кўрсатолмаслигимиз табиий.

222040cookie-checkИнсон мияси шунчалик сирлими – одамзод нега ўз миясини ҳануз била олмаяпти?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: