Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга саловату дурудлар бўлсин.
Халқимизнинг динга бўлган ихлоси юқори бўлганидан динни ўрганишга бўлган қизиқиши жуда кучли. Аслида шундай бўлиши ҳам керак, чунки динига амал қиламан деган одам, албатта, уни билиши керакда. Билмаса, қандай амал қилади. Мусулмон инсонни динини ўрганиши таҳсинга сазовар. Аммо бугунги кунимизда бўлиб турган кўпгина ихтилофлар динни ўрганишдаги хатолардан келиб чиқмоқда. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари (Аллоҳ раҳматига олсин) мана шундай янглиш тушунчалар борасида “динимизни тартибли равишда ўрганмаганимиздан”, – дер эдилар.
Аллоҳга минглаб шукр қиламан динимизни мадраса ва маъҳадда устозлар қўлида тартибли равишда ўрганиш насиб қилиб турибди. Илм олиш жараёнида устозларимизнинг ҳар бир айтган ўгитларининг муҳимлиги кундан кун равшан бўлиб бормоқда. Ҳақиқатда таълимда тартиб бўлмаса кўп ўринларда хато тушунчалар юзага келиши мумкин.
Устозимиз Шайх ҳазратларини (Аллоҳ раҳматига олсин): “Ҳанафий мазҳабимиз уламолари бир масалада ҳукм олиш учун бу борада келган барча далилларни чуқур ўрганиб, бир бирига солиштириб чиққандан сўнг хулоса қиладилар”, деган гапларини ўқишга киришимдан олдин ўз савиямда тушунар ва ҳатто масжидда ишлаган вақтларим бошқаларга ҳам тушунтиришга ҳаракат қилар эдим. Кейинчалик институтга кириб таҳсил олиш давомида динимизни кенгроқ ўрганиш насиб қилиб, бу гаплар нима учун айтилганини яхшироқ англай бошладим. Айниқса ҳадис, фиқҳ ва усулул фиқҳ фанларини ўрганиш жараёнида бу айтилган фикрлар жуда ўринли эканига ўзим гувоҳ бўлиб турибман. Мўтабар ҳадис китобларини ўқиш мобайнида мазҳабимиз оят ва ҳадислар орасидаги мувозанатни ўз ўрнига қўйиб, ҳадисларга ўз ҳаққини бериб, уларга қандай, қай тартибда амал қилганини кўриб ҳайратланмасдан иложингиз йўқ.
Бу ерда энг муҳими ўша илмни сизга етказаётган устоздир. Устозларимизнинг барчаларидан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин. Ўзимча бир ўхшатиш қилсам: илмни инсон десак, инсон жасад ва руҳдан таркиб топган. Агар бири бўлмаса у инсон дейилмаганидек илм ҳам фақат маълумотни билиш билан илм бўлиб қолмайди, балки уни устоз орқали ўрганганизда руҳ киради ва илм бўлиб устоз қалбидан сизнинг қалбингизга ўтади.
Бу ҳиссиётни сўз билан таърифлаб, мисол билан тушунтириб бўлмайди. Саҳобаи киромлар нимага бутун башариятнинг Пайғамбар адайҳиссаломлардан кейинги энг афзали бўлдилар. Чунки уларнинг устози башариятнинг энг катта муаллими эди. Сиз ҳам динни яхшилаб ўрганмоқчи бўлсангиз имкон борича Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга силсиласи боғланган, Саҳобаи Киромларнинг издошлари бўлган Раббоний уламоларнинг этагини тутинг. Бунга имкон бўлмаса ўша уламолар тавсия қилган аҳли илм шогирдларига боғланинг. Агар соҳангиз бошқа бўладиган бўлса диний ишларда уларнинг кўрсатмаларига амал қилинг.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو عَنِ النَّبِيِّ قَالَ: اسْتَقْرِئُوا الْقُرْآنَ مِنْ أَرْبَعَةٍ: مِنِ ابْنِ مَسْعُودٍ وَسَالِمٍ مَوْلَى أَبِي حُذَيْفَةَ وَأُبَيِّ بْنِ كَعْبٍ وَمُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қуръон қироатини тўрт кишидан: Ибн Масъуддан, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солимдан, Убай ибн Каъбдан ва Муоз ибн Жабалдан талаб қилинглар», дедилар» (Икки шайх ривоят қилишган).
Бошқа ўринда Саҳобалардан машҳур Қуръон ўргатувчилари еттита: Усмон ибн Аффон, Алий ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳумлар эканлиги ҳам ривоят қилинган.
Юқоридаги ривоятлардан кўриниб турибдики саҳобаи киромлар умматнинг энг афзал ва ишончли кишилари бўлсалар ҳам Қуръонни таълим беришда маълум қори саҳобалар хосланди. Ҳаммамиз биламизки иш қачон ўз аҳлига топширилса гўзал ва пухта бўлади. Юқорида санаб ўтилган саҳобаи киромлар ҳам бу илмда бошқалардан ўзиб кетган, Қуръонда моҳир бўлганлардан эди. Шунинг учун ҳам Муҳаммад алайҳиссалом таълимни уларга хослади. Худди шу анъана бугунги кунимизгача устоз шогирт кўринишида етиб келди ва иншааллоҳ қиёматгача давом этади.
Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръонни ўрганишни устозга боғлаяптилар. Бундан ҳам билсак бўладики илм уни ўргатишга ҳақли бўлган устоз орқали олинади.
Яна бир муҳим жиҳат бор у ҳам бўлса толиби илм қалбини поклаб, нийятини тўғри қилиши керак. Агар нийяти тўғри бўлмаса, олган илми ўзининг зарарига ишлаб қолади. Илмни ихлос билан ўрганса нафақат ўзига балки бутун жамиятга яхшилик олиб келади.
Ҳамма нарсанинг лаззати тугаши мумкин, лекин илмнинг лаззати тугамайди. Ишонмасангиз илм олинг ва бу лаззатни ўзингиз хис этинг.
Аллоҳим бизларни динингни тўғри ўрганиб, ўргатувчилардан қил.
Тошкент Ислом институти Таҳфизул Қуръон кафедраси
4-курс талабаси Иқболжон Қамбаров