Роббимиз Аллоҳга ҳамдлар, Саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин!
Эътикоф сўзи луғатда бир нарсани лозим тутиш ва бир жойдан чиқмасликка айтилади. Шариат истилоҳида эса мусулмон киши Аллоҳга ибодат қилиш нияти билан масжидда ўтиришига айтилади. Эътикоф Қуръон ва суннат билан собит бўлган.
Аллоҳ Таоло шундай марҳамат қилади:
وَعَهِدْنَا إِلَىٰ إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ أَنْ طَهِّرَا بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْعَاكِفِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ
«Иброҳим ва Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйинглар», деб амр қилдик» (Бақара сураси, 125-оят).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَعْتَكِفُ فِي كُلِّ رَمَضَانٍ عَشْرَةَ أَيَّامٍ، فَلَمَّا كَانَ الْعَامُ الَّذِي قُبِضَ فِيهِ اعْتَكَفَ عِشْرِينَ يَوْمًا.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари эса йигирма кун эътикоф ўтирдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Рамазонда эътикоф ўтириш жумҳур фақиҳлар ижмоси билан суннат амалдир. Эркаклар масжидда, аёллар ўз уйларидаги намозгоҳларида эътикоф ўтирадилар.
Эътикоф уч хил бўлади:
- Вожиб. Бунга назр эътикоф киради.
- Суннати муаккада. Бунга рамазон ойидаги охирги ўн кунлигидаги эътикоф киради. Уламолар буни суннати муаккадаи кифоя дейишган. Яъни, баъзи одамлар бажарса қолганлардан соқит бўладиган суннат.
- Мустаҳаб. Бунга юқорида зикри ўтган эътикофлардан бошқаси киради.
Рамазон ойидаги эътикоф шарталари:
- Ақлли бўлиш. Мажнун ёки маст кишининг эътикофи эътикоф бўлмайди.
- Рўзадор бўлиш. Рўза тутмаган инсоннинг эътикофи дуруст бўлмайди.
- Муддат. Суннати муаккада эътикоф бўлиши учун эътикоф ўтирувчи рамазоннинг охирги ўн кунида тўлиқ эътикофда бўлиши керак, ундан ози суннати муаккада эътикоф бўлмайди. Баъзи фақиҳлар ундан оз бўлса ҳам дуруст бўлишини айтганлар.
- Масжид. Беш вақт намозга жамоат еғиладиган масжид бўлиши шарт. Жамоат намозлари ўқилмайдиган масжидда эътикоф тўғри бўлмайди. Жума ўқилмайдиган, фақат беш вақт намоз ўқиладиган масжидда ҳам эътикоф тўғри бўлаверади. Жума намози учун бошқа масжидга бориб келишга рухсат берилган.
- Қуёш ботишидан олдин кириш. Эътикоф ўтирмоқчи бўлган киши масжидга қуёш ботишидан олдин кириб олиши зарур. Суннати муаккада бўлган эътикоф вақти Рамазон ойи йигирманчи таровеҳ кунидан бошлаб, Рамазоннинг охирги куни қуёш ботгунигача бўлган вақтдир.
- Жимони тарк қилиш. Эътикоф ўтирувчи эътикоф вақтида қасддан ёки унутиб жинсий алоқа қилса эътикофи бузулади.
- Масжиддан чиқмаслик. Эътикофда узрсиз масжиддан чиқиш мумкин эмас. Бавл қилиш, таҳорат қилиш каби инсоннинг ҳожати доимий тушиб турадиган нарсалар учун чиқиш мумкин. Жума ўқилмайдиган масжидда жума намозига чиқиши, ўзи ва оиласи эҳтиёжи учун масжидга матоларни олиб кирмай савдо-сотиқ қилиши мумкин. Агар узрсиз ҳолатда қасддан ёки унутиб масжиддан чиқса эътикоф бузулади.
Эътикофнинг фойдалари:
- Аллоҳ билан ёлғиз қолиш. Инсон эътикофда маҳлуқотлардан ажраб, Аллоҳ билан ёлғиз қолади. У вақтда инсон ўзининг заифлиги ва Роббисининг улуғлигини ҳис қилади. Бу эса инсонни яна ҳам тавозели, камтар бўлишига ва Аллоҳга таваккули кучайишига хизмат қилади.
- Қалбни ислоҳ қилиш. Эътикоф вақтида Инсон барча дунёвий нарсаларни тарк қилади, қилган гуноҳларини эслайди, Аллоҳ берган сон-саноқсиз неъматлар ҳақида тафаккур қилади, зикр ва тиловатни кўпайтиради, қалби маҳзун бўлади, истиғфор айтиб тавба-тазарру қилади. Қалб касалликларидан шифо топиш учун Роббисидан ёрдам сўрайди. Бундай улуғ фурсатда дуолар ижобат бўлади, натижада Ҳақ Таоло Ўз Каломида мадҳ қилган салим қалб эгасига айланади.
- Охиратга тайёргарлик. Эътикоф ўтирувчи қабрдаги ёлғизликни, охиратда Аллоҳ Таоло олдида бир ўзи туришини ҳис қилади, унга фақатгина солиҳ амаллари ҳамроҳ бўлишини англайди, охирати учун кўпроқ яхши амал қилиши зарурлигини тушуниб етади.
Эътикофнинг яна жуда кўп фойда ва ҳикматлари бор. Аллоҳ Таола барчамизга муборак ойдан гуноҳларимиз кечирилган ҳолда чиқишимизни насиб айласин!
Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Асадуллоҳ Муҳаммад тайёрлади