islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Рамазони шариф ҳаққинда” “Ал-Изоҳ” журналидан бир мақола

Бизларни яна бир бор Рамазон ойига етиштирган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Йилдан йилга инсонларнинг рамазонга, рўза тутишга бўлган иштиёқлари ошиб бормоқда. Бунга сабаб юртимизда рамазоннинг фазилати, рўза тутиш ўзи қанақа ибодат эканлигини баён қилиб берадиган диний нашрларнинг чоп этилаётгани ҳам катта ёрдам бермоқда. “Ҳидоят” ва “Ислом нури” каби диний нашрларда диний масалалар, рўзага оид ҳукмлар, рўзанинг фазилари ҳам атрофлича ёритиб келинади. Бундан ташқари диний адабиётлар ҳам кўпайиб бормоқда.

Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олган вақтда жадидлар томонидан чиқарилган газета ва журналларда ҳам ислом динига оид масалалар ёритилиб келинган. Инсонларга динни ўргатиш, диний саводини ошириш, мадрасада таҳсил кўрмаган кишиларга атрофлича динни ўргатиш мақсадида ўша даврдаги олим кишилардан, мадраса мударрислари томонидан мақолалар ёзилган ёки савол-жавоб тарзда газетада бир мавзу ёритилган.

Ана шундай журналлардан бири, 1917 йил 28 июнда чиққан журнал “Ал-Изоҳ” журналида “Рамазони шариф ҳаққинда” деб номланган Саййид Мақсудхон Маҳзуннинг мақоласи чиқарилган. У мақолада дастлаб рамазон рўзасининг шартлари ва рукнларини баён қилиб берганлар.

“Билғилки рўзанинг шарти, рукни ва маҳали (тутиладиган ўрни) бўлур. Рамазон рўзасин шарти ният қилмоқдур. Рукни субҳи содиқдан то офтоб ботқунча емак-ичмак ва жимо қилмакликдин ўзини сақламоғдур. Ва маҳали рамазон ойидур. Бас ҳар киши рамазон ойида кундузи куни қасддан бир нарса ичса ёки жимо қилса анинг рўзаси ботил бўлуб, ул кишига ҳам қазо қилмак ва ҳам каффорот бермак лозим ва вожиб бўлур. Агарда рўза тутганлиги мутлақо хотирида бўлмасдан саҳв билан бир таом еса ё бир нарсани ичса анинг рўзасиға ҳеч зарар бўлмас, балки зИёфати Аллоҳ таоло бўлур”.

Фиқҳ китобларида рўзанинг ҳукмларини қуйидагича келтирилган:

“Рўза – субҳдан қуёш ботгунига қадар ният билан емоқ-ичмоқ ва жинсий яқинликни тарк қилмоқликдир. Рамазон рўзаси ҳар бир мукаллаф мусулмонга фарздир”.

У киши мана шу ергача рамазон рўзасини тутиш учун нималар шарт эканини баён қилдилар. Кейин эса, рамазон рўзасини тутиш ҳар бир мусулмоннинг бурчи эканини айтадилар ва бу ҳақида бир неча ҳадисларни келтирадилар.

«Бас, эй муҳтарам мусулмонлар! Рамазон ойида рўза тутмакни Аллоҳ таоло биз мусулмонларға фарз қилғони сабабли рамазон рўзасини тутмақға ихлос ва эътиқод ила Аллоҳ таолони ризосини талаб қилиб, рамазони шарифға етганлигимизға шукурлар қилиб, хурсанд бўлуб, камоли завқ ва шавқ ила, ҳавонинг иссиғ ва кунларнинг узунлигин хотирға келтурмасдан рамазон рўзасин тутмақимиз гарданларимизға лозим, балки алзам бўлган бир вазифаи динийямиздур”.

Имом Марғиноний ўз китобларида қуйидагича баён қиладилар: “Билгинки, рамазон рўзаси Аллоҳ таолонинг “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсаларингиз”  ояти билан фарз қилинган. Шунингдек рамазоннинг фарз эканига уммат ҳам ижмо қилган. Шу сабабли кимки рамазон рўзасини инкор қиладиган бўлса, кофир ҳисобланади.”

“Рамазони шарифнинг шарофати сабабли Аллоҳ таоло бизлар аҳли исломға қилғон раҳмати ва карамлариға қарағанда кеча ва кундузда дунё ишларига боқмай тиловати Қуръон ва ибодати Субҳонға машғул бўлмоғимиз лозимдур. Зероки ҳадиси шарифда келубдурки:

عن أَبَي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” إِذَا دَخَلَ رَمَضَانَ، فُتِّحَتْ أَبْوَابُ السَّمَاءِ، و في رواية أبواب الجنة، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ جَهَنَّمَ، وَسُلْسِلَتِ الشَّيَاطِينُ، و في رواية فتحت أبواب الرحمة. متفق عليه.

Яъни, ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинибдур, айтдилар: Ҳазрати Росулуллоҳ соллаллоҳу лайҳи васаллам айтдилар: Вақтики рамазон ойи дохил бўлса, осмоннинг эшиклари очилгай. Бир ривоятда: жаннатнинг эшиклари очилгай ва дўзахнинг эшиклари беркилгай ва шайтонлар занжирлар бирла қайд қилинғай. Бир ривоятда: раҳматнинг эшиклари очилғай деб. Бул ҳадис муттафақун алайҳдур.

عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : ” فِي الْجَنَّةِ ثَمَانِيَةُ أَبْوَابٍ، فِيهَا بَابٌ يُسَمَّى الرَّيَّانَ، لَا يَدْخُلُهُ إِلَّا الصَّائِمُونَ.

Яъни, Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинубдирки жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаннатда саккиз эшик бордур. Ул эшикларни бирини оти Райёндур. Ул эшикдан рамазон рўзасин туганлардан бошқа одам кирмагай деб. Бул ҳадисни Бухорий ривоят қилмиш.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ “. متفق عليه.

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинубдирки:  Киши рамазон рўзасин тутса, иймон жиҳатидан ва савоб талаб қилганликдин, ул кишини илгари қилғон гуноҳи сағираларини мағфират қиинлур ва гуноҳи кабираларини умид қилинур деб. Бу ҳадис ҳам муттафақун алайҳдур.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : ” كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ الْحَسَنَةُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ، قَالَ اللَّهُ عَزَّ وَجَلَّ : إِلَّا الصَّوْمَ، فَإِنَّهُ لِي، وَأَنَا أَجْزِي بِهِ، يَدَعُ شَهْوَتَهُ، وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي، لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ : فَرْحَةٌ عِنْدَ فِطْرِهِ، وَفَرْحَةٌ عِنْدَ لِقَاءِ رَبِّهِ، وَلَخُلُوفُ فِيهِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللَّهِ مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ، الصِّيَامُ جُنَّةٌ ، فَإِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَصْخَبْ، فَإِنْ شَاتَمَهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ : إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ متفق عليه

Яъни, Ҳазрат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинибдур, айтдиларки: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: одамзотнинг ҳар бир яхши амалини ўн даражадан етти юз даражағача музоаф қилинадур. Аллоҳ таоло айтди : Магар рўзани, бас, албатта рўза менинг учундир. Ва мен рўзанинг ажрини берурман деди. Зероки, савобини бир миқдорға тақдир қилинмайдир. Анинг ажрини Аллоҳ таолодин ўзга киши билмайдур. Зероки рўзанинг неча хосиятлари борки бошқа ибодатларда йўқ. Чунончи, рўзада риё йўқдир. Зероки, риё кўзға кўринмайдурган амалларда бўлур. Аммо рўза ният билан бўлурким, нияти қалбда бўлғон сабали одамлардан махфий бўлур. Шунинг учун, Аллоҳ таоло рўза Менинг учун бўлур деб ўзига изофа қилди ва рўза тутган киши шаҳватини ва таомини менинг амрим жиҳатидин  ва менинг ризомни қасди учун тарк қилур деди.

Рўза тутгучига икки хурсандчилик бўлур, бири ифтор қилғон вақтида, бири Аллоҳ таолонинг дийдориға Мушарраф бўлғон вақтида. Ҳар бир рўзадор одамнинг оғзида пайдо бўлғон бўй Аллоҳ таоло наздида мушк бўйидин аъло ва атябдур (яхшироқ).

Ва рўза бу дунёда гуноҳлардан сақлағай ва охиратда дўзахдин сақлағай. Ва ҳар вақтики сизларнинг бирингиз рўза кунида бўлса, бас қабиҳ сўзлар билан сўзламасинлар ва беҳуда баланд овоз чиқармасунлар. Агар ул кишини биро дам сўкиб ҳақорат қилса, ё урушмоқ ё урмоқ била ул кишини ўлдирмакни қасд қилса, бас мен рўзадор кишиман десун. Бул ҳадис муттафақуб акайҳдур”.

Ушбу мақоланинг соҳиби буни ёзмоқликдан мақсадларини айтиб ўтадилар. Уни оммага ёзганликларини, мадрасада таълим олаётган ёки таълим олган кишилар учун эмаслигини ҳам айтиб ўтадилар. Диний саводи бор, диний таълим олган кишилар бу билан кифояланмасликлари керак. Улар бундан ҳам зиёда амаллар қилишлари керак.

“Ушбу ҳадисларни ёзмоқдин мақсад ва муддаоларимиз шулдирки, аксар аҳл саводи мадрасада таҳсили улум шаръийя қилмаган зотлар ҳам рамазони шарифнинг хосиятларин билиб, ихлос ва эътиқодлари зиёда бўлғой деб. Аммо мадрасада таҳсил қилиб юрганлар учун эмас. Ва лекин ҳарчанд оят ва ҳадислардин баён қилинган тақдирда ҳам баъзи худодан қўрқмаган оммаға  қилмақдин ғарази дунё топмоқ деб эътиқод қилувчи жоҳил одамларга асло таъсир қилмагай.

Алҳолда рўза тутмаган одамлар охиратда халқи аввалин ва охирин жам бўганда индаллоҳ ва индал холаиқ расво ва шарманда бўлуб азоби алим ва нори жаҳаннамга гирифтор бўлгай. Охир оқибат рўза тутмаган одамлар аввал яшаб ўтганлар ва кейин келадиган кишилар ҳаммаси жам бўладиган қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида ва барча инсонлар ҳузурида ҳоллари жуда ёмон ва шармандали бўлади. Уларга қаттиқ азоб ва Жаҳаннам оловига ташланадилар”.

Рамазон ойи мўмин кишининг савобларни кўп-кўп оладиган ойи ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзининг фазлини ёғдириб турган вақтда бандалар бу ғанимат вақтларни беҳудага ўтказиб юбормасликлари керак.

Тошкент ислом институти

4-босқич талабаси Абдулвоси Эргашев

227520cookie-check“Рамазони шариф ҳаққинда” “Ал-Изоҳ” журналидан бир мақола

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: