islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Кечанинг баъзисида бедор бўл, шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса”

Таҳажжуд – мутлоқ нафллардан бўлиб, таъкидланган суннат ҳисобаланди. Уни ўқишни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга буюрган.
1- Аллоҳ таоло:

يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ {1} قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلاً {2} نِصْفَهُ أَوِ انقُصْ مِنْهُ قَلِيلاً {3} أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً {4}

1. Эй ўраниб ётувчи.
2. Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ.

Албатта, бу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. Ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган Аллоҳнинг нидоси эди. Шунинг учун ҳам Хадича онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга, бир оз ухлаб олсангиз-чи десалар, Русулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Эй Хадича, уйқунинг вақти ўтди”, дер эдилар.
3. Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл).
Яъни кечанинг ярмида бедор бўлиб ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб кўпроғида ухла.
4. Ёки у (ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил. (Муззаммил 1-4)
Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгинда, озроғида ухлагин. Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбармиз саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар: “Қиёмат кунида Қуръон қорисига Аллоҳ: “Ўқиб кўтарилиб боравер, у дунёда қандоқ ўқиган бўлсанг, шундоқ ўқи, охирги оятни ўқиган жойинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади, дейди”.
Кечалари қоим бўлишлик, яъни ибодат билан бедор бўлишлик ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади:
“…Эй мўминларнинг онаси Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламниг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг, У киши “Яаа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан, дедилар. Мен (Саид ибн Ҳишом), ўқиганман, дедим. У киши, албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Суранинг охирини Аллоҳ таоло туширмай ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди.
Кечалари қоим бўлишлик фарзликдан ихтиёрий амалга айланди… Кечалари бедор бўлиб ҳатто, оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган, оламшумил ишга тайёргарлик эди.
2- Аллоҳ таоло:

وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِنَافِلَةً لَّكَ عَسَى أَن يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَاماً مَّحْمُوداً {79}

79. Кечанинг баъзисида у ила бедор бўл. Сенга нофила бўлсин. Шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса.
Яъни, туннинг бир қисмини у (Қуръон)ни ўқиб, бедор ўтказ. Тун намози бўлмиш таҳажжудни – бедорлик намозини-да ўқи. Бу сенга қўшимча, ихтиёрий ва фазилат келтирувчи нафл намоз бўлсин.
3- Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло тақводор бандаларнинг сифатларини баён қилиб, шундай марҳамат қилади:

كَانُوا قَلِيلاً مِّنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ {17} وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ {18}

17. Улар кечалари оз ухлар эдилар.
Яъни, кечани ибодат билан бедорликда ўтказиб, оз ухлар эдилар. Ушбу оят тафсирида уламоларимиз АбдуРаҳмон ибн Зайд ибн Асламдан қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Бир киши, эй Абу Усома, мен бир сифатни ўзимизда топмаяпман. Аллоҳ таоло бир қавмни эслаб, кечалари оз ухлар эдилар, деган эди, биз эса кечаси жуда оз бедор бўламиз, деди. Шунда Абу Усома розияллоҳу анҳу: “Мудроқ босганда ухлаб, уйғонганда Аллоҳга тақво қилганларга яхшиликлар бўлсин”, дедилар”. Демак, кўп ибодат қиламан, деб ўзини қийнаш даражасига бормаслик керак экан. Вақтида ухлаб, уйғоқлик вақтини бекор кетказмасдан ибодат ва тақводорлик қилишнинг ўзи катта гапдир.
18. Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.
Саҳар чоғида туриш, истиғфор айтиб, гуноҳидан кечишни сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган кишилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар. Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “тавба қилувчи борми-тавбасини қабул қиламан; истиғфор айтувчи борми-мағфират қилиб, гуноҳини кечаман; сўровчи борми-сўраганини бераман”, дейди, деганлар”. Шунинг учун иложи борича саҳар туриб ибодат қилиш, истиғфор айтишга уруниш лозим.

Манбалар асосида
ТИИ 4-курс талабаси
Абдумаликов Низомиддин тайёрлади

230880cookie-check“Кечанинг баъзисида бедор бўл, шоядки Роббинг сени мақтовли мақомда тирилтирса”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: