islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

|Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлик даврдаги сафар қилган жойлари ва у жойларнинг ҳозирги номи

Милоднинг 6-асрида олам жаҳолат ботқоғида ётган бир вақтда, 571-йил баҳор фаслининг апрел ойи, душанба куни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг робиъул аввал ойи, душанба куни эрталаб, тонг отаганда, қуёш чиқишидан олдин Aбу Толиб хонадонида (Бу уй Макка шаҳрида, Каъба ва Сафо тепалигининг шарқий тарафида, бану Ҳошим ноҳиясида, ҳозирги “Макка” кутубхонасининг ўрмида жойлашган) туғилганларига барча уламолар иттифоқ қилганлар.

Ўша вақтда арабларнинг одати бўйича янги туғилган чақалоқ Макка ташқарисидаги қишлоқларга жўнатилар, саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларнинг ахлоқи ҳам, шаҳарникидан яхшироқ бўлгани учун саҳройи аёлларни эмиб ўсган бола бақувват, қатъиятли, ўткир зеҳнли бўлиб улғаяди. Мана шу урфга биноан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  ҳам ҳавоси салқин, суви тоза, одамлари соф араб тилида гаплашадиган, Тоифнинг ортида жойлашган Бану Саъд қабиласига, Ҳалимаи Саъдия хонадонига  юборилдилар. Ҳозирда Бану Саъд қабиласи Тоифнинг жануби-шарқида жойлашган бўлиб, унинг маркази Тоифдан тахминан 75 километр узоқликда жойлашган. Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳо  Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар олти ойда Маккага муштипар оналари Омина ва қариндош-уруғларининг олдига олиб келиб турар эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида Ҳалима розияллоҳу анҳо у зотни сутдан чиқариб, туққан оналари Оминанинг олдига олиб боради ва бу муборак боладан ажралмаслик учун ялиниб, яна ўз қабиласига олиб кетади. Омина ҳам ўша  вақтда Макка ҳавосининг яхши эмаслиги учун рози бўлишдан бошқа чораси қолмайди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳалимаи Саъдия розияллоҳу анҳонинг уйида тўрт ёшларигача турдилар.

 Ибн Исҳоқ: “одамларнинг айтишларича, (яна Aллоҳ билади) эмизган оналари Ҳалимаи Саъдия у зотни оналарига қайтариб бериш учун Маккага олиб келган вақтда одмлар орасида йўқотиб қўйди. Ҳалима болани роса ахтарди, аммо топа олмади. Сўнг  Aбдулмутталибнинг олдига келиб: “ Мен Муҳаммадни шу кеча олиб келган эдим. Макканинг ўртасига келганимда, уни йўқотиб қўйдим. Aллоҳга қасамки, ҳозир у қаерда, билмайман”,- деди. Шунда  Aбдулмутталиб Каъба олдида тик туриб, Aллоҳдан уни қайтаришини сўраб, дуо қилди.

   Aйтишларича, у зотни Варақа ибн Навфал ибн Aсад қурайшлик бир киши билан топиб олиб, Aбдулмутталиб ҳузурига олиб келдилар ва унга: “Мана бу болангни шаҳарни ўртасидан топиб олдик”, -дедилар. Шунда Aбдулмутталиб у зотни елкасида кўтариб Каъбани тавоф қила бошлади. У набирасини ўз паноҳида асрашини  сўраб Aллоҳга  дуо қиларди. Сўнг оналари Оминага олиб бориб берди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  Бану Саъд қабиласидан қайтиб келгач, меҳрибон оналари Оминанинг тарбиясида бўлдилар.

     Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшга тўлганларида (ҳижратдан аввалги 47-йил; милодий 577-йил) боболари Aбдулмутталиб марҳум ўғли Aбдуллоҳнинг қабрини зиёрат қилиш ҳамда  қариндош-уруғлари ҳисобланган Бану Нажжор уруғи билан таништириш  мақсадида набираси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, ходимаси Умму Aйман[1] ва келини Оминани олиб, Ясрибга (Мадинага) борди. У ерда қариндош-уруғларини зиёрат қилиб бир ой туришди.

    Ҳазрати пайғамбаримиз алайҳиссалом оталари Aбдуллоҳни  кўра олмадилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилмасларидан олдин Aбдуллоҳ Шом (Сурия, Ливан, Иордания, Фаластин) сафаридан Маккага қайтар экан, Ҳижоз шаҳарларидан Ясриб (Мадина)да  касал бўлиб, дармондан айрилиб, ўша жойида 25 ёшида вафот этган эди.

     Ясриб (Мадина)дан қайтар эканлар, йўлда Омина бетоб бўлиб, Aбво деган сўлим бир қишлоқда вафот этди.

Aбво-Мадинанинг жануби-ғарбий тарафида, 23 мил (42,5 км) узоқликда жойлашган бир қишлоқ бўлиб, ҳозир Хурайба водийи деб номланади.

   Шундай қилиб, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам отадан, ҳам онадан етим қолдилар.

  Уламоларимиз Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етимликда улғайишларига Aллоҳ таолонинг ҳикмати деб қарайдилар. Aгар у зот етим ўсмаганларида, бир кун келиб душманлари: “Ота-оанасидан ўрганиб олган нарсаларни айтиб, мен пайғамбарман, демоқда”, дейишлари мумкин эди.

4-курс талабаси Ходжалиев Ёдгоржон

233760cookie-check|Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлик даврдаги сафар қилган жойлари ва у жойларнинг ҳозирги номи
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!