islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

25 октябрь куни ер сайёрасида Қуёш тутилиши кузатилади

Соҳа мутахассислари хабар беришича, юртимизда қуёш тутулиши ҳодисаси кузатилади. 25 октябрь Тошкент вақти билан 15:23 да ўзбекистонликлар ноёб астрономик ҳодиса – қуёшнинг қисман тутилишига гувоҳ бўлишлари мумкин. Ушбу қисман қуёш тутилиши Европа, Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Ғарбий Сибир ва Шимолий-Шарқий Африкадан кўриниб, 2 соат 27 дақиқа давом этади.

Қуёш тутилиши ҳодисасида, Ер, Ой ва Қуёш бир чизиққа туради ва Ой Қуёшни тўлиқ ёки қисман тўсиб қўяди ҳамда унинг атрофида «қуёш тожи»ни кўриш мумкин бўлади.

Ислом дини қуёш тутилиши хусусида нима дейди?

Одатда кўпчилик мўмин мусулмонлар Кусуф намози ҳақида маълумотга эгамиз. Кусуф сўзи қуёш тутилишига ишлатилади. Хусуф сўзи ой тутилишига ишлатилади. Бу ўрганиб қолинган одат. Амалда эса иккаласи бир-бирининг ўрнига алмаштирилиб ишлатилаверади. Бундан қуёш ва ой тутилишини англаниши тушунилиши керак.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Иброҳим ўлган кун қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим ўлгани учун тутилди», дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Бас, қачонки уларни (тутилганини) кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда эса: «Жоҳилият аҳли, албатта, қуёш ва ой фақат ер аҳли улуғларидан бир улуғнинг ўлими учунгина тутилади, дер эдилар. Албатта, икковлари бирор кишининг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин, икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ ўз махлуқида нимани хоҳласа шуни пайдо қилур. Бас, икковларидан қайси бири тутилса, то очилиб кетгунча намоз ўқинглар», дейилган.

Ҳа, табиатдаги улкан нарсалар бўлмиш Қуёш ва Ойнинг тутилишлари, ўзларининг оддий ҳолатларидан чиқиб ноқулай ҳолатга тушиб қолишлари беҳикмат эмас. Бу ҳодисадан ўрнак-эътибор олиш керак. Қуёш ва Ойнинг тутилиши бир неча ибратларга далолат қилади:

1. Қуёш ва Ойни Аллоҳ ўз тасарруфида тутиб туриши.

2. Қуёш ва Ойни худо деб эътиқод қилувчиларнинг эътиқоди асоссиз экани. Агар икковлари ёки бирлари Худо бўлганида тутилмас эдилар.

3. Ғофил қалблар бундай ҳодисадан чўчиб уйғониши.

4. Қиёмат шу шаклда бошланиши мумкинлигини эслаш.

Кусуф намозига чақириш

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилганида, жамоат намозга, деб нидо қилинди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуёш тутилганда жамоат намози ўқилиши.

2. Қуёш тутилгани учун ўқиладиган намозга «Жамоат намозга!» деб нидо қилиниши

Кусуф намозининг турлари

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Қуёш тутилиб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб ридоларини судраб (тезлаб) масжидга кирдилар. Биз ҳам кирдик. Бас, биз билан то қуёш очилиб кетгунча икки ракъат намоз ўқидилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида, «ушбу намозингизга ўхшаган икки ракъат намоз ўқидилар», дейилган.

Жумҳур уламолар наздида кусуф намози суннатдир. ҳанафий мазҳаби ушбу ҳадисни олиб, кусуф намози ҳам бошқа нафл намозларга ўхшаган бўлади, дейди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуёш тутилганда ташвишга тушиб, намоз ўқишга шошилиш зарурлиги. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундоқ қилганлар.

2. Масжидда жамоат билан икки ракъат намоз ўқиш кераклиги.

3. Кусуф намози қуёш очилгунча давом этиши.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади у киши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди, деб туриб узун ҳадис келтирган ва жумладан, қуйидагиларни айтган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизга ваъда қилинган нимаики нарса бўлса, ҳаммасини ушбу намозимда кўрдим. Батаҳқиқ, дўзахни келтирилди. Ана ўша, олови менга тегмасин, деб орқа тисарилганимни кўрганингиздир. Ҳаттоки, унда илмоқли асо эгасини ҳам кўрдим. Дўзахда ичакларини судраб юрибди. Илмоқли асоси ила ҳожиларни ўғирлар эди. Агар билиниб қолса, илмоқли асомга илиниб қолибди дер эди. Агар ғофил қолинса, олиб кетар эди. Унда ҳаттоки мушук соҳибасини ҳам кўрдим. У аёл мушукни боғлаб қўйиб, то ўлгунича унга таом ҳам бермаган, ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормаган эди.

Сўнгра жаннат келтирилди. Бу нарса, мени олдинга юрганимни кўрганингизда бўлди. ўз мақомимда турдим, қўлимни чўзиб, сизнинг назар солишингиз учун унинг мевасидан олмоқчи бўлдим. Сўнгра, менга буни қилмаслик зоҳир бўлди. Бас, сизга нимаики ваъда қилинган бўлса, ҳаммасини ушбу намозимда кўрдим», дедилар». Муслим ва Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан, аввалги ҳадисдагидан зиёда равишда, олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунёдалик вақтларида охиратда бўлиши ваъда қилинган ҳамма нарсалар кўрсатилгани.

2. Арзимаган бўлса ҳам ўғрилик жуда ёмон нарса экани. Чунки, эгри асонинг учи билан оз нарса ўғирлаш мумкин. Лекин, ўша эгри асо билан ўғрилик қилган одам дўзахда ичаклари судралиб юриши осон нарса эмас. Шунинг учун бировнинг ҳаққидан қўрқиш керак.

3. Ҳайвонларни азоблаш ҳаром экани, бу иш дўзахга тушишга сабаб бўлиши.

ТИИ Матбуот хизмати

234551cookie-check25 октябрь куни ер сайёрасида Қуёш тутилиши кузатилади
2 та фикр мавжуд
  1. Мукаддам

    Хаммаси Аллохдан хвмма нарсани майда заррасигача уз улчови ва буюк акл билан тарозиси билан улчаб яратган АЛЛОХ балки шу йул билан бандаларини тугри йулга чорлаётганлирлар АЛЛОХ рахмлидир жуда жуда Шоят одамлврга инсоф кириб тугри йулни жаннат йулини танласалар Аллохга хавола хар бир булайдиган ходисалар Аллохга ишонмайдиганлар калби каттик одамларга огохлантиришдир Янаям АЛЛОХ билгувчи

  2. Мукаддам

    Хаммаси Аллохдан хвмма нарсани майда заррасигача уз улчови ва буюк акл билан тарозиси билан улчаб яратган АЛЛОХ балки шу йул билан бандаларини тугри йулга чорлаётганлирлар АЛЛОХ рахмлидир жуда жуда Шоят одамлврга инсоф кириб тугри йулни жаннат йулини танласалар Аллохга хавола хар бир булайдиган ходисалар Аллохга ишонмайдиганлар калби каттик одамларга огохлантиришдир Янаям АЛЛОХ билгувчи
    Мени биринчи марта ёзишим хали

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: