islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Такбири ташриқ

Ҳанафий мазҳабида ташриқ кунлари Қурбон ҳайити кунидан кейинги уч кун ҳисобланади. Ташриқ дегани гўштни қуритиш деганидир. Мусулмонлар қурбонлик гўштларини одатда ушбу кунларда қуритгани боис шундай аталган.
Мусулмон банда учун такбири ташриқ Арафа куни бомдод намозининг фарзидан сўнг бошланади ва ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозида охирги такбири ташриқ айтилади. Шунда беш кун давомида умумий 23 та намоздан сўнг такбири ташриқ айтилган бўлади. Бу борада барча – эркагу аёл, мусофир, муқим, қишлоқда ёки шаҳарда яшовчи, жамоат билан ёхуд якка ҳолда намоз ўқувчи мусулмон баробардир. Яъни, такбири ташриқни айтиш барчага бирдек вожиб.
Одатда фарз намозини тугатиш биланоқ такбири ташриқ айтилади. Мабодо, у унутилса, эсга тушиши билан айтиб қўйилади.
Пайғамбар алайҳиссалом ўз умматларини бу кунларда кўпроқ таҳлил, такбир ва ҳамд айтишга қизиқтирганлар.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَال،َ مَا مِنْ أَيَّامٍ أَعْظَمُ عِنْدَ اللَّهِ، وَلَا أَحَبُّ إِلَيْهِ مِنْ الْعَمَلِ فِيهِنَّ مِنْ هَذِهِ الْأَيَّامِ الْعَشْرِ، فَأَكْثِرُوا فِيهِنَّ مِنْ التَّهْلِيلِ وَالتَّكْبِيرِ وَالتَّحْمِيدِ” رواه أحمد

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил, такбир ва Аллоҳга ҳамд айтишни кўпайтиринглар», дедилар» (Аҳмад ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунида такбир ва таҳлилни кўпайтириш маҳбуб амал эканлиги билинади.

عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه قَالَ كَانَ النَّبِىُّ صلى الله عليه وسلم يُكَبِّرُ يَوْمَ عَرَفَةَ صَلاَةَ الْغَدَاةِ إِلَى صَلاَةِ الْعَصْرِ آخِرِ أَيَّامِ التَّشْرِيقِ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафа куни бомдод намозидан кейин то охирги ташриқ кунининг аср намозигача такбир айтар эдилар» (Байҳақий ривояти).

عَنْ أَبِي عَبْدِ الرَّحْمَنِ عَنْ عَلِيٍّ رضي الله عنه أَنَّهُ كَانَ يُكَبِّرُ بَعْدَ صَلاَةِ الْفَجْرِ يَوْمَ عَرَفَةَ إِلَى صَلاَةِ الْعَصْرِ مِنْ آخِرِ أَيَّامِ التَّشْرِيقِ ، وَيُكَبِّرُ بَعْدَ الْعَصْرِ.

Абу Абдураҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳу Арафа куни бомдод намозидан кейин то охирги ташриқ кунининг аср намозигача ва аср намозидан кейин ҳам такбир айтар эдилар» (Абу Шайба ривояти).
Демак, биз ҳам ушбу йўсинда такбир айтишимиз керак бўлади.
Такбири ташриқ лафзлари қуйидагича:

اللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ لَا إلَهَ إلَّا اللَّهُ وَاَللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ وَلِلَّهِ الْحَمْدُ.

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ла илаҳа иллоллоҳу валлоҳу акбар. Аллоҳу акбар. Ва лиллаҳил ҳамд».

Маъноси: «Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир. Аллоҳ буюкдир. Аллоҳ буюкдир. Ҳамд Аллоҳ таоло учундир».

Нафақат намоздан кейин балки, юрган, ўтирган пайтларда ҳам такбир айтишнинг сира зарари йўқ, балки мустаҳабдир. Уммат қанча такбир айтса, Аллоҳни улуғласа, қадри юксалади, ажр-мукофотни қўлга киритади, Аллоҳ таолонинг розилигига эришади, гуноҳлари кечирилади, Пайғамбар алайҳиссаломнинг шафоатларига мустаҳиқ бўлади.

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси

240030cookie-checkТакбири ташриқ
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!