Марҳум устоз Шайх ҳазратларининг “Сунний ақийдалар” китоби шубҳасиз у зотнинг шоҳ асарларидан бири ҳисобланади. Ушбу китобни севиб мутолаа қиладиган китобхонлардан “ҳолни нафий қилиш” ҳақидаги савол қайта-қайта такрорланаётгани туфайли бу саволга ёзма равишда батафсил жавоб бериш маъқул кўрилди.
Шайх ҳазратлари “Сунний ақийдалар” китобининг 16-саҳифасида Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳлар ўртасидаги фарқли қарашларни баён қилароқ қуйидагиларни ёзганлар: “Ал-Ашъарий ҳолни нафий қилади ва шунинг учун, унинг фикрича, сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Ал-Мотуридий эса, уларни собит дейди”.
Аввало “ҳолни нафий қилиш” масаласи таҳлилига киришишдан олдин бу масаланинг авом мусулмонларга умуман алоқаси бўлмаган, фақат калом илми мутахассисларининг чуқур таҳлиллари натижасида юзага келган баҳсли масала эканини унутмаслигимиз лозим!
Шунга кўра қайси бир авом мусулмон шу масалани қизиқиб ўрганмоқчи бўлса, марҳамат ўргансин, аммо бу масалага киришмаган қолганларга нисбатан “ақида билмаган шайтона элдур”дан келмасин ёки ўзи тушуна олмаганини рўкач қилиб ақида масалалари чигаллаштириб ташланган, деб уламоларга таъна қилмасин. Чунки авомнинг ақидасига бу масаланинг мутлақо алоқаси йўқдир!
Ҳол сўзи “усулул фиқҳ”, мантиқ ва наҳв илмларида бир-биридан фарқли маъноларда ишлатиладиган истилоҳ (термин) ҳисобланади. Бу сўз луғатда “бирор нарсанинг қандайдир сифати” маъносини англатади. Яъни бирор мавжуд нарсанинг мавжудлигидан бошқа қандайдир сифатига нисбатан ҳол сўзи қўлланилади. Масалан бирор инсоннинг олимлиги унинг мавжудлигидан бошқа сифати ҳисобланади, шунга кўра олимлик ўша инсон учун ҳол ҳисобланади. Худди шу маънода калом илми истилоҳида ҳол сўзи Аллоҳ таолонинг маънавий сифатларига нисбатан ишлатилган.
Ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг маъоний ва маънавий сифатлари борлиги баён қилинган. Маъоний сифатлар деганда Аллоҳ таолода бор бўлган, Унинг зотидан асло ажрамайдиган, Унинг Ўзи ҳам, Ундан бошқа ҳам бўлмаган сифатлари тушунилади. Бу сифатларни ашъарийлар қуйидаги еттита сифат дейдилар: 1.Қудрат, 2. Ирода, 3. Илм, 4. Ҳаёт, 5. Самъ (эшитиш), 6. Басор (кўриш), 7. Калом (гапириш). Мотуридийлар эса буларга “таквийн” (йўқдан бор қилиш) сифатини ҳам қўшиб маъоний сифатларни саккизта дейдилар.
Маънавий сифатлар деганда эса мазкур маъоний сифатлар тақозо қиладиган, яъни албатта лозим тутадиган қуйидаги сифатлар тушунилади:
- Аллоҳ таолонинг қодир экани;
- Аллоҳ таолонинг ирода қилувчи экани;
- Аллоҳ таолонинг олим экани;
- Аллоҳ таолонинг ҳаёт экани;
- Аллоҳ таолонинг эшитувчи экани;
- Аллоҳ таолонинг кўрувчи экани;
- Аллоҳ таолонинг гапирувчи экани;
- Аллоҳ таолонинг йўқдан бор қилувчи экани.
Жумҳур ашаърийлар эса маънавий сифатлар деганда буларнинг саккизинчисидан ташқари юқоридаги еттитасини назарда тутадилар. Аммо маънавий сифатларнинг маъоний сифатлардан бошқа алоҳида сифатлар ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслиги борасида ашъария мазҳабининг ичида ҳам фарқли қарашлар бор.
Демак, мотуридийлар ҳам, ашъарийлар ҳам Аллоҳ таолонинг маъоний сифатлари борлигига иттифоқ қилишган. Аммо маънавий сифатлар ҳақида ихтилоф қилишган. Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ маънавий сифатларни маъоний сифатлардан бошқа алоҳида сифатлар деб ҳисобламаган, балки уларни ақлда маъоний сифатлар орқали тушуниладиган маънолардир деган. Яъни Аллоҳ таолонинг маъоний сифатларидан бошқа бўлган, маънавий сифатлар деб аталадиган алоҳида сифатлари йўқдир, деган. Лекин Имом Ашъарий ҳам, Имом Мотуридий ҳам Аллоҳ таолонинг қодир эканига, ирода қилувчи эканига, олим эканига, ҳаёт эканига, эшитувчи эканига, кўрувчи эканига ва гапирувчи эканига иттифоқ қилганлар.
Шу ўринда модомики ушбу сифатларга иттифоқ қилинган бўлса, унда нимада ихтилоф қилишган? деган ҳақли савол пайдо бўлади. Уламоларимиз айтадиларки бундаги ихтилоф маъоний сифатлар алоҳида ва маънавий сифатлар алоҳида бошқа сифатлар деб тушуниладими ёки маънавий сифатлар зеҳнда алоҳида тасаввур қилингани билан, воқеликда улар маъоний сифатлардан алоҳида эмас, деб тушуниладими? Ана шу масалада Имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ улар алоҳида эмас, яъни масалан Аллоҳ таолонинг қодирлиги У зотда қудрат сифати борлигидан бошқа алоҳида сифат эмас, У зотнинг олимлиги У зотда илм сифати борлигидан бошқа алоҳида сифат эмас ва қолган сифатларида ҳам худди шундай тушунамиз, деган. Мана шу гапи у зотнинг “ҳол”ни инкор қилиши ҳисобланади. Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ эса улар алоҳида-алоҳида сифатлардир, яъни масалан Аллоҳ таолода қудрат сифати борлиги алоҳида, У зотнинг қодирлиги алоҳида, У зотда илм сифати борлиги алоҳида, У зотнинг олимлиги алоҳида сифатдир ва қолган сифатларида ҳам худди шундай деб тушунамиз, деган. Мана шу гапи у зотнинг “ҳол”ни исбот қилиши ҳисобланади.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу масалага луғат жиҳатидан ёндошган дейиш мумкин. Яъни масалан бир ишни қила олиш сифатининг борлиги бошқа, уни қилувчилик бошқа бўлишини луғат тақозо қилади.
Ушбуларга кўра, Шайх ҳазратларининг “Ал-Ашъарий ҳолни нафий қилади ва шунинг учун, унинг фикрича, сифати зоидалар йўқ ҳисобланади”, деган гапларини “Имом Ашъарий маънавий сифатларнинг маъоний сифатлардан алоҳида сифатлар эканини инкор қилади, шунга кўра у зотнинг наздида маънавий сифатлар йўқ ҳисобланади”, деган маънода тушунамиз.
“Ал-Мотуридий эса, уларни собит дейди” деган гапларини эса маънавий сифатлар маъоний сифатлардан алоҳида сифатлардир, дейди, деган маънода тушунамиз.
Хулосаи калом шуки ушбу масалада Имом Мотуридий “ҳол”ни бор деб эътиқод қилиш керак деган, Имом Ашъарий эса уни инкор қилган. Бу масала эътиқоддаги асл эмас, балки аслдан келиб чиқадиган масала бўлгани учун ундаги фарқли эътиқод туфайли бирор ҳукм юзага чиқмайди. Яъни бу масалада мусулмон киши қайси тарафига эътиқод қилса ҳам, унга фисқ, бидъат каби бирор ҳукм нисбати берилмайди.
Демак бу масала авом мусулмонлар учун уни билмаслик ҳеч қандай зарари йўқ бўлган, аммо билиб қўйиш фойдадан холи бўлмаган масала ҳисобланар экан. Шунинг учун ҳам марҳум устоз шайх ҳазратлари бу масаланинг тафсилотига тўхталмаганлар дейиш мумкин…
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!
Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” катта ўқитувчиси
Абдулқодир Абдур Раҳим