Ўзаро меҳр кўрсатиш, мурувватли бўлиш, инфоқ-эҳсон қилиш халқимиз орасида фазилатли амаллардан ҳисобланади. Динимиз ҳам қўни-қўшни, қариндош, ижтимоий кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам беришга чақиради. Аллоҳ таоло аброр бандаларини сифатлаб: “Улар назрга вафо қиларлар ва ёмонлиги кенг тарқаладиган кундан қўрқарлар. Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар. Албатта, биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташаккур хоҳламаймиз,…(дерлар)”. (Инсон сураси, 7-9-оят) Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”-деб марҳамат қилган. Муттафақун алайҳ. Халқимиз ҳам азал-азалдан саховатли бўлиб, муҳтож, мискин, етимларнинг бошини доим силаганлар.
3 декабрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги 47/3-сонли резолюциясига мувофиқ ҳар йили 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни сифатида дунё бўйлаб нишонланади. Шу муносабат билан талаба қизлар ва устозлар томонидан хайр-эҳсон акцияси ташкил этилди. Холис тақдим этилган эҳсон маблағига интернат масъул ходимлари билан маслаҳатлашган ҳолда ногирон болаларга керакли кийим-кечаклар, ўрин-кўрпа ва бошқа зарурий маҳсулотлар харид қилинди. 2 декабрь куни талаба қизлар устозлар билан ёрдам ва меҳрга муҳтож болажонлардан хабар олиш мақсадида “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар 1-сон интернат уйига ташриф буюрдилар.
Талабаларни интернат директори Джафарова Азиза Тахиржановна ва ўқув-тарбиявий ишлар бўйича муовин Шоира Шермуҳаммедова кутиб олдилар ҳамда интернат ҳақида маълумотлар бериб, қилинаётган ишлар ва режалар ҳақида сўзладилар. Маълумотларга кўра, интернатда 4-18 ёшдаги 320та ногирон бола истиқомат қилиб, улардан 81 нафари қаровга муҳтож, қолган 239 нафари ўзи мустақил ҳаракат қила олар экан. Талаба қизлар бу ташрифдан катта дарс олган ҳолда, бундай саховатли ишларда бардавом бўлиш керак деган ният билан қайтдилар.
“Яхшиликни ҳар доим қилиш керак, яхшиликни ҳар кимга қилиш керак”. Дарҳақиқат, инсон борки, атрофидагиларнинг аҳволидан бохабар бўлиши, уларнинг дардига дардман бўлиши, меҳр улашиши даркор.
Нигора Усмонова,
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси,
“Ёшлар билан ишлаш маънавият ва маърифат бўлими” куратори