“Ҳали гўдак-ку”, деманг,
жусса кичик бўлса-да, жони каттадир
Оила – жамиятнинг кичик бир кўриниши бўлиб, жамиятни бир бутун танага қиёслайдиган бўлсак, ҳар бир янги оиланинг яралиши танада яна бир тирик ҳужайранинг пайдо бўлишига ўхшайди. Жамиятга, яъни бир бутун танага қўшилган ҳар бир янги ҳужайра келажакда унинг янада бақувват ва соғлом бўлишига ёки аксинча секин-аста емирилишига олиб келиши мумкин. Бу, албатта, инсоннинг оила қуришдан олий мақсади нима эканлиги, унга қай даражада маънан ва жисмонан тайёрлиги ҳамда у оиласи билан жамиятга қандай фойда беришни мақсад қилганлиги каби омилларга боғлиқдир.
Дунёнинг ҳар бир бурчагида ҳар дақиқа қанчадан-қанча оилалар бунёд бўлади. Ҳар бир инсон ўзи мансуб бўлган дини, анъана ва ўлчовларга кўра оила қуришда турли мақсадни кўзлайди. Минг шукрлар бўлсин, муқаддас Ислом динимиз вакиллари бўлмиш – мусулмон жамиятида оила қуришда динимиз кўрсатмалари олий мақсад қилиб олинади ҳамда оила ҳалоллик, масъулият ва адолат каби устунларга қурилади.
Ҳеч биримиз инкор эта олмайдиган бир ҳақиқат борки, айниқса болажон ўзбек халқимизда оила қуришдан асосий мақсадлардан бири – Аллоҳ таолонинг неъматларидан бўлмиш фарзанд ҳисобланади. Аллоҳ таолонинг берадиган неъмати қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, хоҳ у моддий бўлсин, хоҳ маънавий, эришилган ҳар бир неъматнинг ҳисоби ва масъулияти ҳам бор, албатта. Фарзанд неъмати ҳам бундан мустасно эмас.
Инсон фарзандли бўлар экан, унга юкланаётган масъулиятни чуқур ҳис қилиши, фарзанд фақат едириб-ичириладиган ва кийинтириладиган бир овунчоқ эмаслигини, балки ота-она дунёга келадиган ҳар бир гўдакнинг маънан ва жисмонан етук бир инсон бўлиб шаклланишида масъул шахс эканлигини унутмаслиги керак.
“Мустақил таълимга тайёрмизми?” рукни остидаги 1-мақоламизда тарбия ва мустақил таълим кўникмаси гўдакликдан бошланишига тўхталган эдик. Гўдакнинг ҳар бир куни унинг учун бирор янгилик билан келади, яъни ҳар бир кундан у тарбия ва таълим олади. Бу ота-онада янада хушёрликни талаб этади.
Тахминан олти ой давомида гўдак учун ҳаёт фақат ётиш, таомланиш ва думалашдан иборат бўлади, у атрофидагиларнинг эътиборига буткул муҳтож бўлади. Бир ёшга тўлгунга қадар у аввал ўтириш кўникмасига эга бўлади ва сўнгра атак-чачак қилиб юришни ҳам бошлайди. Инсон умри учун арзимас бўлган ана шу бир йилни гўдакнинг қаричи билан ўлчайдиган бўлсак, у улкан зафарларга эришадиган муддат бу. Шу қисқа бир йил ичида гўдакнинг гувалачаси анча қотиб улгуради, яъни инсон сифатида шаклланиши учун муҳим бўлган пойдевори қурилиб улгуради. Бу – ҳар бир дақиқа ва гўдакнинг ушбу зафарларга қандай эришгани ва ҳаёт ҳақидаги унинг илк кўникмаси қандай шаклланиб улгурганидан ота-она ғафлатда қолмаслиги керак, дегани.
“Гўдак нимани ҳам биларди”, деманг. У мисоли “губка”, барчасини шимиб боради. Бу даврда гўдак ўз умрини деярли она билан бирга ўтказади, лекин фарзанд тарбиясида она билан бир қаторда отанинг ўрни ўта муҳим. Гўдакка бериладиган таълим-тарбия имкон қадар ота-она ва бошқа яқин кишилари воситасида амалга оширилиши жуда муҳим, яъни гўдак телефонда бировнинг ижросидаги аллани эмас, онасининг алласини тинглаши керак; гўдак кун давомида вақтни атрофидаги ўйинчоқлар билан эмас, ота-онаси билан ўтказиши керак, унинг кўзлари яқинларини кўриши керак, жонсиз нарсалардан иборат дунёни эмас; гўдак унинг ҳаётида онасидан ташқари яна бир яқин инсони, яъни куни билан вақти ишда ўтадиган отажони ҳам борлигини ҳис қилиши керак, унинг ҳам чеҳрасини таниши керак.
Бир ёшгача бўлган даврда ҳам гўдакка ўз чегарасида бир шахсдек муносабатда бўлиниши керак. У мисоли секин-аста қотиб бораётган лойдек, қотгунга қадар керакли шаклни бериб, сайқаллаб олиш керак. Гўдакнинг таълим-тарбиясида руҳий-маънавий, жисмоний ва гигиеник томонларни эътиборга олиш муҳим:
- Таълим-тарбиянинг руҳий-маънавий томони. Бу давр ота-онанинг шахс сифатида ўзининг руҳий-маънавий ҳолатидан ва онанинг ҳомиладорлик давридаги руҳий-маънавий ҳолатидан тортиб, гўдак туғилгандан сўнг оиладаги муҳитнинг руҳий-маънавий соғлом ёки носоғломлигига боғлиқ. Гўдак дунёга келиб ўз оиласида яшай бошлаганда, унинг онги катталардек қабул қила олмаса-да, жажжигина кўзчалари оиласидаги муҳитга гувоҳ бўлиб боради ҳамда у гувоҳи бўлаётган муҳит унинг психологиясида ўз изини қолдиради. Оиладаги муҳит, яъни кун давомида Қуръон тиловати тинмайдиган ва илм ўчоғи бўлган оила, телевизор дунёсидан иборат бўлган ва сериал ёки футбол ҳукмрон бўлган оила, жанжалнинг ини бўлган, ичкилик ва бузуқлик эгаллаган оила, унинг оладиган илк руҳий таълимига ўз меъёрида сингиб боради.
- Таълим-тарбиянинг жисмоний томони. Янги чақалоқ дунёга келганда, касалхонадан олиб чиқилиб, янги меҳмонни бир неча кун ҳамма кўлма-қўл олиб қўйгиси келмайди. Ана шу бир-неча кун ичида гўдак қўлга ўрганиб бўлади, ана энди уни ўрнида қолдириб кўринг-чи, ғингшиб, ғимирлаб кўтаришларини талаб қилади. Бироз хунук бўлса-да, гўдак ўзига етгунча “худбин” бўлади. Шу сабаб, гўдакнинг ҳар бири куни у учун бир мактаб бўлиб, бу вақтдан ақл билан унумли фойдаланиш керак. Авваламбор бир ёшгача бўлган гўдакнинг ҳар бир кунида унда қандай кўникмалар шаклланиши мумкинлигини она хабардор бўлиши муҳим, ғафлатда қолмаслик керак. Онанинг маънавиятли ва маърифатли бўлиши фарзанднинг нуқсонли ёки комил бўлишига замин яратиб берадиган муҳим омиллардан биридир.
Гўдакда ётган жойида тўнтарилиш, нарсаларга қўл чўзиш, эмаклаш, ўтириш каби кўникмалар шакллана бошлаганда ота-она янаям эътиборли бўлиши керак-ки, гўдакни телефон ва турли ўйинчоқларга ишониб топшириб қўймасдан, имкон қадар кўп вақтни бирга ўтказиши керак. Бунда гўдак ота-онанинг ёрдамида имкон қадар ўзи ҳаракат қилишига замин яратиб бериш керак. Масалан, ота-она гўдак тўнтарилиши учун секингина белидан тутиши, бармоғини ушлатиб қўйиб, гўдакнинг қаддини ўзи кўтаришига интилиши, эмаклаш ҳаракатларини ўзи бажаришига рағбатлантириши, ўйинчоқларга қўл чўзганида, ўнг қўлини узатишини ўргатиши, онги доирасидаги ўйинчоқларни биргаликда, масъулиятини гўдакка юклаган ҳолда бирга ўйнаши керак.
- Таълим-тарбиянинг гигиеник томони. Гўдакни парваришлаш жараёнида озодалик ва орасталикка риоя қилиш нафақат боланинг соғлиғи учун муҳим, балки бу омил ҳам тарбиявий аҳамиятга эгадир. Гўдак атрофидагиларнинг унга бўлган эътиборини, яратган шароитини ақлан англамаса-да, унинг танасида ана шу эътибор ва муҳитга кўникиш юзага келиб боради, озодалик бўлса, озодаликка, акси бўлса аксига. Бунга бир қатор мисоллар келтириш мумкин: Гўдакнинг таглигини ўз вақтида алмаштириб тозалаб туриш. Она ишлари билан овора бўлиб, баъзида гўдак соатлаб битта тагликда ётаверадиган ҳолатлар бор. Ҳозирги кунда замонавий тагликлар чиқиб, оналарнинг жонига оро кирди. Авваллари-чи, гўдак хадеб хўл таглик устида ётаверса, гўдакка ноқулайлик туғдирар эди ва ғингший бошлар эди, бироқ она эътибор бермагунча, шу шароитда қолиб кетар эди. Аслини олганда, энг аълоси – гўдакни бир ёки икки ойлигида тўсиш кўникмасини шакллантириш. Бу ҳам тарбиядан бўлади; Гўдакни таомлантириш одоби. Гўдак сут бутилкасини ўзи ушлай олган даврда уни ўнг қўлида ушлашга кўниктириш, оғзидан оққан овқати қотиб қолмасдан, вақтида артиб туриш, кичик қўлчалари билан ўзи қошиқчасини ушлай бошлаганда, ўнг қўлида ушлашни ўргатиш, “сўлакча”сини вақтида алмаштириб туриш, кийимларини тартибли ва озода бўлишини назорат қилиш…
Гўдакнинг умрининг илк йилиданоқ у улғайгунга қадар катта масъулиятни талаб этади. Унинг ҳаётининг ҳар бир сониясини ота-она у билан ўтказиши муҳим. Бир сонияни ҳам қўлдан бой бермаслик керак, ана шунда экилган кўчат дарахт бўлиб етишиб, мева берганда, икки дунёга арзигулик натижа олинганининг гувоҳи бўлинади, иншааллоҳ.
Тошкент ислом институти,
“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси,
Саодат Валиева