Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда келишича Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) седана ҳақида “у сомдан бошқа ҳар бир дардга шифодир” деганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Ибн Шиҳоб айтади: “сом бу ўлимдир”.
Уламолар ушбу ҳадиси шарифдаги “ҳар бир дардга шифодир” деган сўзнинг маъноси борасида икки хил йўл тутганлар. Бир тоифа бу сўз ўзининг умумийлигига кўра қабул қилинади дея, чиндан ҳам седана ҳар бир дардга даво, деган бўлсалар, бошқа тоифа уламолар, мазкур ибора зоҳирдан умумни ифода қилса ҳам аслида у билан хос ҳолатлар ирода қилинган. Шунга кўра, ундан мурод “баъзи дардлардир” деган фикрни илгари сурадилар.
Араб тилида маъно қалбларга чуқурроқ етиб бориши учун умумни ифода қилувчи лафзлар кўп ишлатилади. Бу тилнинг табиати шундай. Қуръони каримда ҳам бу каби ибораларга дуч келишингиз мумкин. Масалан, Аҳқоф сурасида Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилиш учун юборгани шамолни: “تدمر كل شيء بأمر ربها ” яъни, “у Раббисининг амри ила ҳар бир нарсани вайрон қилур” дея васфлаган. Ҳолбуки, Од қавмига юборилган мазкур шамол ҳар бир нарсани вайрон қилмаган, ҳар бир инсонни ҳалок қилмаган. Балки, вайрон бўлишга қобил бўлган нарсаларнигина вайрон қилган. Ҳалок қилиниши лозим бўлган кишиларнигина ҳалокатига сабаб бўлган. Ҳуд (алайҳиссалом) ва у кишига эргашган мўминларга зарар етмаган. Худди шунга ўхшаб, седана ҳақидаги “ҳар бир дардга шифо” деган сўзни шундай тушунмоқ лозим. У шифо бўла оладиган ҳар бир касалликка шифо. Мутлақ ҳар бир дардга эмас.
Ўзи умуман бу каби умумни ифода қилса ҳам мутлақ ҳар бир нарсани ўз ичига олмайдиган ибора ва услублар ҳар бир тилда мавжуд. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, ўзбек тилида ҳам бир одамга “бирор нарсага эҳтиёжинг борми?” десангиз “раҳмат, ҳамма нарса бор” деб жавоб бериши мумкин. Ҳолбуки, унда ҳамма нарса йўқ ва бўла олмайди ҳам. Балки, зарурий бўлган ҳамма нарсаси борлиги тушунилади.
Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар ва ояти карималардан ҳукм чиқариш ҳаммага эмас. Бугунги кунда седана қақидаги ҳадиси шарифнинг зоҳирига қаттиқ ёпишган ҳолда ҳар қандай касалга тавсия қилиш ҳолати кучайгандан кучайиб кетди. Одамлар мутахассисга бормасдан фақат қора седанадан тайёрланга озуқавий қўшимчаларнинг ўзи билан даволаниб, натижада касаллари оғирлашиб ўлиим билан тугаган ҳолатлар ҳам учраб турибди. Ўзим гувоҳи бўлган бир қанча ҳолатлар бор. Оиласидан айримлар ковидга чалинганда докторга олиб бормасдан “мана шуни ичсанг яхши бўласан, ҳадис бор. Ҳамма дардга шифо дейилган” дея фақат седана ва асал бериб ўпка тамоман ишдан чиққунча уйда сақлаб ўтиришган. Охири мусибат билан якун топган. Бошқа бир танишимнинг жигарида хасталик бор эди. Гепатит С билан оғриган эди. Докторларга бормасдан фақат қора сендана билан кифояланди. Натижада жигар циррозидан вафот топди. Аллоҳ раҳмат айласин.
Айтмоқчи бўлганимиз, седананинг албатта, фойдалари бисёр. Аммо, бу дегани ҳар бир дардда фақат седана ичса тузалиши кафолатланган дегани эмас. Умумий тақвия қилувчи, иммунитетни ошириш воситаси сифатида меъёрда истеъмол қилиб юриш фойдали. Бироқ, тушунинглар, юрак касал бўлса, кардиологга бориш керак. Жигар касал бўлса гепатолог ёки гасроэнтерологга, ўпкада ўзгариш бўлса, пульмонологга бориш керак ва ҳоказо. Балки, ўта хатарли ҳолатдадирсиз? Тезда чора кўрмаса, амалиёт ўтказилмаса ҳаётингиз хавф остида бўлган вазиятдадирсиз? Текширтириш керак. Касалликни ташхислаш ва ҳолатни ўрганиш керак.
Биз ҳозир мутавотир бўлмаган бир хабар яъни оҳод ҳадислар сирасидан бўлган бир ҳадиси шариф ҳақида сўз юритмоқдамиз. Ваҳоланки, мутавотир бўлган Қуръони карим оятларидан ҳам тўғридан-тўғри ҳукм олиш, зоҳирига қаттиқ ёпишиб олиш тўғри бўлмайди. Асал ҳақида Қуръони каримда “فيه شفاء للناس” яъни “унда одамларга шифо бор” дейилган. Шундай бўлсада, асал ҳам ҳар бир инсонга фойда қилмаслиги балки, баъзиларга зарар бериши мумкин. Бу эса у ёки бу инсоннинг мизожи ва хасталигининг турига қараб аниқланади.
Хаттобий юқоридаги ҳадис шарифда келган “ҳар бир дардга шифодир” деган иборани шарҳлар экан шундай дейди:
“قَوْله ” مِنْ كُلّ دَاء ” هُوَ مِنْ الْعَامّ الَّذِي يُرَاد بِهِ الْخَاصّ , لِأَنَّهُ لَيْسَ فِي طَبْع شَيْء مِنْ النَّبَات مَا يَجْمَع جَمِيع الْأُمُور الَّتِي تُقَابِل الطَّبَائِع فِي مُعَالَجَة الْأَدْوَاء بِمُقَابِلِهَا , وَإِنَّمَا الْمُرَاد أَنَّهَا شِفَاء مِنْ كُلّ دَاء يَحْدُث مِنْ الرُّطُوبَة”
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “ҳар бир дардга” деган сўзлари хос маъно ирода қилинувчи ом (умумий) сўзлар сирасига киради. Зеро, набототлардан бирортасининг табиатида дардларни уларнинг муқобили билан даволашда табиатларга мувофиқ келувчи барча нарсаларни қамраб оладиган хусусият йўқ. Балки, ҳадисдан мурод “рутубатдан ҳосил бўлувчи ҳар бир дардга шифо” эканлигидир”.
Айтилмоқчи бўляптики, шифобахш набототлар касаллик тури ва беморнинг мизожига қараб у ёки бу дардга даво бўлади. Бирор бир ўсимлик барча касаллик турига муқобил келувчи шифони ўзида жам қилолмайди. Иссиқлик туфайли юзага келган дардга иссиқлик бермайсиз. Совуқлик туфайли падо бўлган дардга совуқлик ичирмайсиз. Балки, нима сабабдан пайдо бўлган бўлса унинг зидди билан даволайсиз, ваҳоказо. Гемоглобин миқдори нормадан тушиб кетган кишига ҳижома қилинмайди. Иссиқлик туфайли қон босими ошиб кетган хастага қази-қарта, новвот чой ёки қаҳва берилмайди. Ваҳоланки, бу нарсалар ўзининг зидди туфайли юзага келган касалликларда шифо бўлади, Аллоҳнинг изни билан.
Шундай экан, умумий ҳолатда қора седана ва унинг ёғидан тайёрланган озуқавий қўшимчалардан истеъмол қилиш фойдали. Бироқ, соғлиғингизда ўзгариш сезсангиз фақат мазкур тақвия этувчи маҳсулотларнинг ўзи билан кифояланмасдан мутахассис шифокор билан истишора қилинг. Танангизда кечаётган жараён нимадан иборат эканлигини аниқланг ва шифокор кўрсатмаси бўйича иш тутинг. Чунки, у ўз соҳасининг мутахассиси. Айрим замондош муфассир уламоларимиз Аллоҳ таолонинг “فسألوا أهل الذكر إن كنتم لا تعلمون” (Наҳл:43) “агар билмасангиз зикр аҳлидан сўранг” ояти каримасидаги “аҳли зикр” ни “ҳар бир соҳанинг билимдонлари” дея изоҳлаганлар. Шунга кўра, ояти кариманинг мазмуни гўёки, “агар билмасангиз биладиганлардан сўранг” дегани бўлади.
Демак, седана ҳақидаги ҳадиси шарифда келган “ҳар бир дардга шифо” деган сўзнинг маъноси борасида уламолар иккига бўлинган. Бир тоифа унинг зоҳирини ушлаган ҳолда мутлақ тушуниб, “ҳақиқий маънода шундай. У ҳар бир дардга шифо”, деган бўлсалар, бошқа бир тоифа “мазкур ибора гарчи лафзан умумни ифода қилса-да, мазмунан хусусни тақозо қилади” дея седана ўзи шифо бўладиган ҳар бир дардга шифо дея маъно берганлар.
Агар бу икки йўлнинг ўртасини олиб, “седана барча дардларга бўлмаса-да аксар дардларга шифо” деб ҳисобласак ҳам дуруст бўлади, иншоаллоҳ.
Машҳур моликий олим ва фақиҳлардан қози Абу Бакр ибнул Арабий шундай дейди:
“الْعَسَل عِنْد الْأَطِبَّاء أَقْرَب إِلَى أَنْ يَكُون دَوَاء مِنْ كُلّ دَاء مِنْ الْحَبَّة السَّوْدَاء , وَمَعَ ذَلِكَ فَإِنَّ مِنْ الْأَمْرَاض مَا لَوْ شَرِبَ صَاحِبه الْعَسَل لَتَأَذَّى بِهِ , فَإِنْ كَانَ الْمُرَاد بِقَوْلِهِ فِي الْعَسَل ” فِيهِ شِفَاء لِلنَّاسِ ” الْأَكْثَر الْأَغْلَب فَحَمْل الْحَبَّة السَّوْدَاء عَلَى ذَلِكَ أَوْلَى“
“Асал табиблар наздида “ҳар бир дардга даво” бўлишга седанадан кўра яқинроқдир. Бироқ, шундай бўлса-да, хасталиклардан шундайлари борки, агар унинг соҳиби асал ичадиган бўлса зарарланиб қолади. Агарки, Аллоҳ таолонинг асал ҳақида айтган “унда одамларга шифо бор” деган сўзидан мурод аксар касалликларга шифо эканлиги бўлса (ҳолбуки шундай), қора дона (ҳақида айтилган сўз)ни ҳам шу маънога йўйиш (яъни, ҳар бир касалликка эмас балки, аксар касалликларга шифо деб тушуниш) авлодир”.
Алишер Султонходжаев