Бугунги кунда зангори экранларда намойиш этилаётган, келажакни нишонга олган, ёт ғояларга «тўйинтирилган» медиамаҳсулотлар аста-секин ўз таъсирини кўрсата бошлади. Болалар тилида жажжиларга умуман хос бўлмаган ноодатий ва нотабиий сўзлар пайдо бўла бошлади. Ажабтовур хатти-ҳаракатлари ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Ўзини қайсидир мультфильм қаҳрамонига ўхшатган болакайлар ҳақида ҳатто ота-оналарнинг ўзи фахр билан гапиради. Одат тусига кираётган «Менинг қизим Маша», «Ўғлим Кунг-фу Пандага ўхшайди» каби гапларни сиз ҳам эшитгандирсиз.
Аслини олганда, мультфильм томоша қилишнинг ҳеч қандай салбий томони йўқ. Лекин аксариятида ғоявий таъсир воситалари, боланинг руҳиятини шикастловчи, тўсатдан пайдо бўлувчи тасвир ва графикалар, овоз эффектларидан фойдаланиш ҳолатлари, тарбияни бузишга хизмат қилувчи иккинчи даражали элементлар кўзга ташланадики, буларнинг нақадар даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги олимлар томонидан аллақачон исботланган.
Кўпчилигимиз қандайдир сариқ мавжудотлар ҳақидаги «Минионлар» деган мультфильмни кўрганмиз. Унда ножинслилик тарғиботи (ҳозир аксарият ғарб кинематографияси маҳсулотларида бу одатий ҳолатга айлангани сир эмас), носоғлом одатларга ундаш ҳолатлари бор. Масалан, бир минион аёллар кийимини кияди, бошига парик тақиб олади. Шунингдек, улардан бирортаси фалокат туфайли ўлса, бунга бошқалари ё кулгили, ё умуман аҳамиятсиз воқеадек қарайди. Мультфильм форматининг сифатлилиги, сюжети қизиқлиги билан томошабинни ўзига тортади. Натижада эса турли ғояларни сингдирган, бизга арзимасдек кўринган нуқсонлар онг остида таъсир кўрсатишда давом этади.
«Маша ва маймоқ» мультфильмининг мазмунига кўра, асосий қаҳрамон Маша истаганча одобсизлик ва бузғунчилик қилувчи, шунга қарамай сира жазоланмайдиган образ. Ниҳоятда қайсар, фақат ўзини ўйлайдиган худбин қизалоқнинг қилган ишлари доим айиққа муаммо туғдиради. Ўрмондаги бошқа ҳайвонлар Машанинг овозини эшитиши билан ўзини панага олади. Чунки қизалоқ, албатта бир кўнгилсизликни «ташкиллаштиради». Афсуски, ундан ўрнак олаётган ва уни энг севимли мультқаҳрамони деб биладиган жажжи қизчалар ҳозир минглаб топилади.
Болалигимизда телевизорда «Покахонтас» деган мультфильм намойиш этиларди. Унда бир ҳинду қизнинг инсоний фазилатлари, ҳаммага ёрдам бериши, қабилаларни бирлашишга ундагани ҳақида ҳикоя қилинар, деярли ҳамма қисмида у бармоқларини бир-бирига кийиштирганча «Буюк руҳ»дан ёрдам сўрарди. Бу қайсидир диннинг одатларига жуда ўхшашини улғайгач, билиб олдим. Албатта, гап бу ҳақида эмас.
Аудиовизуал ахборотлар, айниқса, интернет ва телевидение орқали етказилган маълумотлар одамнинг диққатини тортади. Технологиялар ривожланиб бораётган даврда кино, мультфильм, умуман, компьютер графикаси орқали яратиладиган медиа- маҳсулотларни ишлаб чиқариш бир замонлардагидек мураккаб эмас. Маълум бир ғояни тарғиб этувчи, кимларнингдир манфаатига хизмат қилувчи медиа «восита»ни тарқатиш эса ундан ҳам осон. Бу жараённи мутлақ чеклашнинг иложи йўқ. Фақатгина келаётган ахборот оқимини фильтрлаш, миллий медиамаҳсулотни ишлаб чиқариш орқали бироз ҳимояланиш мумкин. Тўғри, мультипликация соҳасида ўзгаришлар қилинмоқда. Масалан, 2017 йил 28 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбеккино» Миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан агентлик ҳузурида «Мультипликацион фильмлар студияси» Давлат унитар корхонасини ташкил этиш кўзда тутилган. Ҳозирга қадар мамлакатимизда бир қанча сифатли мультфильмлар тайёрланган. Аммо, тан олиш керак, ишлаб чиқариш ва намойиш этиш борасидаги ишлар ҳали етарли даражада эмас. Мавжуд мультфильмларнинг аксарияти мазмун жиҳатдан қизиқ бўлса ҳам, аксарияти сифат жиҳатидан, яъни графикасининг соддалиги, мураккаб эффектлардан фойдаланилмаслиги сабаб болаларни жуда тез зериктириб қўяди.
Соҳа мутахассисларига ақл ўргатиш ниятим йўғ-у, лекин бугунги шароитда сусткашликка йўл қўймасдан, томошабин учун янада қизиқроқ, мазмун ва сифат жиҳатидан чет эл медиамаҳсулотларидан қолишмайдиган мультфильмлар ишлаб чиқарилса, аудиторияни жалб этиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ғоялардан бироз бўлса-да, ҳимоялаш имконияти пайдо бўлади. Ана шунда ҳеч қандай фильтрга ҳам, боланинг ёнида ўтириб воқеани таҳлил қилиб беришга ҳам ҳожат қолмайди. Қадимги Шарқ халқлари жуда бой маданий меросга эга. Бизгача етиб келган оғзаки ва ёзма манбаларда, жуда кўп ҳикоя ва ривоятлар, эртаг-у афсоналар мужассам. Улардан фойдаланиб болалар учун қанчадан-қанча ибратли, қизиқарли мультфильмлар тайёрлаш мумкин.
Аъзамжон АБУЛФАЙЗОВ,
ЎзДЖТУ талабаси
“Ишонч” газетасининг 2018 йил 1 март 26-сони