Етук аллома, фақиҳ имом Дабусийнинг тўлиқ исми Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо ад-Дабусий бўлиб, Абу Зайд унинг кунясидир. Аллома 978 йили (ҳижрий 360) йили Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги Дабусия шаҳрида туғилган. Дабусия шаҳри ҳозирги Самарқанд вилоятига қарашли Пахтачи тумани ҳудудларига тўғри келади. Бу зотнинг яшаган даври Аббосийлар ҳукмронлиги даврига тўғри келади.
Манбаларда аллома Дабусий туғилган шаҳар «Дабуса», «Дабус» деб ҳам номланган.
Бу зот Самарқанд ва Бухорода таҳсил олди. Фиқҳни Абу Бакр Жаъфар ал-Устуршонийдан таҳсил олган. Унинг ота-онаси, оиласи ва ёшлиги ҳақида таърих китобларида маълумотлар кам учрайди. Унинг «отам бу ҳадисни Бағдодлик шайхлардан ривоят қилган» деган гапидан келиб чиқиб, отаси Умар ибн Исо диний илмлардан хабардор бўлганини хулоса қилиш мумкин.
Абу Зайд ад-Дабусий яшаган даврда Мовароуннаҳрда илм-фан ривожланган бўлиб, ҳанафий ва шофеий мазҳаблари ўртасида илмий баҳс-мунозаралар, тортишувлар кучайган эди. У зот усулул фиқҳ олими ва ҳанафий олимларнинг катта фақиҳларидан бўлган, араб тилида шеърлар ҳам ёзган. Имом Дабусий Қорахонийлар даврида расмий қози вазифасида ишлагани сабабли у фиқҳий асарларда «Қози Зайд» деб номланган. Ҳаттоки ҳужжатларни келтиришда қарашлари ўта кучли бўлгани учун унинг номи зарбулмасал қилинган.
Ибн Холликон айтганидек бу зот хилоф илмида кўзга кўринган кишилардан бўлган. Бу алломани кўплаб ёзган китоблари бўлиб, улардан машҳурлари қуйидагилар:
- ал-Анвор
- Тақвиймул адилла (усулул фиқҳга оид).
- Таъсийсун назар (хилоф илмига оид).
- ал-Асрор (усул ва фуруъ масалаларига оид)
- ал-Амрул ақсо (ҳикматлар ва насиҳатларга оид)
- Шарҳу жомиул-кабийр (фуруъ масалаларига оид)
Алломанинг айниқса «Тақвиймул адилла» асари усулул фиқҳ фанининг ривожланишида улкан ҳисса қўшган манбалардан ҳисобланади.
Бу зот 1039 йили (ҳижрий 430 йили) Бухорода вафот этган. Имом Абу Бакр ибн Тархон яқинига дафн қилинганлар.
Аллоҳ таоло у кишининг бизга қолдириб кетган меъросларидан манфаат олишимизга муваффақ қилсин.
4-курс талабаси Улуғбек Ҳасанов