Араб тили дунё тиллари ичида энг кўп ўрганилган ва ҳануз ўрганилаётган тил ҳисобланади. У луғат бойлиги, қоидаларининг турли-туманлиги, бир калимани бир неча услубда ишлатиш имкониятларининг кўплиги билан мукаммалликда тиллар ичида ажралиб туради. Балки, шеваларининг жуда кўплиги билан ҳам дунёда юқори ўринни эгаллайди.
Бу тил Қуръони карим тили, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тиллари бўлгани учун ҳам уни ўрганиш йўллари саҳобаи киромлар давридаёқ ишлаб чиқилган. Араб тилини ўрганиш учун ҳам бошқа тилларни билиб олиш учун керак бўладиган луғат, морфология, грамматика, яъни сарф ва наҳв илмлари мукаммал ўрганилади. Шу билан бирга араб тилида мукаммал гаплашиш ва уни тушуниш учун албатта, балоғат фани қоидаларини яхши билиш керак.
Балоғат илмининг луғавий ва истилоҳий маъноларига назар ташлайдиган бўлсак, «Балоғат»нинг луғавий маъноси «булуғ ва вусул», яъни эришиш ва етишишдир. Истилоҳда эса, Қуръони карим ва ҳадиси шариф тили бўлмиш араб тилининг сир-асрорларини очувчи, унинг нозик ва нафис жиҳатларини кўрсатувчи, балоғати ва фасоҳатини англашни ўргатувчи илм «Балоғат илми» дейилади. У илми маъоний, илми баён, илми бадиълардан иборат. Балоғат илмидан ҳижрий иккинчи асрдан бошлаб китоблар ёзила бошлаган[1]. Балоғат илмини таҳсил қилиш орқали Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар маъноларини тўғри тушуниш ва нозикларини теран англаш осон кечади ҳамда Қуръони каримнинг фасоҳат ва балоғат эътиборидан мўъжизакорлиги кашф бўлади. Шу боисдан, Қуръони карим тафсири, ҳадиси шарифлар шарҳи ва шариат китобларини ўрганмоқчи бўлган киши юқорида таъкидланганидек, луғат, сарф, наҳв илмлари билан бир қаторда балоғат илмини ҳам пухта эгаллаши лозим. Шунингдек, мумтоз адабиётимиз дурдоналари ҳисобланган шеър ва ғазалларда ҳам мажоз, ташбеҳ, истиъора, киноя каби балоғат қоидаларидан кенг фойдаланилган. Демак, буюк аждодларимиздан қолган бой адабий меросимизни тўғри ва чуқур ўрганиб бошқаларга ҳам етказишимизда балоғат илми катта аҳамият касб этади.
Бу илм бошқа фанлардан ўзининг фазилати билан ажралиб туради. Зеро, унинг луғат сир-асрорларини очишда ва хазиналарини кашф этишда бетакрор ўрни ва услублари бор. Шунинг учун ҳам у тилнинг нозик, нафис ва дақиқ жиҳатларини ўрганишда беқиёсдир.
Шунингдек, бу илм тил мусобақалари ва суҳандонлик беллашувларида олий мукофотни қўлга киритиш усулларини чуқур ўргатади. Бу билан ақлларни лол қолдирувчи жумлалар тузиш, ҳолат тақозосига мувофиқ тарзда сўзлаш, бир сўзни турли маъноларда нуқсонсиз ишлатиш малакаларини ривожлантиради. Кўнгилдаги мақсадни чуқурроқ, кенгроқ ва тушунарли ҳолатда баён қилиш тажрибасини камолга етказади. Бу эса балоғат илмига эҳтиёж нақадар кучли эканини билдиради.
Балоғат илми бир-бирини тўлдирувчи бўлган учта илм: илми маъоний, илми баён ва илми бадиъдан таркиб топган.
Илми маъонийда арабий лафзларнинг ишлатилиш усуллари ва баъзи сўзларнинг ўрни ва салмоғи ҳақида баҳс юритилади. Илми баён эса, керакли мақсадни ифодалаш ва етказишда, шунингдек, таъсирини оширишда сўзларнинг ҳақиқий ва кўчма маъноларидан фойдаланиш усулларини; Илми бадиъ эса, илми маъоний ва баёнлардан фойдаланган ҳолда гапириладиган ёки хатга тушуриладиган мақсадларни чиройли, бадиий, қофияли, жарангли ва сўзларни бир-бирига уйғун қилиб келтириш услублари ҳақида баҳс қилади.
Балоғат фани бўйича ҳижратнинг II асридан бошлаб китоблар ёзила бошланган. Энг биринчи бўлиб илми Баён ҳақида китоб ёзилган дейиш мумкин. 206 ҳижрий санада вафот этган Абу Убайда Маъмар ибн ал-Мусанний ал-Басрийнинг “Мажозул-Қуръон” китоби илми баённинг биринчи бўлиб алоҳида илм сифатида шаклланишига тамал тошини қўйди. Абу Убайда Халил ибн Аҳмаднинг шогирди бўлиб, ҳазрат Сибавайҳнинг устозидир.
Илми маъоний ҳақида биринчи бўлиб қалам тебратган олим ким эканлиги маълум эмас. Бу борада кўплаб муаллифларнинг асарлари мавжуд. Лекин, услубида ягона бўлган, адиблар сардори дея танилган Абу Усмон Амр ибн Баҳр ал-Жоҳизнинг “ал-Баён ват-табйин” ҳамда “Иъжозул-Қуръон”[2] номли китоблари улар орасида алоҳида ажралиб туради. У кишидан кейин Абу Аббос ал-Мубаррад “ал-Комил” асари билан, ибн Қутайба “аш-Шеър ваш-шуаро” китоби билан бу фанга ўз ҳиссаларини қўшдилар.
Балоғатнинг бадиъ илми бўйича биринчи бўлиб асар ёзган олим халифа Абдуллоҳ ибн ал-Муътазз ибн ал-Мутаваккил ал-Аббосийдир. У гап безаги, яъни бадиий тасвир воситаларини чуқур ўрганиб, улардан ўн еттитасини ўзининг “ал-Бадиъ” асарида келтириб ўтади. Кейинги асрларда ҳар бир олим бу илмни ривожлантирди. “Ас-Саноъатайн” асари соҳиби Абу Ҳилол ал-Аскарий, “ал-Умда” соҳиби ибн Рашиқ, буюк ватандошимиз муфассирлар устози “ал-Кашшоф” асари соҳиби Маҳмуд ибн Умар аз-Замахшарий ва бошқаларни санаш мумкин. Балоғат илми борасида ёзилган китобларнинг энг зўрини, шайх имом Абдулқоҳир ибн Абдурраҳмон ал-Журжоний ўзларининг “Далоилул-иъжоз” ва “Асрорул-балоға” китобларида ёзган. У кишидан кейин бўлса, форс юртида туғилган Абу Яъқуб Юсуф ас-Саккокий бу илм борасида китоб ёзганлар. Китобларининг номи “Мифтоҳул-улум”дир.
Аллоҳ таоло бу илм борасида, унинг ривожланиш йўлида ҳаракат қилган барча олимлардан Ўзи рози бўлсин. Бизларни ҳам балоғат илмида забардаст олим бўлиб етишмоғимизни Аллоҳ таолонинг Ўзи насиб айласин! Омин!
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Мирзақосимов Зокиржон
[1] www.islom.uz