islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони Карим жамланиши

Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилинган, тиловати ибодат бўлган Аллоҳ таолонинг каломидир. Қуръони Карим ваҳий нозил бўлишидан бошлаб ёзила бошлаган ва Қуръони Карим ёзилиши уч босқичда бўлган.

Биринчи босқич. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига нозил қилинган Қуръони Карим оятларини ёзишга буюрар эдилар. Ва ўзларин тайинланган котиблар ҳам бор эди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шу котиблардан эди. У зот “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котиблари” деб ном олган эдилар.

Қуръони Карим у даврда турли саҳифалар ва териларга ёзилган эди. Бироқ бир жойга жамланмаганди, балки мусулмонлар қўлларида тарқоқ ҳолда бўлган. Умар розияллоҳу анҳу ҳам сингиллари уйида “Тоҳо” сураси ёзилган саҳифани ўқиб, таъсирланиб исломга кирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Қуръон ёзилганди, лекин бир жойга жамланмаган эди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг, Аллоҳ таоло Қуръонни сақлашлик ваъдасига вафо қилиб, халифаларнинг қалбига Қуръонни жамлашликни илҳом қилди.

Иккинчи босқич. Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида Қуръонни жамланиши.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида муртадлар билан жангларда кўплаб қори саҳобалар шаҳид бўлди. Улар нафақат қори, балки хайрли ишларда ҳам бошқалардан пешқадам эдилар.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга Қуръонни жамлашликни тавсия қилди. Аммо Абу Бакр розияллоҳу анҳу “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қиламан”,- дедилар. Яна айтдилар “Умар менга бу борада қайта қайта мурожаат қилавергач , Аллоҳ мени ҳам қалбимга солди ва бунда яхшилик борлигини кўрдим”.

Бу масъулиятли ишга Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу танланди. У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврида Қуръонни ёзиб юрардилар. Одамлар қўлларидаги Қуръон саҳифаларини олиб келишди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бу саҳифаларни қабул қилишда хотираларига таянмадилар, балки ўзлари билан икки гувоҳ олиб келишни шарт қилдилар. Ва олиб келинган саҳифаларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўргатган тартибда жамладилар. Қуръони Карим тўлиқ жамлангач, бу мусҳаф дастлаб Абу Бакр розияллоҳу анҳуда, у зот вафотидан сўнг, Умар розияллоҳу анҳуда ва у зот вафотидан кейин, қизлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари Ҳафса бинти Умар розияллоҳу анҳода турди.

Учинчи босқич. Усмон розияллоҳу анҳунинг даврида бир неча нусхада жамланиши.

Бу пайтга келиб Ислом олами кенгайиб, мусулмонлар кўпайиб қолган эди. Шу сабаб Қуръон қироатида турли ихтилофлар юзага кела бошлади. Бу саҳобаларни ташвишга солди, чунки бу Қуръонга қўшимча сўзлар кириб қолишига, баъзи ўринлари ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин эди.

Усмон розияллоҳу анҳунинг буйруғи билан Қуръони Каримни бир неча нусхада кўчириш бошланди. Бунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврида ёзилган, айни вақтда Ҳафса розияллоҳу анҳода бўлган мушафдан фойдаланилди. Бу ишга тўрт нафар саҳоба киришди. Булар Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саид ибн Ос ва Абдураҳмон ибн Ҳорис розияллоҳу анҳум. Бу иш ҳижрий 24-йил охири, 25-йил аввалида бошланди. Аммо қанча вақт ёзилгани маълум эмас.

Неча нусхада ёзилгани тўғрисида ҳам турли ихтилофлар бор.
Абу Амр Доний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аксар уламолар тўрт нусхада ёзилган дейдилар. Уларни бири Куфага, бири Шомга, Яна бири Басрага юборилган. Бир нусхаси эса Мадинада Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурида қолган”.

Имом Суютий эса бешта бўлган ден айтадилар.
Яна баъзи ривоятларда уламолар олтита дейдилар.
Имом Абу Довуд Абу Ҳотим Сижистонийдан ривоят қилади: “Усмон розияллоҳу анҳу Мусҳаф жамлангач, ушбу етти мусҳафни шаҳарларга юборган. Куфага Маккага, Басрага, Шомга, Яманга, Баҳрайнга ва бир нусхасина ўзларида олиб қолган”.

Бугунги кунда ушбу мусҳафлардан бири Тошкентда Хазрати Имом мажмуасида сақланмоқда.

 

3- курс талабаси Олимжонов Ҳабибуллоҳ

283860cookie-checkҚуръони Карим жамланиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: