Фиқҳий мазҳаб имомлари Қуръон ва Суннатни кишиларга осонлик билан тушунтирган ва уларга амал қилиш йўлларини мусулмонларга ўзига хос услуб билан баён қилиб берган катта алломалардир. Улар ҳеч қачон ўзларининг илоҳийлаштирилишини ёки қандайдир устунликни талаб қилмаганлар. Балки ўз меҳнатлари, илм, одоб ва тақволари билан мусулмонлар эҳтиромига сазовор бўлган зотлардир.
Уламоларимиз фиқҳий мазҳаблар имомларини ва уларнинг ишларини қуйидаги мисол билан тушунтирадилар:
“Бу дунёдан яхши яшаб, яхши ўтиш худди тоғнинг чўққисига эсон-омон чиқишга ўхшайди. Қуръон ва Суннат ўша чўққига чиқишни кўрсатадиган харита ва қўлланма. Мазҳаб имомлари эса ушбулардан фойдаланиб, чўққига чиқишнинг энг осон ва бехатар йўлини топиб, белги қўйиб, осонлаштириб қўйган кишилардир.
Фиқҳий мазҳабларни инкор қилувчилар эса ўша тоғнинг тагига келиб, харита ва қўлланмани олиб, чўққига чиқиш учун ўзига янги йўл топишга ҳаракат қилаётган одамга ўхшайди. Илми, кучи, имконияти бўлса, чўққига чиқиш эҳтимоли бор. Бўлмаса, қулайди. Чўққига чиқишига ёрдам берадиган илм, куч ва имконият эса камида мазҳаббоши имконига тенг ёки ундан кўпроқ бўлиши керак”.
Муслим ва Абу Довуднинг ривоятида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон такбир айтсалар, қўлларини кўтарар эдилар. Сўнгра кийимларига ўраниб чап қўлларини ўнг қўллари билан ушлар эдилар», дейилган.
Ҳадиснинг зоҳиридан такбир айтиш билан икки қўлни кўтариш бир вақтда бўладиганга ўхшайди. Уламолар олдин қўлни кўтариб, кейин такбир айтади, дейишган. Шунингдек, ҳадиснинг зоҳиридан, қўлини елкаси баробар кўтаради, дегани аниқ бир нарсани билишни қийинлаштирганга ўхшайди.
Лекин Ҳанафий ва Моликий мазҳаби уламолари бош бармоғининг учини қулоқларининг юмшоқ жойига текказади, деганлар. Улар бу гапни ўзларидан чиқармаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ҳадисларидан далил олиб айтганлар.
Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда у киши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўргани айтилган.
Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳовайҳ, Дора Қутний ва Таҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.
Имом ал-Ҳоким ва Дора Қутнийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.
Шулардан такбири таҳрима, яъни, намозга киришдаги биринчи такбирда юқорида васф қилинганидек қилиб икки қўлни кўтаришни ҳамма бир овоздан қабул қилган ва унга амал қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам минглаб, ўн минглаб одамларнинг олдида қайта-қайта ўқиган нарсада бу ҳол бўлиши мумкин эмас. Намозни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ ўқиганлари ҳақидаги тўлиқ, мутавотир ва машҳур ҳадисларда эса такбири таҳримадан бошқа жойда икки қўлларини кўтарганлари ривоят қилинмаган. Шунинг ўзи рукуъда икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадиснинг кучини қирқади.
Абу Довуд, Таҳовий ва Ибн Абу Шайбалар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намозни бошлашга такбир айтсалар, икки қўлларини қулоқларининг юмшоқ жойларигача кўтарар, сўнгра уни қайтармас эдилар», дейилган.
Таҳовий Мужоҳиддан қилган ривоятда:
«Мен Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг орқасидан намоз ўқиганман у киши биринчи такбирдан бошқа жойда икки қўлини кўтармас эди», деган.
Шунингдек, ҳазрати Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳу ҳам ўзлари икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадис ривоят қилган бўлсалар ҳам намозда қўлларини кўтармас эканлар. Бу ҳам ўша амални насх бўлганини кўрсатади.
Ўтган салафи солиҳлар ҳам бу масалада иккига бўлинган эканлар. Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари уларнинг исмларини ўз тарафдорлари рўйхатида келтиришади.
Уламолар илмий баҳс қилдилар, китобларига ёздилар, атбоълар амал қилдилар ва ҳаммалари ўтиб кетдилар. Ҳаммаси ҳам ижтиҳодига, ниятига қараб топадиганларини топдилар.
Лекин бугунги кунда бу масалани омма мусулмонлари фикрини чалғитиш, кишилар ўртасида хилоф, уруш-жанжал чиқариш учун дастак қилиб олишимизнинг нима кераги бор?
Намозда рукуъга кетаётиб икки қўлни кўтариш ҳақидаги ҳадисни чала тушуниб олиб, ҳаммаёққа жар солиб ўтган азизларни қоралашга нима бор?
Ҳар ким ўз мазҳабига амал қилаверсин. Биров бировни қораламасин, ҳақорат қилмасин. Ҳанафий Шофеъийга осилмасин, Шофеъий Ҳанафийга. Балки, икки тараф тортишувга кетадиган вақт, куч-қувват ва бошқа имкониятларини бенамоз бўлиб юрган сон-саноқсиз одамларга намоз ўргатишга сарфласинлар.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Ҳайтмурат Ережепов
Фойдаланилган адабиётлар:
- «Фатҳу бобил иноя би шарҳин нуқоя».
- «Нухабул афкор фи шарҳи маъонил осор». Имом Бадруддин Айний
Интернет сайтлари: