islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

  Кийиниш одоблари

          Кийиниш одоблари ҳақида нималарни биласиз?  

         Ховлингиздан ёки хонадонингиздан дарвоза ҳатлаб кўчага чиқдингизми, сиз жамоат жойидасиз. Сизни ҳамма кўради, сиз ҳаммани кўрасиз. Кимларгадир буни айтиш, зслатиш керак эмас аслида.  Лекин анча мулоҳазадан сўнг маданиятнинг бу оддий жиҳати тўғрисида айтиш зарурати бу ҳақда фикр юритишга ундади.

       Хўш, айтингчи, сиз кўчага чиқмоқчисиз, биринчи навбатда нима қиласиз? Энг аввало, эгнингиздаги кийим-бошингизга мундоқ қарайсиз. «Шундай ҳолда кўчага чиқсам бўлаверадими? ёки…» деб ўйлаб қоласиз. Кейин қаерга бормоқчи бўлсангиз, ўшанга яраша кийинасиз ва остона ҳатлайсиз.

      «Уйдаги гап кўчага тўғри келмайди» деганидек, уйдаги кийим ҳам кўчага тўғри келмаслигини жуда яхши биласиз. Бироқ, тўғрисини айтиш керак, баъзида кўча-кўйда ғалати» кийинган одамларни учратиб қоляпмиз. Бу эринчоқликми ё атайин шундай қилишми ёки шошилишданми, барибир, ҳеч бирини оқлаб бўлмайди. Кўчага чиқдингизми, албатта, кўчага мос кийиниш керак.Масалан, ҳар қандай уйда оиланинг ҳар бир аъзоси киядиган уй шиппаги (тапочка) ёки калиш бўлади. Аёлларнику-ю, зркакларга тўғри келмайди. Лекин эркакларники ундай эмас. У ҳаммагаям мос келиши мумкин. Гоҳида шошилиш баҳонасида аёл эркаклар шиппагини “шиппагимга бирров қарамайди ҳам” деб кийиб олади. Шу пайтда қўшниникига ёки бошқа жойга чиқишга тўғри келиб қолади …

        Баъзан эгнида уйда кийиладиган халат билан бир ёки икки бекат юрадиганлар, хатто автобусга чикадиганлар бор. Айримлар фақат уйда киядиган, нимадир доғи теккан, ювиш зарурати бор кўйлак-лозимини алмаштиришга эринади. Бошига рўмол ташлаш етарли, деб уйлайди.

        Аёл ҳар қандай ҳолатда ҳам аёллик ибосини сақлаши зарур. Бу аввало унинг кийимида акс этиб туради. Инсонга биринчи навбатда кийган либосига қараб баҳо берилади. Либос эса ҳеч кимда ҳайрат ёки эътироз туғдирмаслиги керак.

        Хеч ким юзингизга «Кийинишингиздан ғашим келаяпти», демайди. Аммо, одамларнинг назари ҳаммасидан муҳим. Бировнинг зътирозли назари тушмайдиган ҳолда кийиниш керак. Айримларнинг юзида эътироз билиниб қолади, баъзиларда эса билинмайди. Лекин хаёл ҳаммада бир хил бўлади.

       Баъзилар одамлар назарини назар-писанд қилмайдилар. Яъни уялмайдилар. «Ким нима деса десин» қабилида иш тутадилар. Бу гап кўпроқ эркакларга тегишли . Шу ўринда ибратли бир мисол айтмоқчимиз. Масалан, Германияда мўйсафид киши уйидан 100 метр наридаги дўкондан нон харид қилмокчи, дейлик. У биринчи навбатда соқолини олади. Кейин яхшилаб кийинади. Керак бўлса, галстук ҳам тақади. Туфлисини яхшилаб чўткалайди. Шундан кейингина кўчага чиқади.

      Бу ерда Олмон хаётини ибрат қилиб кўрсатмоқчи эмасмиз. Лекин яхши одатларни ҳам ўрганиш керак.

       Баъзи одамлар дўконга бориш керак бўлса, уйида телевизор кўриб ётган «пижама»да қайта кийиниб ўтирмайди, ўзининг «нуфузли одам» эканини намойишкорона билдириб, жамоат олдида пайдо бўлади. У шундай ҳолатда хатто машина ҳам ҳайдаши мумкин.

       Фақат ётганда кийиладиган шалвор ёки «трико»да, оёғига шиппакни илиб, бир неча дўконларга кириб-чиқадиганлар бор.

       Уйидан салкам бир километр масофадаги дўконга майкачан ёки майканинг устидан  юпқа чопонни (янгисини эмас) ташлаб борадиганлар ҳам учрайди.

       Бирон яхши кийим урф бўлса, агар ҳаммага ёқса, кўриб, мамнун бўламиз. Агар кўрган одам­нинг энсаси қотадиган, ҳамманинг кўнглидан «Кийиминг қурсин» деган хаёл ўтадиган ҳолда бўлса, кўзлар ундан тезда олиб қочилади.

       Шу ўринда бир мулоҳазани айтиб кетмоқчиман. Халқимизнинг жуда бағри кенг, яхши нарсага ҳам, ёмон нарсага ҳам тез кўникади. Аслида, бу яхши ҳислат. Шу билан бирга халқимиз эл назарини муқаддас билади. Ана шу назардан қолмасликка ҳаракат қилади.

        Уят ҳисси тўғрисида гапирганда ёзнинг жазирамаси баҳонасида бемалол калта иштон (шортик) кийиб юрганларни кўриб ҳайрон коласан киши. Аллоҳ ҳаммани бирдек яратган. Нега бошқалар исимайди-ю, у исиб кетади? У бошқачами? Йўқ. Унда уят йўқ!

      «Одамнинг маънавий камолотида қай поғонага кўтарилганини нимадан уялиши ва уялмаслигидек аниқ кўрсатиб берадиган нарса йўқ», деган эди Лев Толстой. Уялмаслик эса кўпчиликнинг наза­рини ҳисобга олмасликдан келиб чиқади.

       Жамоат жойига боряпсизми, энг аввало кийимингизга бир қаранг. Шундай кийиниш керакки, сизга ҳеч кимнинг эътирозли нигоҳи тушмасин. Фақат ўзини эмас, бошқаларни ҳам уйлайдиган одамнинг кўнгли равшан бўлади.

       Аёллардан фарқли ўлароқ эркакларда «мода» ўзгармайди. Уни мажбуран «ўзгартирмоқчи», яъни «янгилик» киритмоқчи бўлганлар эл назаридан қоладилар.

        Баъзилар кийиниш масаласига бунчалик катта эътибор беришнинг боиси нима, ахир бу арзимаган нарсаку, дейишлари мумкин. Аввало, кийиниш арзимаган нарса эмас. Қолаверса, Исломда инсон ҳаётининг арзимайдиган томонлари йўқ, балки динимизда инсон ҳаётининг барча соҳалари баравар эътиборга сазовордир. Инсоннинг кийиниши унинг ички-маънавий дунёсининг сиртда акс этишидир, дейишимиз мумкин. Қайси инсонда уят, ҳаё, ор-номус каби тушунчалар бўлса, ўша инсон ўз обрўсини сақлайдиган, бошқаларнинг нафратини қўзғатмайдиган ҳолатда кийинади.  Бунинг устига, кийим-бош инсоннинг доимий ҳамроҳи бўлгани учун, унга таъсир қилиши турган гап. Мисол келтирадиган бўлсак, аскарларга ўзига хос кийим кийдириш ҳамма халқларда қадимдан одат бўлиб келган. Бу аввало, аскарларга ўз вазифасини адо этишда қулайлик туғдирса, иккинчидан, махсус кийим уларга таъсир қилиб, аскарлик руҳини тутиб туришда, кучайтиришда иш беради. Ҳатто оддий одам аскар кийимини кийиб олса, аскарларга ўхшаб шахдам юришга интилиб қолиши ҳам шундан.

        Мана шу ва шунга ўхшаш бошқа кўпгина мулоҳазаларга кўра, Исломда кийим-бошга алоҳида эътибор берилган.

       Исломдан олдинги даврларда дунё кийиниш, уй тутиш, умуман, маиший маданият бўйича инсон номига доғ бўлиб тушадиган бир ҳолатда эди. Ҳеч ким бу соҳа бўйича ҳалол-ҳаром ёки савоб-гуноҳ деган нарсани билмас эди. Шахсий ва умумий озодалик ҳақида-ку, гапирмасак ҳам бўлади.

       Исломнинг инсонни мукаррам қилиш бўйича кўрган чоралари ичида либос масаласи ҳам бор. Бу масалада инсоннинг кийиниш маданиятига риоя қилиши ўзи учун обрў ва мартабалиги, гўзаллик ва зийнатлиги, жамиятнинг бошқа аъзоларини эса ҳурматлаш экани тушунтирилди.

        Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири ҳам либосдир. Одамнинг аврати – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарурияти киши авратини ўзгалардан пинҳон тутишидадир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Шу боис либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ кийган инсонгина зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос, асл либос тақво либосидир.

        Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо бошқа соҳаларда ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилари кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлашди. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина кийдилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради. Шунинг учун ҳам Ислом бу ишларда ўз таълимотларини жорий қилди.

       Улуғ аллома Абу Ҳомид Ғаззолий «Қалб ажойиботлари» номли китобида кўркам ва қимматбаҳо кийимларга ўчлик шайтоннинг инсон қалбини забт этиш учун кирадиган эшикларидан бири экани ҳақида ёзган. Дарҳақиқат, шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатланишга чорлаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади.

       Одобимизда айниқса аёлларнинг кийинишига катта эътибор билан қаралган. Уларнинг юзи, икки қўл кафтидан бошқа ҳамма жойи уятли (аврат) бўлгани учун, у бегона назарлардан яширилиши ва кийиниш ҳам шунга муносиб бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда айрим қиз-жувонлар ўртасида урф бўлганидай, енги ва этаги калта, кўкси очиқ кийимлар, гавда ва аъзоларини «кўз-кўз» қилиб турувчи тор ва юпқа-ҳарир кўйлаклар, энг ачинарлиси, кўкрак, киндик ва болдирларини очиб, ҳаммага намойиш қилиб юришлар одобимизга мутлақо зиддир.

       Бошқа соҳаларда бўлгани каби, кийиниш борасида ҳам мусулмон инсон аввало ҳалол-ҳаромга эътибор бериши лозим бўлади. Унинг киядиган кийими ҳалол касб билан топилган бўлиши ва уни кийиш шаръан ҳаром бўлмаслиги керак.

“Тиллар” кафедраси катта ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин томонидан бу маълумот тайёрланди.

302441cookie-check  Кийиниш одоблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: