islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Валийлик тушунчаси ва унинг мартабалари

Валий луғатда “яқин”, “дўст” каби маъноларни билдириб, кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса: “Имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи доимий равишда Роббисининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади”[1].

Валий – тасаввуфда Аллоҳнинг  зоти  ва  сифатларини  яхши билган,  унинг  буйруқларини  бажариб,  гуноҳ  ишлардан  ўзини  сақловчи, дунё лаззати ва шаҳвоний ишлардан юз ўгирувчи киши. Авлиё сўзи “азиз” сўзи билан бирга  ҳам  ишлатилади.  Масалан, “азиз-авлиёлар” тасаввуфда ўзининг кашфу кароматлари  билан  танилган  тариқат  шайхларига,  пиру  муршидларга  нисбатан кўлланилади.  Ислом  анъанасида  валийлар қайсидир бир иши, хизмати ёки хислати туфайли Аллоҳга яқин бўлиб қолган, дуолари мустажоб, солиҳ, қобил, камтар кишилардир. Валийлар пайғамбарлар даражасидан  кейин  туради.  Ислом  ақидаси бўйича  валийлар  ҳар  қанча  кашфу  кароматга эга бўлмасин бир оддий пайғамбарнинг мартабасига ҳам ета олмайди[2].

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг маълум бир бандаларга валий эканлигини, баъзи бир бандалар У Зотнинг авлиёлари эканини айтиб ўтган.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб, бут ва санамларга ибодат қилаётган ва ҳидоятга эргашмаган мушрикларга шундай деб хитоб қилишни буюради:

﴿إِنَّ وَلِـِّۧيَ ٱللَّهُ ٱلَّذِي نَزَّلَ ٱلۡكِتَٰبَۖ وَهُوَ يَتَوَلَّى ٱلصَّٰلِحِينَ١٩٦﴾

“Албатта, менинг валийим Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳларни валий (дўст) тутадир”[3].

Аллоҳ таоло Юнус сурасида:

﴿أَلَآ إِنَّ أَوۡلِيَآءَ ٱللَّهِ لَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٦٢﴾

“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг валийларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар”[4], деган.

Аллоҳнинг валий (дўст)ларига бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳеч қандай хавф йўқдир. Улар икки дунёда ҳам тўлиқ омонликдадирлар. Улар бу дунёда Аллоҳга валий – дўст бўлганлари учун, У Зотнинг кўрсатмалари бўйича ҳалол-пок, тўғри яшаганлари учун уларга ҳеч нарса хавф-хатар солмайди. Уларнинг соғлигига, молу мулкига, обрў-эътиборига, оиласига, жонларига, умуман, ҳеч нарсаларига ҳеч қандай хавф йўқ.

Шунингдек, охиратда ҳам уларга дўзахнинг, ундаги азоб-уқубатларнинг ҳеч қандай хавфи йўқ.

Аллоҳнинг валий (дўст)лари бу дунё ва охиратда ҳеч хафа ҳам бўлмаслар. Улар доимо хурсанд бўлурлар.

Ана шу бахтиёр шахслар, Аллоҳнинг валийси – дўсти бўлиш шарафига муяссар бўлганлар, икки дунёда хавфдан холи бўлганлар, икки дунёда хафа бўлмайдиганлар кимлар?

﴿ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ٦٣﴾

 “Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир”[5].

Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало У Зотга иймон келтириш, иккинчидан эса тақводор бўлиш, яъни Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўз-ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳ таолога дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир. Аллоҳ таолога дўст бўлганларга эса:

﴿لَهُمُ ٱلۡبُشۡرَىٰ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِۚ لَا تَبۡدِيلَ لِكَلِمَٰتِ ٱللَّهِۚ ذَٰلِكَ هُوَ ٱلۡفَوۡزُ ٱلۡعَظِيمُ٦٤﴾

 “Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир”[6].

Аллоҳнинг валийлари – дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила аввало бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар.

Мазкур хушхабар Аллоҳ таолонинг сўзларидир.

“Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша буюк ютуқдир”.

Қуръони Карим таърифи бўйича валий, унинг сифатлари ва даражаси шундан иборат.

Аҳли тасаввуф эса валийни турлича таъриф қилганлар. Агар эътибор бериладиган бўлса, ўша таърифлар тақво ва ибодат, яхши хулқ ва олиймақом исломий сифатлар соҳиби бўлган валийнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган банда эканлиги хусусидадир.

Аммо валий маъносидаги тушунчаларда ҳаддан ошиш ҳам бўлган. Шийъа мазҳабидагилар “Валий алоҳида бир мартаба бўлиб, у фақатгина ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга берилган”, деган фикрни олдинга суришган.

Баъзи тарихчиларнинг таъкидлашларича, валий ҳақидаги тушунчани биринчи бўлиб тасаввуфга киритган ва бу ҳақда алоҳида китоб ёзган шахс Ҳаким Термизийдир.

Валийлар ҳақидаги фикрлар аста-секин ҳаддидан ошиб бориб, эътиқодга мутлақо зид бўладиган гапларни ҳам айтишгача етганлар.

Масалан, Муҳйиддин ибн Арабий ва баъзи унга ўхшаганлар: “Хотамул авлиё анбиёлардан афзал бўлади”, дейишгача етганлар.

Доктор Соиҳ Али Ҳусайн ўзининг “Ламаҳотун минат-тасаввуфи ва тарихиҳи” номли китобида “Ибн Атоуллоҳ Сакандарийнинг қуйидаги гапларини келтиради: “Шайхимиз Абул Аббос розияллоҳу анҳунинг “Агар валийнинг ҳақиқати кашф қилинса, унга ибодат қилинарди. Чунки унинг сифатлари ва белгилари У Зотнинг сифатларидандир”, деган гапларини нутқ қилиш менинг тилимга қанчалар оғирлигини билсангиз эди”.

Аммо ўзини билган сўфийлар валийни Қуръони Карим ва Суннати мутоҳҳара маъноларидан келиб чиқиб таъриф қилганлар.

Бу ҳақда Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи:

“Валий Аллоҳ таолони билувчи, Унинг тоатида бардавом бўлувчи ва У Зотга ихлос ила ибодат қилувчидир”, дейди.

Замонлар ўтиши билан валийлар хусусида турли қарашлар вужудга келгач ва ихтилофлар кучайгач, уламоларимиз валийлар ва уларнинг кароматлари ҳақидаги масалани ақоид китобларимизга киритишга мажбур бўлганлар.

“Ақидатул муъмин” китобида валийларнинг тўрт мартабада бўлишлари баён қилинган:

“Энг олий мартаба – бу мартаба набий ва расулларнинг мартабасидир. Аллоҳ таоло тарафидан уларга ато қилинган кароматлар мўъжизалар бўлган. Улар бу мўъжизаларни тўғри йўлга чақириш учун ҳужжат қилиб келтирганлар.

Юқори мартаба – бу мартаба пайғамбар алайҳиссаломларга эргашган, уларнинг яқин ёрдамчилари бўлган пешқадам кишиларнинг мартабасидир. Буларнинг мартабалари Аллоҳнинг элчисига қанчалик яқин бўлганлари эътиборидан бир-бирларига нисбатан турли даражаларда бўлган.

Ўртача мартаба – бу мартаба ўртача даражадаги ўнг тараф эгаларидан бўлган иймон ва тақво аҳлларининг мартабасидир.

Паст мартаба – бу мартаба иймон ва тақвода заиф бўлган, ўзларига зулм қилган кишиларнинг мартабасидир.

Ояти каримада солиҳ бандалар ҳақида шундай баён қилинган:

“Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик. Бас, улардан ўзига ўзи зулм қилувчилари бор, улардан ўртачалари бор ва улардан Аллоҳнинг изни ила яхшиликларга ўзувчилар ҳам бор. Ана шу айни улуғ фазлдир”[7].

Ушбу ояти каримада инсонларнинг уч тоифаси зикр қилинган:

Ўзларига зулм қилувчилар;

Ўртачалар;

Яхшиликларга ўзувчилар.

Кейинги ояти каримада мазкур уч тоифанинг барчалари жаннатга киришлари, тилло билакузуклар ва инжулар билан безанишлари, либослари ипакдан бўлиши баён қилинган. Бу нарса эса иймон ва тақвода заиф бўлган кишилар ҳам агарчи баъзи заруриятларни тарк қилган ёки баъзи ножойиз ишларни қилган бўлсалар-да, Аллоҳ таолонинг дўстларидан саналишларига далолат қилади. Фақатгина уларнинг иймон ва тақволари заифликлари сабабли пешқадамлардан паст ва ўртачаларнинг даражаларига ҳам етмаган энг паст даражада бўладилар[8].

Қуйида “Шарҳи Талхийси ақоиди Тоҳовия” китобидан ушбу масалага бағишланган жойини борича тақдим қиламиз:

Валий ҳеч қачон набий  мартабасига ета олмайди. “Авлиёлардан бирортасини анбиёларнинг бирортасидан афзал кўрмаймиз. Битта набий ҳамма валийдан афзалдир, деймиз”.

Шарҳ: Яъни авлиёлардан бирортаси, ким бўлишидан қатъи назар, анбиё алайҳиссаломларнинг бирортасидан афзал бўла олмайди, деб эътиқод қиламиз. Агар ҳамма авлиёлар битта набий билан солиштирилса, набий улардан устин чиқади ва мартабаси юқори бўлади, деймиз.

Далил:

Муаллиф “Иттиҳод» мазҳабидагиларга (Банда кўп ибодати ила Аллоҳ билан бирлашиб кетади, деб эътиқод қилувчиларга) қилинган раддияга ишора қилмоқда. Шунингдек, сўфийларнинг жоҳилларига ҳам. Чунки улар баъзи авлиёларни баъзи бир анбиёлардан афзал, дейдилар (Аллоҳ асрасин).

Аммо ҳақиқий, истиқоматдаги сўфийлар (ахлоқ уламолари) ваҳий ва шариатга эргашишга буюрадилар.

Аллоҳ таоло халойиқнинг ҳаммасини, жумладан, авлиёларни ҳам пайғамбарларга эргашишга амр қилган. Аллоҳ таоло:

“Қайси бир расулни юборган бўлсак, Аллоҳнинг изни ила фақат итоат қилиниши учун юборганмиз” [9], дейди.

Бошқа бир оятда эса:

“Айт: “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг, Аллоҳ сизни севадир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир». Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир”[10], деган.

Ким куфрни ботин тутиб (яъни ичида валийни набийдан афзал кўриб), Исломни зоҳир қилса (яъни тилида “Набий валийдан афзал”, деса) ёки ўзининг куфрий ақийдасини Ислом ҳижоби ила беркитса, у зиндиқдир. Агар ўз ихтиёри ила қўлга тушмасдан олдин тавба қилсагина, тавбаси қабул қилинади. Худди ҳеч кимнинг қистовисиз, ўз ихтиёри билан мусулмон бўлган кофир каби.

Авлиёларнинг кароматлари. “Уларнинг кароматларига ва сиқа – ишончли кишилар томонидан қилинган саҳиҳ ривоятларига ишонамиз”.

Шарҳ: Уларнинг икроми учун содир бўлган кароматларини тасдиқлаймиз. Аммо Дажжол ва унга ўхшаганларга синов учун берилган одатдан ташқари ишларини тасдиқ қилмаймиз. Шунингдек, баъзи солиҳ учун имтиҳон мақсадида берилган одатдан ташқари ишларни тасдиқ қилмаймиз. Улардан адолатли, ишончли ровийлар тарафидан собит бўлган ривоятларни тасдиқлаймиз. Ҳар бир жоҳил ва ёлғончи қилган ривоятни эмас. Ёки Расул ва Набий шаънига лойиқ нарсалар уларга нисбат берилганига эмас.

Мўъжиза ва каромат луғатда бир нарсадир. У одатдан ташқари содир бўлган иш. Мутақаддимларнинг наздида иккаласи ҳам бир нарсадир. Лекин кўпчилик мутааххир уламолар уларнинг орасини фарқлашади. Мўъжиза пайғамбар учун, каромат валий учун, дейишади.

Одатдан ташқари ҳар бир иш пайғамбардан содир бўлса, одамлар ўшанга ўхшаш нарсани қилишдан ожиз қолсалар, бу мўъжиза бўлади. Агар одатдан ташқари иш пайғамбардан бошқа аҳли тақво ва солиҳ одамдан содир бўлса, бу каромат бўлади. Агар ўша одатдан ташқари иш тўғри йўлда бўлмаган одамдан содир бўлса, бу сеҳр ёки синов бўлади.

 Аллоҳ таолога хос сифатлар ҳеч кимга
мўъжиза ҳам, каромат ҳам бўлмайди. Шубҳа йўқки, камол сифатлари учдир.

Илм.

Қудрат.

Беҳожатлик.

Бу уч нарса ёлғиз Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир. Чунки У Зот ҳар бир нарсани Ўз илми билан иҳота қилгандир. У Зот ҳар бир нарсага қодирдир. У Зот оламлардан беҳожатдир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу уч нарсани даъво қилишдан воз кечишга амр қилгандир:

“Сен: “Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос”, деб айт”[11].

Чунки мушриклар гоҳида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғайб илмини талаб қилишар эди.

“Сендан Соат (қиёмат) ҳақида, унинг қачон собит бўлишини сўрарлар”[12].

Гоҳида эса таъсир ўтказишни талаб қилар эдилар.

“Улар дедилар: “Токи бизга ердан чашма отилтирмагунингча, зинҳор сенга иймон келтирмасмиз”[13].

Гоҳида эса у зотда ҳам башарий (инсоний) эҳтиёжлар борлигини айб деб билишар эди.

“Улар дедилар: «Бу не Расулки, таом еб, бозорда юрадир?!”[14].

Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзлари бу нарсаларга молик эмасликларининг, бу уч нарсадан Аллоҳ берган миқдоргагина эга бўлишлари мумкинлигининг хабарини беришни амр қилди. У зот Аллоҳ билдирганича биладилар. Аллоҳ беҳожат қилганича беҳожат бўладилар. Аллоҳ одатдан ташқари қодир қилган ишга қодир бўладилар. Барча мўъжиза ва кароматлар ушбу доирадан четга чиқа олмайди.

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Азизов Мансур

[1] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. –Б.170.

[2] Ўзбекистон миллий энциклопедияси. А ҳарфи. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти –Т.: 2004. Б.97.

[3] Аъроф сураси 196-оят

[4] Юнус сураси 62-оят

[5] Юнус сураси, 63-оят

[6] Юнус сураси, 64-оят

[7] Фотир сураси, 32-оят.

[8] Абу Бакр Жобир Жазоирий. Ақидатул муъмин. – Мадинаи мунаввара. Мактабатул улум вал ҳикам, 2009. –Б.101.

[9] Нисо сураси, 64-оят

[10] Оли Имрон сураси, 31-оят

[11] Анъом сураси, 50-оят.

[12] Аъроф сураси, 187-оят.

[13] Исро сураси, 90-оят.

[14] Фурқон сураси, 7-оят.

306430cookie-checkВалийлик тушунчаси ва унинг мартабалари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: