islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти

Кўҳна Хоразм заминида жаҳон фани ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшган кўплаб буюк алломалар етишиб чиққанлигига тарих гувоҳ. Айниқса, Ўрта асрларда бу диёр илм-фаннинг турли соҳалари бўйича самарали ижод қилган Муҳаммад Мусо Ал-Хоразмий, Абу Райхон Ал-Беруний, Абу Абдулло Ал-Хоразмий, Ибн Мискавий, Абу Саҳд Масиҳий, Абул Хайр ибн Ал-Ҳаммор кабилар ижод қилган. Шулардан бири Абул қосим Замахшарий ана шундай буюк алломламалардан биридир.

“У зотнинг тўлиқ исми Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад (баъзи манбаларда Аҳмад) бўлиб, ҳижрий 467-сана Ражаб ойининг 27-чоршанба куни (милодий 1075 йил 29 март) Хоразмнинг катта қишлокларидан бири Замахшарда таваллуд топганлар”[1]. Шу боисдан ҳам Замахшарий таҳаллусини олганлар. Замахшарий ҳақидаги аксар маълумотлар асосан Ўрта аср араб манбаларида келтирилади, қисман маълумотлар эса олимнинг ўз асарларида келтирилган. У зотнинг ҳаётлари ва фаолиятларини ёритишда келтирилган Ибн Холликон[2] “Вафоёт ал-аъён”, Ибн Ал-Анбарий “Нузхадул-алифбо фи табақотил удабо”, Ёқут Ал-Ҳамавий “Мўъжам ал-удабо”, Ал-Ёфий “Миръот ул-жинон”, Ибн Ал-Жавзий “Ал-мунтазам”, Жалолиддин Суютий “Буғётул вуот”, Ибн Ал-Кифтий “Инбах ал-рувот” ва бошқа араб муаллифларининг асарлари асосий манбалар жумласидандир. Шу муаллифлар келтирган далилий маълумотларни умумлаштирган ҳолда Замахшарийнинг оиласи, унинг ёшлик йиллари ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Манбларда замахшарийнинг отаси тирикчилик йўлида тинмай меҳнат қилганлиги зикр етилади. Шундан маълумки, замахшарий кўп фарзандли оилада дунёга келган.

 Замахшарий ақидада (усулда) мўътазилий, фиқҳда (фуруъда) ҳанафий мазҳабида бўлган. У ўзнинг ақидавий мазҳаби бўлмиш мўътазилийликни ўз китобида ифода этар, илмий мажлисларда бу ҳақда очиқ-ойдин гапирар эди. Уламолар Замахшарийнинг мўътазилий бўлишига қарамай унинг араб тилида балоғат ва фасоҳат ила ёзган китобларига тан беришар, унинг китобларини ривоят қилиш учун ундан ижоза беришини сўраб келишар эдилар.

Отасига келсак, У у қадар бой бўлмаса-да, саводли, тақводор, диёнатли киши бўлган ва аксар вактини Қуръон тиловатию намоз ўқиш билан ўтказиб, Замахшардаги бир масжидда имомлик ҳам қилган. Отаси ҳақида келтирилган маълумотларда, у бир қанча муддат ҳибсда бўлганлиги ҳам қайд килинади. Чунки, Замахшарий ҳоким Муаййид Маликка (1101 йил вафот этган) мурожат етиб, отасининг илму-фазилатига ҳурмат ва катта оилани боқувчиси бўлганлигини инобатга олиб, уни ҳибсдан озод этишини илтимос қилади. Отасини ҳибсга олиниш сабаблари аниқ бўлмасада, диний қарашлар бўйича улар билан ҳукмдорлар орасидаги ихтилоф бўлса керак деб таҳмин килиш мумкин. Чунки, Замахшарий оиласи муътазилий тоифасига мансуб бўлиб, уни тартиботларига барча оила аъзолари қаттик риоя қиладилар. Шундай қилиб, ёш Маҳмуднинг дунёқараши мана шу диндор ва тақводор отанинг таъсирида ўсди.

Замахшарийнинг онаси ҳам тақводор, зиёли диндор аёллардан бўлган. Асарларидан бирида ўз волидаси ҳақида келтирган қуйидаги маьлумотлар, онасининг оқ кўнгиллигидан далолат беради. “Ёшлигимда бир воқеа рўй берган эди. Бир куни, бир чумчуқни тутиб олиб, оёқларини ип билан маҳкам боғладим. Бироқ чумчуқ қўлимдан чиқиб кетиб, девор орасига беркинди. Мен уни ипидан тортиб чиқариб олдим. Оёғидаги ипни қаттиқ силктишим натижасида (баъзи манбаларда инидан тортиб олиши натижасида) оёғи узилиб тушди. Бундан онам қаттиқ ҳафа бўлиб: “Сен қушни оёғини кесганинг каби Худо ҳам сени оёғингни кессин”, деб мени қарғадилар”.

Маълумки, Замахшарий бир оёғи чўлоқ бўлиб, у бутун умр ёғоч оёкда юрган. Унинг чўлоқлиги сабаблари ҳақида тарихчилар турли ривоятлар келтиради. Улардан бири онасининг қарғиши сабаб бўлган деб таъкидлайди. У чўлоқлигини билдирмаслик учун узун яхтак кийиб юрганлиги сабабли уни ҳеч ким чўлоқ деб ўйламаган. Ана шу маълумотларга таяниб, шуни айтиш мумкинки, олим ёшлик йиллари диний ва тақводор оилавий муҳитда шаклланиб камол топган. Замахшарий назмий асаридан бирида ота-онасию оила аъзоларидан бирортаси на шароб ва на бошқа ичимликларни мутлақо истеъмол қилмаганликларини алоҳида таъкидлайди. Бу эса фикримизни янада ойдинлаштиради. Замахшарийнинг отаси серфарзанд бўлган. У ўз қасидаларидан бирида фарзандлари кўп, оиласи катта бўлгани учун отаси рўзғор тебратиб, тирикчилик йўлида тинмай меҳнат қилгани ҳақида ёзган[3].

Замахшарий илм-фаннинг турли соҳалари билан қизиқиб, толиби илмлар орасида зўр истеъдодини намоён қила бошлайди. У мадрасада ўқитиладиган илмларни, айниқса, араб тили ва адабиёти, диний илмларни пухта эгаллашга киришади, ўша даврда илм аҳли орасида қадрланган хаттотлик санъатини ҳам мукаммал эгаллаб, ўз тирикчилигини бирқадар тузатади. Сўнг, араб тарихчиси ва биографи ибн Халликоннинг ёзишича, талабалик ёшига етгач, билимини янада ошириш, ҳар томонлама камол топтириш мақсадида Бухорога йўл олади.

У зотнинг буюк олим бўлиб етишишида устозларининг ҳам ҳиссаси беқиёс. Хусусан, Абу Мудар ибн Жарир ад-Даббий ал-Исфаҳонийдан тил, луғат ва адабиётдан таълим олган. Бағдодда шайхулислом Абу Мансур Наср ал-Хорисий, Абу Соад аш-Шаққоний, Абу Хаттоб ибн Абул Батарлардан ҳадис илмини ўрганган бўлса, Маккада наҳв ва фиқҳ бўйича Абу Бакр Абдуллоҳ ибн Талхат ал-Ябирий ал-Андалусий, шайх ас-Садид ал-Хайятийлардан сабоқ олган. Луғат илмини эса Абу Мансур Мавҳуб абн ал-Ходар ал-Жаволиқий каби машҳур олимлардан ўрганган.

Замахшарий датлабки билимини она юрти Замахшарда ўз даврининг илмли кишиларидан олди. Бир оёғи чўлоқ бўлиб қолгач, отаси уни оғир меҳнатга ярамайди деб тикувчилик ҳунарини эгалласин деган ниятда бир моҳир тикувчига шогирдликка бермоқчи бўлди. Аммо ёшлигидан илмга ҳавасманд бўлган Маҳмуд отасидан ўзини мадрасага ўқишга юборишини илтимос қилади. Ёшлик чоғларидан илми ирфонга ташна бўлиб ўсган Маҳмуддаги илмга бўлган зўр иштиёқ ва ҳавасни сезган ота ўғлининг илтимосини бажо келтиради. Ана шу пайтдан бошлаб ёш Маҳмуд илм-фаннинг турли соҳаларига қизиқиб, ўз тенгқўрлари орасида зўр қобилият ва катта истеъдодини намоён қила бошлайди.

Замахшарийнинг дастлабки устозлари Хоразмда бўлган. Унинг камолот босқичига кўтарилиши тил, луғат ва адабиёт соҳасида донг таратган олим Абу Мудар Маҳмуд ибн Жарир Ад-Даббий Ал-Исфаҳоний алоҳида аҳамият касб этади. 1113 йил (ҳижрий 508)да Марвда вафот этган бу олим Хоразмда ҳам бир неча йил яшаган.

Замахшарийнинг устозларидан яна бири Абу Бакр Абдулло ибн Талҳа ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Ал-Ябарий Ал-Андалусий бўлиб, у ҳам грамматика ва фиқҳ соҳасида йирик олим эди. Замахшарий Маккада бўлганида баъзи грамматик китобларни, жумладан, “Шарҳу китаб Сибавайх”, “Шарҳу рисалати Ибн Абу Зайд” кабиларни унинг ёрдамида ўрганган. Ал- Ябарий ҳижрий 518 (милодий 1124) йили вафот этган. Замахшарий Бағдодда бўлганида ҳам кўпгина олимлар билан мулоқотда бўлиб, улардан турли илмларни ўрганган эди. Жумладан, ҳадис илмини Абул Ҳаттоб ибн Ал-Батар, Абу Саъд Аш-Шаффоний, шайхул ислом Абу Мансур Наср Ал-Хорисийлардан, фиқҳ илмини Шайхул Хаййатий, Ад-Дамғоғий, Шариф ибн Аш-Шажарийлардан ўрганган эди. Ҳатто Абу Али Ал-Ҳасан ибн Ал- Музаффар Ан-Найсабурийдан ҳам бевосита илм олган.

Ибн Ал-Кифтий шундай ҳикоя қилади: “Замахшарий бизнинг ҳузуримиз (Бағдод)га ҳижрий 533-йилда (милодий 1141) келган эди. Мен уни икки марта устозимиз Абу Мансур ибн Ал-Жавлоқийнинг ёнида луғат соҳасидаги баъзи китобларни ўрганаётганини кўрганман”[4]. Замахшарий бу вақтда 66 ёшда эди.

Илм йўлида Замахшарий том маънода хақиқий фазилатларини намоён қилган дейишиммз мумкин. Унга бевосита шогирд бўлиб, олимдан тўғридан-тўғри сабоқ олган шогирдлари она юрти Замахшарда, Хоразмда, Дамашқда, Бағдодда ва Арабистонда бўлиб қолмай, балки унинг етук асарлари орқали ундан сабоқ олиб, ўзининг ғоибона Замахшарийнинг шогирдиман деганлар ҳам бутун мусулмон дунёсининг турли бурчакларида топилади.

Мадрасада ўқиладиган илмларни, айниқса араб тили ва адабиёти, диний илмларни эгаллайди. Шу билан бир қаторда ўша даврда илм аҳли орасида муҳим ҳисобланган хаттотлик санъати сирларини ҳам мукаммал ўзлаштириб, бунинг натижасида тирикчилигини ҳам бир қадар тузатади. Сўнг, араб тарихчиси Ибн Холликон (1211-1288)нинг ёзишича, талабалик ёшига[5] (12 ёш) етгач, ўз илмини ошириш ва мукаммаллаштириш мақсадида ўша даврнинг йирик ва маданий марказларидан бири бўлган Бухоройи шарифга йўл олади. Аммо толиби илм йўлда юз берган бахтсиз бир ҳодиса юз берганлиги сабабли ногирон бўлиб қолади. У отдан йиқилиб, оёғи қаттиқ лат егани, бунинг устига қаҳратон совук бўлганлиги туфайли оёғини кестиришга мажбур бўлади. Шундан сўнг бутун умри давомида ёғоч оёкда юради.[6] Бу ногиронлик унинг ўз олдига қўйган мақсадларига тўскинлик килолмайди ва Замахшарий ўз йўлида давом этади. Чунки, Бухоро ўша вақтда, машҳур олим Абу Мансур Салабийнинг (961-1038) ибораси билан айтганда, “Сомонийлар давридан бошлаб шон-шуҳрат макони салтанат каъбаси ва замонасининг илғор кишилари жамланган, ер юзи адибларининг юлдузлари порлаган ва ўз даврининг фозил кишилари йиғилган жой эди”[7], деб таъриф берган.

Замахшарий Бухорода Шайх Мансур Абу Музордан таҳсил олиб юрган йиллари унинг отаси вафот этади. Чунки бундай дейишга сабаб, у ўз девонига киритган шеърларидан бирида вафот этган отасини кўролмай қолгани, дийдорига тўймаганини ғоят таассуф ва чуқур аламу ҳасрат ила ёзган.

У Бухорода ўқишни тугатгач, бир неча йил Хоразмшохлар ҳизматида бўлиб, котиблик қилади. Бу ўринда яна шуни таъкидлаш керакки, Замахшарий ёшлиги Салжуқийлар ҳукмдори Султон Маликшох ва унинг машҳур вазири Низом ул-Мулк даврига тўғри келади. Бу ҳукмдорлар илм-фан ва маданият равнақи йўлидаги ишларни амалга оширган. Айниқса, илм-фан ва маърифат ҳомийси сифатида бутун Шарқда донг таратган бош вазир Низом ул-Мулк олимларга, шоир-у адибларга катта эътибор беради.

У Шарқнинг турли-туман шаҳарларида аҳли сунна тартиботи бўйича шариатни ўргатадиган мадрасалар қурдирган. Улар Низомия мадрасаси номи билан машҳур эди. Шу вақтда Хоразмшохлар давлати Буюк Салжуқ салтанатига тобъе вилоятлардан эди. Шу боисдан ҳам ўз эли Хоразмда етарли обрў-эътибор топмаган Замахшарий салжуқийлар вазири Низом ул-Мулк хизматига киради. Лекин бу ердан кўнгли тўлмайди, сабаби Низом ул-Мулк сунний йуналишига мансуб эди, Замахшарий эса мўьтазилий эди. Бу ҳол шу даражада эдики, агар Замахшарий бирор дўстиникига бориб, эшикни тақиллатиб, “Абул-Қосим Ал-Мўътазилий” келди деб айтар эди.

Олимнинг шундан кейинги ҳаёти янги ўлкаларга сафар қилиш билан боғлиқ бўлиб, у Хуросонга қараб йўл олади. У ердаги давлат арбобларидан баъзилари билан боғланиб уларга мадҳиялар бағишлайди. Улардан бири Мужийр ад-Давла Абул Фатҳ Али ибн Ал-Ҳусайн Ал- Ардистоний эди. У ўз даврининг машҳур котибларидан эди. Унга бағишлаб “Шарҳ абят Сибавайҳ” ва “Ан-намузаж” номли асарларини ёзади. Кейин у яна сафарга отланиб, салжуқийлар давлатининг пойтахти Исфахонга келади. Салжуқийлар султони Муҳаммад ибн Абдул Фатҳ Маликшоҳ эди. Замахшарий унинг адолатпарварлигини мақтаб мадҳиялар битади. Шундан кейин Замахшарий фаолиятида подшоҳу ҳукмдорларга мадҳиялар ёзиш асосий ўринга чиқади. Чунончи, бир қатор салжуқий ҳокимларига бағишлаб мадҳиялар битгани илмий тадқиқотларда алоҳида қайд қилинган. Мунзаддин Санжар Замахшарий мадҳ қилган еттинчи ҳоким эди. Кейин Замахшарий Хоразмшоҳ Муҳаммад ибн Ануштагинга ҳам мадҳиялар ёзган.

Замахшарий ўзининг йирик “Муқаддиматул адаб” асарида султоннинг ўғли Хоразмшоҳ Отсизнинг илм аҳллари ва адибларга нисбатан ғамхўрлигини алоҳида таъкидлайди[8].

Шу ишлардан сўнг 1118 йилда (ҳижрий 512 йил) оғир бир дардга чалинади ва анча азоб-уқубатларни бошидан кечиради. Сўнг мансаб доғида ҳукмдорлар бўсағасини босмасликка онт ичади. Мол-дунё тамғасидан бутунлай воз кечади, қолган умрини фақат илм-фанга бағишлашга, шогирдлар етиштиришга баҳшида этиб, асарлар яратишга астойдил қарор қилади.

Шундан сўнг Боғдодга сафар қилади. Кўп илмлар бўйича Бағдод олимларидан сабоқ олиб қизғин мунозараларда иштирок этади[9].

Бир муддат Боғдодда тургандан кейин яна сафарини давом эттириб, Маккага боради. Макка аҳли ва унинг амири Абул Ҳасан Али ибн Ҳамза Аш- Шариф Ал-Ҳасаний ибн Ваҳҳос Замахшарийни яҳши кутиб олади. Макка амири фозил, илмли, бир неча назмий ва насрий асарларнинг муаллифи эди. У Замахшарийнинг Маккага келишини табриклайди ва улуғлаб кутиб олади. Иккала олим бир-бирларидан беҳад қувониб, ўзаро бир-бирларига қасида ва мадҳлар битади. Замахшарий Ҳижозда бўлган пайтида Ҳамадон (Яман)ни ҳам зиёрат қилганлиги адабиётларда ҳам қайд этилган. Қасидалардан бирида олимнинг ўзи ҳам бу ҳақида ҳикоя қилади. Арабистон ярим оролининг барча минтақаларини зиёрат қилади.

Ҳатто Тоифга яқинрок ерда жойлашган бир водийнинг тупроғи-ю аҳли ёқиб қолганлигини тўлқинланиб ёзади. Маккаи Мукаррамада яшаган вақтлари Замахшарий учун унумли бўлди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Чунончи, Макка мусулмон оламининг турли бурчакларидан келган зиёратчилар учун нафақат муқаддас бир саждагоҳ, балки илм толиблари тўпланадиган катта илмий марказ, ижодий маскан вазифасини ҳам ўтаган. Илм толиблари муқаддас шаҳарда яшаган Замахшарийдек алломадан маслаҳат ва йўналиш олардилар. Маълумки, “Жаруллоҳ”[10]деган шарафга фақат буюк ватандошимиз Замахшарий сазовор бўлган”[11].

Араб олими Шайх Муҳаммад Абу Заҳро Маккада яшаган даврида Замахшарий аксар вақтиии Байтуллоҳ ал-Ҳарамда ўтказиб, ҳар доим алломанинг атрофини адаб илмининг толиблари, шеърият ихлосмандлари, мавъиза-ю ҳикматли иборалар шайдолари ўраб олиб, ундан сабоқ олганликларини алоҳида таъкидлайди.

Мана шу ва бошқа мулоҳазаларга таяниб айтиш мумкинки, унинг устозлари ва шогирдлари турли элатларга мансуб илм аҳллари бўлган

Ўз даврининг йирик олими даражасига кўтарилган Замахшарийнинг Хоразмда ҳам, Шарқнинг бошқа кўпгина шаҳарларида ҳам кўпдан-кўп шогирдлари бўлган, аллома кўп вақтини ўшаларга бағишларди. У қариндош-уруғларининг қийин-қистовларига қарамасдан, ҳаётида бирор марта ҳам уйланмаган. Илмий асарлар яратиш ва муносиб шогирдлар тайёрлашни фарзанд ўстиришдан аъло деб ҳисоблаган.

Замахшарий ҳаёти давомида Марв, Нишопур, Исфаҳон, Шом, Бағдод ва Шижозда, икки марта Маккада бўлди. Олим бу ерда илмий ишларини давом эттирди, араб тили грамматикаси ва луғатини ҳамда маҳаллий қабилаларнинг лаҳжалари, мақоллари, урф-одатларини чуқур ўрганди, бу минтақа жуғрофиясига оид хилма-хил маълумотларни тўплади.

Аллома охирги марта Маккадан қайтиб, Хоразмда бир неча йил яшайди.Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи 538 ҳижрий, 1143 ёки 44 милодий санада вафот этганлар. Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган бўлсин.

ТИИ Модуль таълим шакли

3-курс талабаси Тожиходжаев Абдусаломхон

[1] Уватов У. Хоразмлик буюк аллома Маҳмуд Аз-Замахшарий. Тошкент: Янги аср авлоди. 2006. Б.3

[2] Шамсиддин Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад. Ибн Холликон куняси билан машҳур бўлган.https://ar.m.wikipedia.org

[3] Уватов У. Хоразмлик буюк аллома Маҳмуд Аз-Замахшарий. Тошкент: Янги аср авлоди. 2006. Б. 20.

[4] Уватов У. “Нозик иборалар”. Тошкент. 1992. Б. 5-10

[5] Ўша даврда талабалик ёши ўн икки ёш бўлган. Ибн Холликон. Анбау абнаиз заман. 2005. Б. 45

[6] Баъзи маълумотларда шу ҳодисадан сўнг чўлоқ бўлиб қолгани ҳақида қайд этилган.

[7] Уватов У. Хоразмлик буюк аллома Маҳмуд Аз-Замахшарий. Тошкент: Янги аср авлоди. 2006. Б. 9-10.

[8] Уватов У. Хоразмлик буюк аллома Маҳмуд Аз-Замахшарий. Тошкент: Янги аср авлоди. 2006. Б. 17.

[10] Аллоҳнинг қўшниси. Муҳаммад ибн Мукаррам ибн Мунзир ал-Африкий ал-Мисрий. Лисанул араб – Байрут: Доруc Содр. 1997.

[11] Уватов У. Хоразмлик буюк аллома Маҳмуд Аз-Замахшарий. Тошкент: Янги аср авлоди. 2006. Б. 14-19

306500cookie-checkИмом Замахшарийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: