islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Умар розияллоҳу анҳунинг исломга киришлари

Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ ҳақни Умарнинг тилида ва дилида қилгандир”, дедилар.  (Термизий ривоят қилган).

 У кишининг тўлиқ исмлари Умар ибн Хаттоб ибн Нубайл ибн Абдул уззо ибн ал Адавийдир. Укиши ўзларининг еттинчи боболарида Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг насаблари ила туташадилар. Умар (р.а.) кучли ва шиддатли бўлганликлари учун Пайғамбар (с.а.в.) у кишига Абу Ҳафс деган куня берганлар. Бу “шернинг отаси” деган маънони англатади.

Пайғамбар (с.а.в.) Умар (р.а.) га яна “Форуқ” – “Ҳақ ила ботилни ажратувчи” деган лақабни ҳам берганлар.

Бизнинг халқларимиз орасида у киши Умари одил номи билан машҳурдирлар.

Ибн Умардан ривоят қилинади:

“Набий (с.а.в.) шундай:

“Аллоҳим! Исломни ўзинга маҳбуб бўлган ушбу икки одамнинг – Абу Жаҳл ёки Умарнинг бири билан азиз қилгин!” дедилар. Бас у зотга иккисидан маҳбуби Умар бўлди. Эртасига Умар Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг олдиларига келиб, мусулмон бўлди”.  (Термизий ривоят қилган.)

Умар (р.а.) нинг Исломга келишлари қиссасини Ибн Саъд, Абу Яъло, ал-Масъул ва Байҳақийлар Анас (р.а.) дан ривоят қиладилар:

“Бир куни Умар қилични яланғочлаб чиқди. Унга йўлда бани Зуҳралик бир киши учраб қолди. У:

“Қаерга кетяпсан, эй Умар?” деб сўради.

“Муҳаммадни ўлдиргани кетяпман”, деди Умар.

“Муҳаммадни ўлдирсанг, Бани Ҳошим ва Бани Зуҳрадан қандай эмин бўласан?” деди ҳалиги одам.

“Сен ҳам диндан чиққанга охшайсан!” деди Умар.

“Сенга ажиб бир гап айтайми? Куёвинг билан синглинг диндан чиқдилар! Ҳа, сенинг динингдан чиқдилар!” деди.

Умар йўлидан қайтиб, иккисининг олдига борди. Уларнинг ҳузурида Хаттоб ибн Арат бор эди. У Умарнинг шарпасини сезиб, уйнинг ичига беркиниб олди. Умар кирди ва:

“Бу нима?!” деди.

Улар “Тоҳо” сурасини қироат қилаётган эдилар. Иккиси:

“Ўзаро гапимиздан бошқа нарса йўқ”, дедилар.

“Эҳтимол, икковинг диндан чиққандирсанлар?!” деди.

Шунда куёви унга: “Эй Умар, агар ҳақ сенинг динингдан бошқада бўлса”, дейиши билан Умар унинг устига ўзини ташлаб, босиб олиб ура бошлади. Синглиси уни ўз эридан нари қилиш учун келди. У синглисини уриб, юзини қонга белади.

Ғазабланган сингил:

“Агар ҳақ сенинг динингда бошқада бўлса, мен “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу” деб гувоҳлик бераман!” деди. Шунда Умар:

“Ўзингиздаги ёзилган нарсани менга беринглар. Ўқиб кўрай-чи”, деди. У ўқишни билар эди. Синглиси:

“Буни фақат покланганлар ушлайдилар. Тур, ғусл қилиб кел”, деди. У туриб ғусл қилиб келди. Сўнгра ёзилган нарсани олди. У Тоҳо сурасидан:

“Албатта, мен ўзим Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўлиқ адо эт” гача ўқиди ва:

“Мени Муҳаммаднинг олдига олиб боринглар”, деди. Умарнинг гапини эшитиб Хаттоб беркинган жойидан чиқди ва:

“Эй Умар хурсанд бўл. Мен Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг пайшанба кечасидаги:

“Аллоҳим! Исломни Умар ёки Амр ибн Ҳишом билан азиз қилгин”, деб қилган дуоларини сен ҳақингда бўлишини орзу қиламан”, деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.) Сафонинг пастидаги ҳовлида эдилар. Умар ўша ҳовлига борди. Унинг эшиги олдида Ҳамза, Толҳа ва бошқалар турган эдилар. Ҳамза:

“Ана, Умар. Агар Аллоҳ унга яхшиликни ирода қилган бўлса, мусулмон бўлади. Агар ундан бошқани ирода қилган бўлса, биз учун уни қатл қилиш осон бўлади”, деди.

Пайғамбар (с.а.в.) ичкарида эдилар. У зотга ваҳий нозил бўлаётган эди. У зот чиқиб Умарнинг олдига келдилар. Унинг ёқасидан ва қиличбоғидан тортиб туриб:

“Эй Умар! Аллоҳ сенга Валид ибн Муғийрага туширган ор ва азобни туширмагунча қайтмайсанми?!” дедилар. Умар:

“Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ва ашҳаду аннака абдуллоҳи ва расулуҳу!” деди” (“Тарихи хулафо”).

Ушбу ҳаяжонли лаҳзада ҳовлида турганлар овозларининг борича: “Аллоҳу акбар” дея, бутун Маккани бошларига кўтариб, такбир айтдилар.

Умар:

“Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳақда эмасмизми?!” деди.

Расулуллоҳ (с.а.в.):

“Ҳақдамиз”, дедилар.

“Ундоқ бўлса, нимага беркинамиз?!” деди Умар.

Мусулмонлар биринчи марта икки саф бўлиб, очиқчасига байтуллоҳ томон йўл олдилар. Бир сафни Ҳамза, иккинчисини Умар бошқариб борар эди. Улар масжидга кирдилар. Қурайшликлар бир Ҳамзага, бир Умарга қараб, ичларидан зил кетар эдилар.

Ўша куни Расулуллоҳ (с.а.в.) Умар (р.а.) га “Форуқ” лақабини бердилар. Ўшанда Расулуллоҳга Пайғамбарлик келганининг олтинчи йили, Зулҳижжа ойи эди. Умар (р.а.) ёшлари эса йигирма олтида эди. Бундан уч кун олдин Ҳамза (р.а.) Исломга кирган эдилар.

310520cookie-checkУмар розияллоҳу анҳунинг исломга киришлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: