بسم الله الرحمن الرحيم
Оила муқаддас даргохдир. Унинг пойдевори мустаҳкам бўлса, фароғат қасрига, гўзал оромгохга айланиши муқаррар. Оила-юрт таянчи, жамият пойдевори. Ҳар қайси миллатнинг маънавиятини шакиллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг ўрни беқиёсдир. Оилада мухит соғлом бўлса, ҳам жисмонан, ҳам рухан баркамол фарзандлар вояга етади.
Дарҳақиқат динимизда оилага қандай муносабатда бўлиш хақида бир қанча оят ва ҳадислар орқали таълимотлар берилган.
Аллоҳ таоло мархамат қиладиким:
“Ва унинг оят–белгиларидан сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда меҳру муҳаббат ва марҳаматни солиб қўйганидир. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят–белгилар бордир” (Рум сураси 21-оят).
Аллоҳ барча нарсани жуфт қилиб яратганидек инсонни ҳам шу илохий қоида асосида яратишни ирода қилди. Лекин улар жуфтлашиши, инсоннинг кароматига ҳос бўлишини ҳохлади, улар учун енг пок йўлни танлади. Қолаверса улар ўртасида меҳр-муҳаббат ва рахм шафқат солиб қўйди. Улар бир-бирлари учун энг катта таскин ва тасалли бўладилар.
Анас ибн Молик (р.а) дан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ cаллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимни Аллоҳ cолиҳа аёл билан ризқлантирган бўлса, батаҳқиқ, унга динининг ярмига ёрдам берибди. (Энди) иккинчи ярмида Аллоҳга тақво қилсин” – дедилар”. (Табароний ва Ҳаким ривояти).
Қурилган оила мустаҳкам ва бардавом бўлиши учун уламоларимиз эр-хотинларга бир қанча насихатлар қилишган. Шу насихатлардан баъзиларини зикр қилсак.
- Эр-хотин бир-бирлари учун зийнатлансинлар.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Аёлим мен учун зийнатланишини яхши кўрганимдек, мен ҳам аёлим учун зийнатланаман” дедилар.
Эркак ва аёл бир-бирларини кўрганда қалблари ва кўзлари қувончга тўладиган бўлиши лозим.
- Эр-хотин бир-бирларининг ахлини хурмат қилсинлар.
Оила бузилишига сабаб бўлаётган ишлардан бири эр ва хотин бир-бирларининг яқин қариндошларига ёмон муносабатда бўлишларидир.
Бир хаким зот ўғилларига шундай насихат қилибди: “Қайнотангни, қайнонангни ва аёлингни бошқа яқинларини яхши кўр. Шунда аёлинг сени ҳам яхши кўради ва унинг олдида ҳурматинг зиёда бўлади”.
- Эр-хотин бир-бирларига энг гўзал муомалада бўлсинлар.
Дарҳақиқат инсон хонадонига очиқ юз ва табассумда кириб келса, умр йўлдошининг қалбига сурур тўлади. Табассум қилиш инсонни бирор машаққатга қўймайди, лекин аҳли аёли ва фарзандларини, яқинларини бахтиёр этади.
Оиша онамиз (р.а)дан: “Расулуллоҳ (с.а.в.) уйларида холи қолганларида қандай эдилар?” деб сўралди. Оиша (р.а): “Одамларнинг энг мулойими ва энг сахийси сизларнинг кишиларингиздан бири эдилар. Бироқ табассуми кўп зот эдилар” деганлар. (Исхоқ ибн Рохавайх ривояти).
Бир аёл эридан шикоят қилиб бундай дебди: “Эрим дўстлари даврасида доим хушчақчақ, уйда эса кўпинча хўмрайиб юради”. Ха бу ҳаммамизга таниш холат. Баъзилар дўстлари билан гўзал муомалада бўлади-ю, уйга келганда эса ўта жиддий кўринаман деб ахли аёли ва фарзандларига қўпол муомала қилади. Бундай феъл кўпинча оилада тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Холбуки, Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ўрнак олиб уйга табассум ва очиқ юз билан кириш минг маротаба афзалдир. Шундай қилинса, оила янада барқарор ва мустахкам бўлғусидир, иншааллоҳ.
- Умр йўлдошини энг яхши исмлар ила чақирсинлар.
Умр йўлдошини энг гўзал исмлар ила чақириш қалбга сурур киришининг осон йўлидир.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Оиша (р.а.)ни энг маҳбуб исмлар ила чақирардилар. Ривоятларда: ياعائش(Эй Оиш), ياحميراء (Эй Ҳумайро) деганлари кўп учрайди. Расулуллоҳ (с.а.в.)ни бундай чақиришлари Оиша (р.а)га ёқар эди. Умар ибн Хаттоб (р.а): “Уч нарса биродарингнинг меҳрини қозонтиради: унга йўлиққанда салом беришинг, мажлисларда унга хурмат кўрсатишинг ва энг махбуб исмлар ила чақиришинг” деганлар.
Ҳанафий уламолар: Ҳар кишига ўз отасининг исмини айтиб чақириши ва аёл кишига эрининг исмини айтиб чақириши макрухдир деганлар. (“Хошияту ибн обидийн” 5-жуз, 259-бет). Аёл эрини исмини айтмасдан унинг кўнглига ёқадиган бирор ном билан чақириши керак. Ораларида фарзандлар бўлса, бош фарзанднинг исмини айтиб чақириш улуғларимизнинг аёллари намоён қилган одоблардандир.
- Эр аёлига уй ишларида кўмак берсин.
Юқорида таъкидлаганимиздек, эр кишининг аёлига уй ишларида ёрдам бериши меҳрибонлик турларидан биридир.
Ривоятларда Расулуллоҳ (с.а.в.) кийимларини тикканлари, оёқ кийимларини, мешларини ямаганлари айтилган.
- Бир-бирлари билан арзимаган нарса устида хусуматлашмасинлар.
Оилавий ҳаётда турли ҳодисалар рўй бериб туради. Бундай ҳолатларда сабрли ва кечиримли бўлиш лозим. Бежиз халқимиз: “Бир кун уруш бўлган хонадондан қирқ кун барака қочади”демаган.
Албатта бу оила мустахкамлигига зарар келтирадиган ҳолатдир. Хусумат бир гапдан, бир учқундан бошланади. Уни оловга айлантирмасдан дархол ўчириш керак.
- Эр ва хотин бир-бирларидаги айбларни беркитсинлар.
Айб – нуқсондан ҳоли инсон йўқ.
Аллоҳ таоло айтадики:
“Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (Бақара 187-оят) дея мархамат қилади.
Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло дунёю охиратда унинг айбини беркитади” деганлар. (Имом ибн Можа ривояти).
Эр-хотин ҳаётда бир-бирларида учрайдиган камчиликларни беркитиб, кечириб, ислоҳ қилиб яшасалар, оила янада мустаҳкам ва бардавом бўлади.
- Эр-хотин бир-бирлари билан маслаҳатлашсинлар.
Эр оилавий ҳаётда аёли билан маслаҳатлашмоғи жоиз. Бу билан унинг қалбига ҳурсандчилик киритган бўлади. Аёл эри олдида қадри борлигини сезади. Ўзаро меҳр-муҳаббатлари зиёда бўлади.
Қуръони Каримда:
“……….. ва улар билан кенгашиб иш қилинг!” дейилади (Оли Имрон 159-оят).
Солиҳ кишилардан бири: “Мен бирор қўшимча қўшмаслигини аниқ билсам ҳам, аёлим билан уни ҳурсанд қилиш учун маслаҳат қиламан” деган экан.
- Оилавий ҳаётда эрлар аёлларига қандай муомала қилишда Расулуллоҳ (с.а.в.)дан намуна олсинлар.
Аллоҳ таоло Қуръон каримда Расулуллоҳ (с.а.в.) энг гўзал ҳулқ соҳиби эканликларини васф қилиб, Қалам сурасида бундай дейди:
“Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!”(4-оят). Аллоҳ таоло тарафидан бўлган бу гувоҳлик Набий (с.а.в.)нинг шахсиятларини билиш ва йўллари нақадар комил эканини англаш учун кифоядир. Айниқса эр-хотин орасидаги хос алоқа қандай бўлишида бу катта ибратдир.
Ҳулоса қилиб айтадиган бўлсак юқорида Қуръон, ҳадис ҳикматли сўзлардан шуни англашимиз мумкинки, эр-хотин ўртасидаги ўзаро муҳаббат ишонч оилавий ишларида бир-бирлари билан ҳамкорлик қилиш, фикр алмашиш, бир-бирларига иззат-икром кўрсатиш, муносабатлар самимийлиги натижасида маънавий соғлом муҳит пайдо бўлади. Бундай оилада дунёга келган фарзанд ҳам манан ҳам руҳан, ҳар тарафлама етук тарбия асосида улғаяди. Таъбир жоизки юртбошимиз 2016 йилни “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилишлари замирида оилага, аёлларга ҳамда фарзандларга катта этибор қаратиш лозимлигини тушанамиз. Зеро давлат ва жамият барқарорлиги, Ватан тараққиёти оиладан бошланади, оилалари тинч, аёллари фаҳм-фаросатли, фарзандлари илмли бўлган юрт ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаслиги ва ҳар соҳада етук натижаларга эришиши аниқ, иншоаллоҳ.
Ушбу мавзуимиз оилавий хаётнинг яхшиланиши ва оилавий бахтнинг мукаммалроқ бўлишига ҳисса бўлса ажаб эмас. Сўзимиз охирида Аллох таолодан барчамизга инсоф-тавфиқ, оилаларимизга хотиржамлик сўраб қоламиз.
«Йўл қўйилган камчилик, хатолар бўлса, тузатиб қўйсангиз, сизнинг ҳаққингизга ҳазрат Умар (р.а)нинг ушбу дуоларини айтиб қоламиз»:
“Бизларга хатоларимизни айтган кишига Аллоҳнинг марҳамати бўлсин!”
ТИИ 4-курс талабаси
Мардонов Зокир
Фойдаланилган адабиётлар:
- Қуръон карим таржимаси.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Бахтиёр Оила”, “Ижтимоий одоблар”.
- Салоҳиддин Шарипов “Сабр, Меҳр-шафқат қўрғони”.
4.Ислом Каримов “Она Юртимиз бахту икболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш-енголий саодатдир”.