Эшон Бобохон саводини отасининг қўлида чиқаради, сўнг амакиваччаси, Бекларбеги мадрасаси мударриси Баҳодирхон махдум ибн Муҳаммадхон эшон қўлида таҳсилини давом эттиради. Ўн икки ёшга тўлганида уни Бухорога, Мир Араб мадрасасида ўқишга юборишади. Мадрасадаги таҳсили давомида унинг дунёқараши таниқли олим, нақшбандия тариқати шайхи Мулла Икромча таъсирида шаклланди. Бу ерда у одоби, билими билан назорат текшируви мақсадида Тошкентдан юборилган халқ судьяси Муҳиддинхўжанинг назарига тушади. Таҳсил муддати охирлагач, Эшон Бобохон Муҳиддинхўжанинг тавсияси билан Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасида ўқишни давом эттиради. У ўзига талабчан, тартибли бўлганидан мадраса фанларини мукаммал ўрганиб, тезда аълочи талабалар сафидан жой олади.
Эшон Бобохон ўтган асрнинг бошларида Тилла Шайх масжидида имом-хатиб бўлиб ишлайди. Шунингдек, Мўйи Муборак мадрасасида дарс беради. У 1912 йилда қайнотаси ва ўғли Саидкамолхон билан биринчи бор ҳажга борган. Октябрь инқилобидан сўнг Эшон Бобохон ҳанафий олим сифатида мўътадилликни сақлаб янгича шароит билан ҳисоблашиш, қисман мослашиб бўлса-да, халқни ношаръий ишлардан қайтариб туриш зарур, деб ҳисобловчи уламоларга ҳамфикр бўлди. Шунга қарамай, ҳукмрон тузум таъқибига учрайди. “Социализм сари олға юришда синфий курашнинг кескинлашуви” шиори остида олиб борилаётган ҳаракатлар вақтида Эшон Бобохонга қайнотаси Муҳиддинхўжа ҳадя қилган Яланғоч мавзесидаги ерлари ва мол-мулки мусодара қилинади (1928 йил). Фарзандлари ҳам мактабдан ҳайдалади. У оиласи билан Ҳазрати Имом маҳалласидаги ҳовлисидан мажбуран кўчирилиб, ўзига катта солиқ солинади. Улар Эшон Бобохонга онасидан мерос қолган Қорасаройдаги Қўрғонча деб аталган дала-ҳовлига кўчиб ўтишади. Кейинги икки йил давомида ҳам Эшон Бобохон мунтазам милиция кузатуви остида бўлади.
1937 йили Эшон Бобохон билан ўғли Зайниддинхон диндан сабоқ беришда айбланиб, қамоққа олинади. Шахсий кутубхонасидан кўплаб қимматбаҳо китоблар арабча қўлёзма асарлар олиб кетилади. Бир оз вақтдан сўнг уни қўйиб юборадилар, ўғли Зайниддинхон эса Бурятиядаги СССР ИИХК лагерида вафот этади (1938 й.). 1941 йилда Эшон Бобохон яна ҳибсга олинади, бироз ўтиб “жиноий таъқибнинг тўхтатилиши” ҳукми билан қамоқдан озод қилинади.
Маълумки, 1942 йил охирида ҳукумат томонидан Россиянинг турли шаҳарларида диний марказлар очилишига рухсат берилади. Бироқ бу диний марказларнинг Ўрта Осиё ва Кавказорти ўлкаларидан минглаб чақирим узоқда экани ва шунга кўра минтақадаги имконияти чекланган мусулмон жамоаларнинг тарқоқлиги, улар ўртасида алоқалар узилиб қолганини ҳисобга олиб, ушбу ҳудудларда алоҳида диний марказ ташкил этиш эҳтиёжи туғилади. Шу тариқа ҳукуматнинг махсус рухсати билан 1943 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати иш бошлайди. Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон диний назорат раиси, муфтий этиб тайинланади. Шу йил охирларидан Ўрта Осиёнинг турли бурчакларидан таниқли уламолар муфтий Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчилигида энг муҳим диний масалаларни муҳокама қилиш учун Тошкентга тўпланадилар. У кексайиб қолганига қарамай, мамлакат бўйлаб кўп сафар қилган. Халқлар ўртасида тинчлик ва дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ҳамда табаррук 95 ёшга тўлиши муносабати билан ҳукумат томонидан Қизил Байроқ ордени билан тақдирланган.
Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати асосчиси, бешта республиканинг биринчи муфтийси сифатида кўп миллатли мусулмон халқлар хотирасида муҳрланиб қолган Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон 1957 йил 5 июнь куни вафот этган. Жаноза намозини ўғли Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ўқиган. Ўзбекистон ҳукуматининг қарори билан Қаффол Шоший қабрининг ёнбошига дафн қилинган. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Ҳувайдо маҳалласидаги кўчалардан бирига ва шу ердаги жоме масжидга Эшон Бобохон номи берилган.
ТИИ 4-курс талабаси
Азизов Мирзабобур