islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37
islom-instituti@umail.uz | 71-227-42-37

Олий Маъҳадда Араб тилидан кириш имтиҳони бўлиб ўтди

Тошкент ислом институтида 2022-2023 ўқув йили учун кундузги таълим йўналиши бўйича Араб тилидан кириш имтиҳони ўтказилди.

ТИИ проректори, қабул ҳайъати раиси ўринбосари Умиджон Ходжаев ижодий имтиҳонни кириш сўзи билан очиб берди.

Тадбир ТИИ ходими Муҳаммад Юсуф қори Ҳомидовнинг Қуръон тиловати билан бошланиб, хайрли дуолар қилинди.

Кириш имтиҳонларини кузатиш учун Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, ДИҚ Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, ходим Элёр Алимқулов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов ва Акбар Дўсматов Тошкент ислом институтга ташриф буюрдилар.

ДИҚ раисининг биринчи ўринбосари Д.Махсудов ва ЎМИ раиси биринчи ўринбосари Ҳ.Ишматбеков диний таълим соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида гапириб, абитуриентларга муваффақият тиладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири Салоҳиддин Шерхонов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида ижодий имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.

Муҳрланган махсус қоплар очилгач, навбати билан имтиҳон учун ҳозирланган жойларга абитуриентлар паспорт ва рухсатнома асосида киритилди.

Абитуриентлар муҳрланган конвертлардан бирини танлаб, билетларга белгиланган вақт оралиғида тайёрландилар.

Билетдаги топшириқларга тайёр бўлган абитуриентлар имтиҳон олувчи ўқитувчилар ҳузурида араб тилига оид саволларга жавоб бердилар.

Ижодий имтиҳон учун Тошкент ислом институти араб тили ўқитувчилари билан бир қаторда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети, Ҳадис илми мактаби ва бошқа нуфузли турдош таълим муассасалари мутахассислари жалб қилинди.

Имтиҳон жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, институт қабул ҳайъати аъзолари ва турдош ташкилот вакиллари кузатиб, назорат қилдилар.

Абутуриентлар кириш имтиҳонидаги баҳосига норози бўлса, апелляция ҳайъати раисига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаат қилган абитуриентларга бошқа билет олиш имконияти берилиб, апелляция ҳайъати аъзоларига имтиҳон топширдилар ва олган баҳоси қайдномага ёзилди.

Шунингдек, ижодий имтиҳонда юқори балл (максимал балл 63) олган абитуриентлар ҳам апелляция ҳайъати аъзолари қабулида бўлиб, жавоб варақаси кўздан кечирилиб, мазкур баллга лойиқлигини текшириб кўрилди.

2022-2023 ўқув йили учун кундузги таълим бўйича Тошкент ислом институтига 283 нафар йигитлар ва 61 нафар аёл-қизлар, жами 344 та абитуриент ҳужжат топширди.

Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши 2022-2023 ўқув йили учун абитуриентлар қуйидаги фанлардан имтиҳон топширадилар:

❗️Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 30 Х 2,1 – 63 балл;

❗️Ақоид-фиқҳ (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;

❗️ Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.

Абитуриентлар ЎМИ ҳузуридаги ўрта махсус ислом таълим муассасаларини битириб, Тошкент ислом институтида олий диний маълумотга эга бўлиш учун имтиҳонларда қатнашдилар.

Ўтган йили 50 нафар йигитлар ва 10 нафар аёл-қизлар Олий маъҳад талабаси бўлган эди.

Ўтган йили йигитлар бўйича энг юқори кириш бали 156.8, энг паст кириш бали 117.6 ва аёл-қизлар бўйича энг юқори кириш бали 152, энг паст кириш бали 116.3 ни ташкил қилган эди.

Эртага, 9 август куни Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови бўлиб ўтади.

Мандат – имтиҳон натижалари 10 август куни эълон қилинади.

Ижодий имтиҳон жараёнлари ижтимоий тармоқларда онлайн узатилди.

ТИИ Матбуот хизмати

318840cookie-checkОлий Маъҳадда Араб тилидан кириш имтиҳони бўлиб ўтди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: