Бадруддин Айний яшаган даврда ижтимоий – сиёсий ва маънавий муҳит
(1-қисм)
Бирор олимнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишда у яшаган даврда жамиятдаги сиёсий, ижтимоий ва илмий ҳолатга тўхталиб ўтиш муҳим ҳисобланади. Чунки, шахснинг олим бўлиб шаклланишида у яшаган замон муҳити алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, Бадруддин Айнийнинг ҳаёти ва фаолиятини батафсил ёритиш, у яшаган даврга тўхталиб ўтишни тақазо этади. Шунингдек, олим яшаган даврни ўрганиш ўша давр жамиятида ислом дини ва олимларининг ўрни ва мавқеини, давлат ва дин муносабатлари ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилишга асос бўлади.
Бадруддин Айний VIII–IX асрларда яшаб ижод қилган. У умри давомида бир–нечта шаҳарларга илм олиш мақсадида сафар қилган. Миср, Қоҳира, Қуддус, Дамашқ ва бошқалар шулар жумласидандир. Олим Мисрда яшаган даврда (тахминан 788 йил) у ерда Мамлуклар сулоласи ҳукмронлик қилишарди. Ана шу даврнинг сиёсий, ижтимоий, илмий ҳолати етук даражада бўлган.
Мамлуклар сулоласи Айюбийлардан сўнг ҳижрий 648–923 йилларда Миср ва Шом диёрларида ҳукмронлик қилишган. Улар салбчиларга қарши қаттиқ кураш олиб боришган. Темурийлар, Усмонийлар каби мусулмон давлатлари билан ҳар соҳада яхши алоқада бўлишган. Бизнинг ватандошимиз, буюк саркарда Амир Темурнинг ўғли Шохруҳ Мирзо Каъбатуллоҳнинг ёпинчиғини (каъбапўшни) янгилаш учун назр қилганини айтиб, Миср фақиҳларидан фатво сўрайди. Натижада кўплаб тортишувлардан кейин Бадруддин Айний “Бу иш жоиз эмас, Каъбага қарайдиган оилагина каъбапўшни янгилаши ёҳуд алмаштириши мумкин бўлади”, деб фатво беради.
Ибн Ҳажар Асқалоний каби олимлар ҳам бу фатвони қўллаб қувватлайди.[1] Юқоридаги ҳикоядан икки давлат ўртасидаги муносабатни яхшилиги маълум бўлади. Бадруддин Айнийнинг каъбапўш борасидаги фатвоси уламолар томонидан қабул қилингани ўша замоннинг эътиборли фақиҳларидан бири бўлганини ҳам исботлайди. Тарихчи олимлар ана шу даврда Мисрдаги ижтимоий табақани етти қисмга ажратишган. Улар қуйидагилар:
- Биринчи табақа – давлат бошқарувчи табақаси ҳисобланиб, ушбу ижтимоий табақа вакилларига, давлат бошқарувига алоқаси бўлган ва жамиятнинг ижтимоий–иқтисодий ҳамда сиёсий соҳасига таъсир кўрсатган шахслар кирган. Улар султонлар, амирлар, бош саркардалар ва бошқалар;
- Иккинчи табақа – ўта бойлар табақаси бўлиб, мазкур табақага савдо–сотиқ ва ҳунармандчилик орқали бойиб кетган инсонлар кирган;
- Учинчи табақа – бойлар табақаси. Бу табақа вакилларига ўртаҳол савдогарлар кирган;
- Тўртинчи табақа – деҳқонлар табақаси бўлиб, улар қишлоқ ва овулларда ҳаёт кечирган деҳқонлар;
- Бешинчи табақа – мол–мулкка эга бўлишда ўрта қатлам табақаси бўлиб, уларга олимлар, мударрислар, толиби илмлар ва бошқалар кирган;
- Олтинчи табақа – меҳнаткашлар (ёнланма ишчилар) табақаси деб номланиб, уларга мардикорлар, уста ҳунармандлар, дурадгор ва қурувчилар кирган;
- Еттинчи табақа – кам таъминланган, ёрдамга мухтожлар табақаси. Уларга мискин, бева-бечора ва камбағаллар кирган.[2]
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Мисрда аҳолининг турли қатламлари ўртасидаги табақаланишнинг мавжудлигига қарамасдан Мамлуклар даврида Миср, хусусан Қоҳира дунёнинг илмий–маданий марказларидан бирига айланди. Мамлук султонлари масжидлар, мадрасалар, мақбаралар, кутубхоналар, ҳовли иншоотлари, боғлар қуришда мусобақалашишарди. Бу жойларнинг молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун кўплаб вақф мулклари ташкил этилди. Аҳли илмлар ва толиби илмларга катта моддий ёрдамлар ажратилди. Ана шу даврда махсус фанга ихтисослашган мадрасалар қурилиб фойдаланишга топширилган. Масалан, бир мадраса ҳадис илмини ўрганишга бағишганган бўлса, бошқа бир мадраса қироат илмини ўргатишга мўлжалланган, яна бири тафсир илмига ихтисослашган. Ушбу мадрасаларнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, мазкур мадраса мударрисларига маош бериш ҳамда талабаларни моддий рағбатлантириш (стипендия) жорий қилинган. Шу билан бирга, “Аҳли сунна вал жамоа”нинг тўрт мазҳабини мукаммал ўргатадиган маҳсус алоҳида мадрасалар ташкил қилинган. Ҳанафий мазҳабига ихтисослашган мадрасада фақат ҳанафий мазҳабини ўргатиш билан чегараланган.[3]
Имом Муқризийнинг берган маълумотига кўра, ўша даврда таълим масканлари фақат мадрасалар бўлмаган, аксинча масжидларда, хонақоҳларда ва бошқа жойларда ўз даврининг етук олимлари дарс беришган. Тарихчи олимларнинг маълумотларига кўра, мадрасаларда ислом динининг барча фанларига оид жуда кўп китоблар мавжуд бўлган.[4]
Юқоридаги маълумотлардан Мисрда илм–фанга қай даражада эътибор қаратилгани кўриниб турибди. Бу ишларнинг асосийларини султонлар амалга оширганлар. Бадруддин Айний Мисрда тўққизта мамлук ҳукмдорлари билан замондош бўлиб улар билан яқин алоқада бўлган. Уларни жадвал тарзида келтириб ўтамиз:
№ |
Султонларнинг исм – шарифи | Хукмронлик йиллари |
1 | Малик Зоҳир Барқуқ | Ҳижрий 784 – 801 йиллар |
2 | Малик Абу Саодат Фарж ибн Барқуқ | Ҳижрий 801 – 808 йиллар |
3 | Малик Мансур ибн Барқуқ | Ҳижрий 808 – 815 йиллар |
4 | Малик Муаййид | Ҳижрий 815 – 824 йиллар |
5 | Малик Зоҳир Тотор | Ҳижрий 824 – 824 йиллар |
6 | Мухаммад Малик Солиҳ | Ҳижрий 824 – 825 йиллар |
7 | Малик Ашраф | Ҳижрий 825 – 841 йиллар |
8 | Малик Юсуф | Ҳижрий 841 – 842 йиллар |
9 | Малик Зоҳир Чақмоқ | Ҳижрий 842 – 857 йиллар |
Ана шу давр одатларига кўра буюк, эътиборли олимлар султонлар учун ҳадя сифатида бир китоб ёзишган. Китобдан султоннинг ҳаёти, илмий фаолияти ва фойдали насихатлар ўрин олган. Бадруддин Айний эса Малик Муаййид, Зоҳир Тотор ва Малик Ашраф ҳақида назмий ва насрий асарлар ёзган.[5]
Бадруддин Айний дастлаб Мисрга келган пайтда, у ерда Малик Зоҳир Барқуқ подшоҳ эди. Лекин улар ўртасидаги муносабат яқин бўлмаган. Малик Зоҳир Барқуқ Бадруддин Айнийга савол беради ва аллома султоннинг саволига қониқарли жавоб бергани тарихий асарларда қайд этилган. Бадруддин Айний хукмдорлар ичида Малик Муаййид билан яхши муносабатда бўлган. Султоннинг меҳрини қозонган Бадруддин Айний, янги очилган Муаййидия мадрасаси мудири, шунингдек, вақфлар нозири вазифасига тайинланади. Султон Малик Муаййиддан кейинги султон Малик Зоҳир Тотор ҳам Айнийни қаттиқ хурмат қилган. Аллома султон Малик Ашраф даврига келиб, қозилик лавозимига тайинланган. Малик Ашраф ёшлик чоғида тахтни эгаллагани боис Бадруддин Айнийдан қироат, шариат, одоб, сиёсат ва подшоҳлар тарихи бўйича таълим олади. Устоз Айний ёш валиаҳдни “Агар подшоҳ солиҳ бўлса, миллат солиҳ бўлади, агар фосид бўлса миллат фасод бўлади” шиори остида тарбиялайди. Малик Ашраф султон бўлганидан кейин Бадруддин Айний у учун энг ишончли одамга айланади.[6] Подшоҳ у билан доим маслаҳатлашиб иш юритади. Султон Малик Ашрафнинг “Агар қози Айний ҳазратлари бўлмаганда бизнинг исломимиз чиройли бўлмас эди. Мамлакатни қандай бошқарардик?”– деган сўзи ҳам Бадруддин Айнийга бўлган эътиборини ва у зотнинг мавқеини яққол кўрсатиб турибди.
ТИИ Тиллар кафедраси
ўқитувчиси Козимхон Асроров
[1] Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадруддин Айний ва асаруҳу фи илми ал–ҳадис (Бадруддин Айний ва ҳадис илми ҳақидаги асари) – Макка: Дор ал–башар исломия, 1982. – Б. 187.
[2] Ўша асар.– Б.192.
[3] Абдуллоҳ Муҳаммад ал–Ҳабаший. Жомиъ аш–Шуруҳ вал Ҳаваши ал–мажмаъ ас–Сақофий. – Абу Даби.: 2004. 655 б.
[4] Муҳаммад ат–Тақий. Ат–Тобақотус Синийя фи тарожимил ҳанафийя. – Байрут.: Дору иҳяи туросил аробийя, 1997. 344 б.
[5] Бадруддин Айний. Манҳатус Сулук фи шарҳи Туҳфатил Мулук. – Байрут.: Дору иҳяи туросил аробийя, 1999.
[6]Солиҳ Юсуф Маътуқ. Бадруддин Айний ва асаруҳу фи илми ал–ҳадис (Бадруддин Айний ва ҳадис илми ҳақидаги асари) – Макка:дор ал–башар исломия, 1982. – Б. 47.