Бугунги кунда инсонлар орасида юрар эканмиз, илм олишга энди бел боғлаётган ёшлар олим бўлиб етишишлари учун нималар қилиш, нимадан бошлаш, илм олиш учун қай даражада жидду жаҳд қилиш керклиги борасида тараддудланиб юрганини кўрамиз.
Афсуски, яна баъзан инсонлар орасида олимларни қилган меҳнатини қадирламайдиган, улардан камчилик қидирадиган, олим бўлишга арзимаган иш сифатида қараб, ҳаттоки уларни обрўсизлантиришдан ҳам табротмайдиган одамларни кўриб қоламиз. Яна баъзан бир ё икки китоб ўқиб, ё ўқимасдан ўзларини олим санайдиган, фикрига қарши чиққанларни илмсизликда айблайдиган ва ҳатто бу борада олдин ўтган олимларга ҳам тош отишдан қўрқмайдиган кишиларни ҳам кўриб қоламиз. Юқоридаги каби вазиятдаги кишиларга энг яхши насиҳат бу ўтмишда ўтган олимларимизнинг ҳаёт йўллари, илм йўлида қандай жонбозлик кўрсатганлари, улар илм йўлида қандай қилб бор имкониятларини ишга солганликлари ҳақида таништиришдир. Бунинг учун эса олимларни ҳаёт йўлларини ёритган, уларнинг таржимаи ҳоллари баён қилинган асарларни ўқимоқлари даркор.
Ушбу “Саҳифалар” китоби ХХ асрда яшаб ижод қилган муҳаддис, таҳқиқчи, фақиҳ, кўплаб алломалар устози, кўплаб нодир асарлар муаллифи Абдулфаттоҳ Абу Ғудданинг узоқ йиллик меҳнат самараси бўлиб, унда муаллиф салафи солиҳларнинг, хусусан, саҳобаи киромлар, тобеин, табаъ тобеъин ва кейинги олтин асрлар алломаларию солиҳларининг илм талабидаги ҳаёт йўллари ёритилган. Уларнинг бундай улкан илмга қандай эришганлари, нималарни амалга оширганлари, илм йўлида турфа қийинчиликларни қандай енгиб ўтганлари, ушбу қийинчиликларга сабр қилиб, қай тарзда охир-оқибат уммат олимига айланганлари келтириб ўтилган. Зеро, тарих ибрат демакдир! Ўтмишда ўтган боболаримизга муносиб авлод бўлиш учун уларнинг амалга оширган ишлари, асарлари ва илмий меросларидан ибрат олишимиз лозим!
Асарда салафи солиҳлар давридаги илмий муҳит, илм олишдаги зарур кўрсатмалар, олимларнинг Қуръон ва ҳадисга амал қилишдаги жонбозликлари акс этган. Шунингдек, асар олдинги даврдаги илм марказлари бўлган шаҳарлар, давлатлар, уларнинг номланишлари ва шу каби маълумотлар билан тарихий жиҳатдан ҳам муҳим асар ҳисобланади.
“Саҳифалар” китоби барча китобхонлар учун, хусусан, илмга алоқадор кишилар, толиби илмлар учун мўлжалланган бўлиб, улар учун салафи солиҳлар ҳаётидан ибрат олиш, ўзларининг илмий ҳаёт йўлини қатъий белгилаши, илмга бўлган рағбатларини чархлашда асқотадиган китобдир.
Бугун 20 сентябр куни “Ҳилол Нашр” нашриётининг “Китобхонлик мактаби” лойиҳасида ушбу асарнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда Тошкент ислом институтининг “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси мудири, Доктор Соатмурод домла Примов Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти ва илмий мероси хусусида маъруза қилди. Тошкент ислом институтининг “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Фахриддин домла Маманосиров китобнинг таржима қилиниши, олдин ўтган уламоларнинг илм олишдаги матонатлари, бошларидан ўтказган синовлари ҳақида гапириб берди. Шунингдек, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси мудири Баҳодир домла Азамов ва Раҳматуллоҳ Махсумхоновлар китоб ҳақидаги маълумотларни анжуман иштирокчиларига етказдилар.
Шунингдек, тақдимотда Тошкент ислом институти ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари ҳам иштирок этдилар.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси ўқитувчиси Раҳматуллоҳ Махсумхонов