Мотуридийлик таълимотида билиш назарияси
(1-қисм)
Ҳар қандай ақли расо одам ўз хоҳиши билан жаҳолатга ботишни истамайди. Шу маънода жаҳолатни тузоқ деб тасаввур қилсак, унга тушиб қолишнинг иккита сабаби мавжуд:
Биринчи сабаб – билимсизлик. Билмаслик оқибатида инсон ҳатто жаҳолат тузоғига тушганини сезмайди ҳам. Ўз жоҳилий қарашларини тўғри ҳисоблаб юраверади;
Иккинчи сабаб нотўғри билим. Яъни билиш мезонларининг бузилиши ортидан аслида нотўғри маълумотни тўғри деб қабуллаш натижасида жаҳолатнинг энг ёмон ҳолатига тушиб қолиш мумкин-ки, бу динга ҳам дунёга ҳам путур етказади.
Бугунги кундаги сингари тарихда ҳам дин илмларини, айниқса исломий дунёқарашнинг асоси бўлган ақидавий билимларни қабул қилишда турли туман қарашлар оқимларнинг, улар қўлида хунрезликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган.
Ҳақиқий билим жаҳолатнинг олдини олишнинг энг муҳим воситаси сифатида қабул қилиниб, Имом Мотуридий ҳазратлари томонидан билишнинг, яъни тўғри маълумотни нотўғри маълумотдан фарқлашнинг мезонлари ишлаб чиқилди-ки, эндиликда ҳар қандай дин номидан келтирилаётган маълумотлар шу мезонга солиб кўрилса, унинг ҳақиқатга мос келиши ёки келмаслиги аён бўлади. Натижада инсон жаҳолат тузоғига тушиб қолишдан сақланади.
Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандий (в.333/944 й.) ислом мутафаккири, мутакаллим, ҳозирда унинг номи билан аталадиган “мотуридийлик” калом мактабининг асосчиси бўлган буюк аждодимиз сифатида бизга маълум.
Унинг таълимоти қарийб ўн бир асрдан кейин ҳам ўз аҳамиятини йўқотмагани, аксинча янада долзарб аҳамият касб этаётганини ўтган асрнинг иккинчи ярмидан Мотуридий шахсияти ва унинг таълимотига қизиқиш ортгани билан изоҳлаш мумкин. Айниқса, бугунгидай глобаллашган ахборот асрида жамият онги, айниқса шахс ва жамиятнинг эътиқодий асосларини ташкиллаштирувчи мезонларга дарз кетиб, турли йўналиш ва оқимлар қарашлари билан қоришиб кетган бир пайтда мотуридийликнинг аҳамияти янада ёрқинроқ намоён бўлмоқда.
Мустақил Ўзбекистон ҳудудида ақидавий қарашлардаги чалкашликларнинг дастлабки шаклини истиқлолнинг илк йилларида кузатишимиз мумкин. Дастлаб, “қабр азоби”, “дуои фотиҳа” каби масалаларда пайдо бўлган тортишувлар, бу борадаги эътиқоднинг шубҳага олиниши оқибатида шахс ва жамиятнинг минг йиллик имони барқарорлигига путур етказа бошлади. Бугунга қадар бу жараён ривожланиб, чигаллашиб борди ва бормоқда. Оқибатда мамлакат мусулмон жамоасининг бир-бирига “фосиқ”, “кофир”, “муртад” каби сўзлар билан диний айблов эълон қилаётгани, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳид” каби тушунчаларни ғаразли талқин қилиб, мамлакат ёшларини халқаро майдонларда дин номи билан амалга оширилаётган хунрезликларга тортиб кетаётгани айни замонда кўз ўнгимизда содир бўлаётган воқелик экани сир бўлмай қолди.
Шундай қилиб, мотуридийликка асосланга соғлом диний қарашга эга бўлган жамиятга бегона бузувчи ғоялар таъсир қилиши оқидбатида афсуски, ислом динига асосланган экстемистик қарашга эга бўлган шахслар ва жамоалар шаклланиб улгурди. Бунинг мисолини 2019-2021 йиллар давомида ҳукумат ташаббуси билан ўтказилган “Меҳр” номи билан аталган 5 та операцияда 438 нафар аёллар ва болалар[1]нинг дин номи остида жангу жадал кетаётган юртлардан Ўзбекистонга қайтарилишида яққол кўришимиз мумкин. Улар бузуқ эътиқоднинг қурбони бўлган, адашганини ўзи ҳам билмаган оддий инсонлар эдилар.
Имом Мотуридийнинг хизмати шунда эдики, Х муҳитида эътиқодий (ғоявий) якдилликни таъминлаш долзарб аҳамият касб этиб турган бир пайтда мўътазилийлик, муржиийлик каби ўзгача фикрлайдиган мусулмон жамоалар қарашлариларидаги камчиликларни илғай олди ва уларни тузатиш учун ўзининг мантиқий илмий-асосланган қарашларини ўз даврида эълон қила олди, пировардида жамиятни бўлинишдан асраб қолди.
Аҳли сунна вал жамоа йўналиши, хусусан, ҳанафийлик мазҳаби эргашувчилари эътиқодий билимларини Нўъмон ибн собитнинг “Ал-фиқҳул-акбар” асари асосида шакллантиради. Мазкур манбада Қуръон ва суннага мувофиқ эътиқод шакллари баён қилинган бўлсада унинг асослари, истинботи ҳақида гап бормайди.
Имом Мотуридий ақидавий, кенгроқ айтганда, илоҳиётга оид масалаларни маълум бир мезон асосида ҳосил қилинган билимга таянган ҳолда талқин қила оладиган йўналишга асос солди. Ва ҳар қандай эътиқод билим асосида бўлмас экан унинг ҳақиқатлиги шубҳа остида қолишини таъкидлади.
“Ўз қарашларини ақлий ҳужжат билан исбот қила олиш, одамларга ўзининг ҳақ эканлигини далил билан етказа олиш борасида барқарор асосга эга бўлиш муҳим масала. Дин борасида ҳақиқатни излаган киши шундай асосга эга бўлса, уни топур. Ҳар қандай одам ўз эътиқодини маърифат асосига қурмоғи лозим. У (Набий с.а.в. назарда тутилмоқда) ҳам эътиқодининг ростлигини далиллаб, ҳақлигини исботлаб одамлар (эргашувчилар)нинг (қалбини) эгаллади”[2] – дейди Имом Мотуридий.
Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асари билиш муаммоси ва унинг энг нозик жиҳатларигача муҳокама қилинган энг қадимги каломга оид манбалардан ҳисобланади. Мотуридий мазкур асарида билиш муаммосини муҳокама қилар экан, муаммонинг ечимида янги бир йўлни очдики, ундан кейинги мутакаллимлар шу йўлдан юрди ва юрмоқда.
Мотуридий ўзининг билиш ҳақидаги қарашларини эълон қилар экан, дастлаб ўзи яшаб турган жамиятда анъанага айланган билиш йўлларини кўриб чиқди. Тақлид, илҳом (интуиция) ҳамда (ботинийлик таълимотидаги) маъсум йўлбошчи (имом) нинг билим манбаси бўла олишини инкор қилди[3].
Шундан сўнг сезги, нақл ва ақлни маърифат воситалари сифатида эълон қилади. Бу воситаларнинг ўзаро алоқадорлиги, айниқса ақл ва ваҳй ўртасидаги боғланишни тушунтириб берди.
Мотуридий тақлидни билиш учун асос бўлувчи ҳужжат сифатида қабул қилмайди. Негаки, инсоният миллат ва дин борасида турли-тумандир. Ҳар бир одам ўз эътиқодини тўғри деб ҳисоблайди ва унга содиқ бўлишга интилади. Аммо ўша одамдан эътиқодини асослаб беришни сўрасангиз қандайдир шахс ёки мазҳабга эргашишини айтади. Тақлид тўғри ёки нотуғри деган қарор учун мезон вазифасини бажарса, ёки билишнинг воситаси деб ҳисобланса, бир-бирига зид таълимотларнинг бари тўғри бўлиб чиқади. Бу эса ақлга тўғри келмайди[4], деб тушунтиради Мотуридий.
Бу билан Мотуридий мазҳаб йўлидан юриш ёки тақлид қилишни инкор қилмайди. Балки, тақлид қилувчининг ҳам йўли тўғри бўлиши учун унинг олдига иккита шарт қўяди: ўзи тақлид қилган нарсанинг тўғрилигига ҳужжати бўлсин, яъни уламолар унинг тўғрилигини тасдиқлаган бўлсин; тақлидчи нимага тақлид қилаётганини англасин.
Мотуридий илҳом билишнинг ишончли асоси бўла олишини инкор қилади. Илҳом икки хил талқин қилинади: Софистлар (суфустоий)[5] ва скептиклар (шаккок)[6] томонидан қалб амри; сўфийлар томонидан илоҳий илҳом. Ҳар икки томонннинг фикрича, илҳом билиш воситаси ҳисобланади. Софист ҳамда скептикларга кўра мутлоқ ҳақиқат мавжуд эмас. Сўфийлар эса тафаккурни билим воситаси сифатида кўрмайдилар.
Мотуридий софистлар ва сўфийларни бир вақтда тилга олиб, ҳар иккисининг билим ҳақидаги қарашлари деярли бир хил демоқчи бўлади. Негаки, иккиси ҳам инсоннинг ўзини ҳақиқат мезони сифатида кўради: бири нима деб қабул қилсанг, ўша ҳақиқат, деса, бошқаси қалб амри ҳақиқат деб ҳисоблайди. Иккиласи ҳам билиш учун далил ва ҳужжатни восита сифатида қабул қилмайди. Айнан мана шу нуқтада Мотуридий илҳомни инкор қилади. Унинг фикрича илҳом – асоссиз даъводир. Унинг асосида қарор қабул қилганда, ёки ундан билиш воситаси сифатида фойдаланганда, натижа зиддиятли бўлади. Негаки, ҳамма одамнинг фикри ҳар хил, бир-бирига зид бўлади. Ҳар бир одам ўзининг илҳоми, ёки қалб амрини даъво қилаверади.
Шунингдек, Мотуридий ботинийлар (таълимий)[7]лар қарашларини ҳам рад этади. Уларнинг ҳақиқати маъсум имом[8] таълимотига асосланган. Агар улар айтаётган даъво тўғри бўлса, демак, одамларнинг Қуръон оятларини ўқиб, ўрганиш ва тафаккур қилишида маъно қолмайди. Ваҳолангки, қуръон оятларида диний маърифат ақл, тафаккур ва пайғамбарлар тақдим қилган маълумотлар орқали ҳосил қилиниши баён қилинади.
М.Насриев, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири, ТИИ Ижтимоий фанлар
кафедраси катта ўқитувчиси
(Давоми бор…)
[1] https://www.gazeta.uz/uz/2021/04/30/mehr/
[2] Абу Мансур Мотуридий. Китаб ат-тавҳид. Байрут. “Дар Садер”, 2001. – Б. 66.
[3] Қаранг. Ўша асар. – Б. 65-66, 69.
[4] Қаранг. Ўша асар. – Б. 65-66.
[5] мил. ав. V-асрнинг II-ярми – VI-асрнинг 1-ярмида Юнонистонда донолик ва чиройли сўзлашувга ўргатувчи ўқитувчилар, файласуфлар. Улар маълум миқдордаги ҳақ олиш эвазига кишиларга мунозара олиб бориш санъатини, рақибининг мулоҳазаларидаги заиф томонларни топиб, уларга зарба бериш, ўз фикрини бошқаларга ўтказиш, мунозарада енгиб чиқиш усулларини ўргатишган. Бунда софистика услубидан фойдаланишган. Шу мақсадда рақибни довдиратиб қўядиган мантиқий софизм ва парадокслар ўйлаб чиқаришган.
[6] Ҳақиқатнинг бирор ишончли мезони мавжудлигига шубҳа билан қарайдиган фалсафий нуқтаи назар
[7] Исломдаги мафкуравий оқимлардан бирининг тарафдорлари. VII асрда вужудга келган. Бу оқим тарафдорлари Қуръон оятлари ва ҳадисларни зоҳирий ва луғавий талқин этишга қарши чиққан. Уларнинг иддаоларича, оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини эмас, балки зимнидаги яширин мазмунларини олиш зарур.
[8] Шиаликдаги оқим. Уларнинг фикрича Пайғамбар с.а.в., унинг қизи Фотима р.а., куёви Али р.а. ва улар наслидан бўлган имомлар гуноҳсиз ҳисобланади. Улар маъсумликда пайғамбарлар билан тенг. Уларнинг сўзлари билим манбаси ҳисобланади.