Ҳар бир инсон ўз фарзандини дунёдаги энг намунали, илмли ва маънавиятли бўлишини орзу қилади. Шунга эришиш йўлларини ахтаради. Тарбияни қачондан бошлаш зарур экани ҳақида кўплаб манбаларда қимматли маълумотлар берилган. Эркак киши уйланар экан аввало ҳаёли, одобли, солиҳа қизни танлаши керак бўлади. Худди шундай, қиз бола ҳам турмушга чиқаётганда куёв боланинг яхши фазилатларга эга эканига қаноат ҳосил қилиши лозим. Чунки танланган инсон келажакда фарзандларнинг онаси ёки отаси бўлади. Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига илм излашни, илм ўрганишни буюрган. Қуръони каримнинг бир неча оятлари бунга далолатдир:
هَلۡ يَسۡتَوِي ٱلَّذِينَ يَعۡلَمُونَ وَٱلَّذِينَ لَا يَعۡلَمُونَۗ
«…Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми…?!» деб илму фанга тарғиб қилади (Зумар, 9).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди». (Термизий ривояти).
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».
Шунинг учун ота-она фарзандига таълим-тарбия бериши фарздир. Илм фарзи айн ва фарзи кифояга бўлинади. Фарзи айн – ҳар бир киши ўрганиши шарт бўлган илмлар. Фарзи кифоя – бир гуруҳ кишиларнинг ўрганиши билан бошқалардан соқит бўладиган илмлар. Инсоннинг дунё ҳаётидаги ишларини бажаришда керак бўладиган барча илмлар фарзи кифоядир. Масалан, тиб илмини олайлик. Бу илм инсон жисмининг соғ-саломат бўлишида зарур саналади. Яна ҳисоб илми ҳам худди шу каби, мерос ва васиятларни тақсимлашда ҳамда дунё тараққиётига сабаб бўладиган бошқа илмларни ўрганишда ниҳоят даражада керакли илмлардандир.
Сиз билан биз ота-оналар, мургак чакалокларимизни эркалаб, ардоклаб устирар эканмиз, факат уларнинг жисмоний соглиги, моддий таъминоти тугрисида эмас, балки маънавий бойликларини, инсоний фазилатларини баркамол килиш тугрисида хам кайгуришимиз керак булади.
Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш, унга Парвардигоримизни ва Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танитиш ҳамда севдириш лозим. Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай каслар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг муҳим вазифаси бўлиши керак. Юртбошимиз «Биз фарзандларимизни Имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак», деганларидек, фарзандимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсон этиб тарбиялашимиз келажакда унинг комил инсон бўлиб улғайишига замин булади.
ТИИ талабаси Икромова Моҳинур