islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шаъбон Рамазон муқаддимасидир

Шаъбон ойининг фазилати

Шаъбон ойи ҳижрий-қамарий ойларнинг саккизинчиси бўлиб, у рамазондан аввалги ой ҳисобланади. Бу ойнинг бундай ном билан аталиши пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг бешинчи боболари Кулоб ибн Мурра яшаган давр, яъни 412-милодий йилга бориб тақалади. У вақтларда араблар ҳар бир ойни ўша кунда рўй берган муҳим воқеа-ҳодиса ва ҳолатларга қараб номлар эдилар. Масалан, кетма-кет келувчи жумодал-увла ва жумодал-охира (биринчи жумодо ва кейинги жумодо) ойларини ўша вақт қишнинг энг совуқ пайтига тўғри келиб, сувлар ва ерлар музлаб қолганлиги учун шундай номлаганлар. Жумодо сўзи музлаш, қотиш маъносини англатувчи “тажаммада” феълидан олинган. Ойларга ном берилаётган даврда Рамазон ойи ёзнинг жазирамасига тўғри келганлиги боис, унинг номини қаттиқ қизиб, чўғ бўлиш маъносини англатувчи “рамаз(ун)” сўзидан олганлар. Худди шунга ўхшаб, шаъбон ойининг номланишида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди. Унинг номланиш сабаби борасида турли хил қарашлар мавжуд бўлса-да уларнинг бари тарқалмоқ маъносини ўз ичига олувчи “ташаъъаба” сўзидан олинганлигини ривоятлар тасдиқлайди. Зеро, айнан шу ой кирганда араблар сув қидириб, турли йўллар ва дараларга тушиб, тарқалиб кетардилар. Яна бир қавлга кўра бу вақтда араблар тарқоқ ҳолда турли ғорларга кириб олар эканлар. Бошқа бир қавлга биноан араблар шаъбондан битта олдинги уруш ҳаром қилинган ражаб ойида уруш-юришларни тарк этиб, уйда ўтириб қолганликлари боис шаъбон келиши билан яна жангу жадалларда қатнашиш учун тарқалиб кетарканлар. Шунингдек, шаъбон ойи ражаб билан рамазон ўртасида бамисоли шоҳ каби ўсиб чиқиб, уларни бир-биридан ажратиб турганлиги учун ҳам шундай ном билан аталган деган сўзлар ҳам бор.

Шаъбон мусулмонлар қошида ғоят аҳамиятли ва муборак саналган ойлардан бири ҳисобланади. У рамазондан битта олдинги ой бўлганлиги туфайли ҳам унда рамазон ойини муносиб кутиб олишга тайёргарлик кўрилади. Кўп нафл рўзалар тутилади. Қуръони карим тиловатига киришилади. Хайрли амалларга қўл урилади. У рўзаси фарз бўлган рамазон ойи учун бамисоли фарз намозларини ҳаммаёғидан ўраб турувчи ва нуқсонлардан ҳимоялаб турувчи аввалги ва кейинги суннатлари кабидир. У рамазоннинг муқаддимасидир. Бу ойда нафл рўзалар тутиш билан машғул бўлган киши Рамазон рўзасини ортиқча машаққат ва қўрқувсиз бошлайди. Балки, бу иш унга бирмунча енгил бўлиб қолади. Натижада фарз бўлган рамазон рўзасига ғайрат ва шижоат билан киришади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда кўп нафл рўза тутардилар. Оиша онамиздан (разияллоҳу анҳо) ривоят қилинади (мазмуни): “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл рўзаларни тутишни бошлаганларида шундай кўп тутардиларки, ҳатто энди доим рўза тутиб юрсалар керак, деб ўйлаб қолардик. Кейин рўза тутишни тўхтатардилар ва шундай узоқ пайт тутмай юрардиларки, ҳатто энди рўза тутмасалар керак, деб айтардик. Расулуллоҳни рамазондан бошқа бирор ойни тўлиқ рўзадор бўлиб ўтказганларини кўрмадим. Ва у кишини шаъбондан бошқа бирор ойда шаъбондагичалик кўп нафл рўза тутганларини ҳам кўрмадим” (Бухорий: 1833-ҳадис; Муслим: 1956-ҳадис;).

Шаъбон ойида кўп нафл рўза тутишга доир шу ва бошқа ҳадиси шарифлар мазкур ойда нафл рўзаларни кўпайтириш мустаҳаб эканлигига далолат қилади. Оиша онамиздан нақл қилинган баъзи ҳадиси шарифларда ҳатто шаъбоннинг ҳамма кунида рўза тутишлари, ривоят қилинган. Аммо, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазондан бошқа бирор ойда тўлиқ рўза тутмаганликлари ҳақида бошқа ривоятлар ҳам мавжудлиги туфайли уламолар юқоридаги сўзни Набий алайҳиссалом шаъбонда тўлиқ бўлмаса-да бироқ аксар қисмида рўзадор бўлганликларига йўядилар. Зеро, бирор нарсанинг аксарини “ҳаммаси” дея ифода этиш араблар тилида жоиз ва учраб турадиган нарсадир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нима учун бу ойда бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ рўзадор бўлишларининг сабаби эса қуйидаги ҳадиси шарифда очиқланади.

Усома ибн Зайд (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Ё Расулуллоҳ, бирорта ойда шаъбондагидек (кўп) рўза тутганингизни кўрмадим”, дедим. У зот: “Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Ҳолбуки, унда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Шундай экан, амалларим рўзадор бўлган ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман”, дедилар” (Имом Насоий, Абу Довуд ва Ибн Хузайма ривоятлари).

Ушбу ҳадисдан олинадиган сабоқлардан бири шуки, одамларда икки буюк ой – ражаб ва рамазоннинг ўртасида келувчи шаъбон ойига нисбатан унинг фазилатларидан ғофиллик мавжуд бўлган экан. Зеро, ражаб уруш ҳаром қилинган муқаддас ойлардан бири, рамазон эса рўзаси фарз қилинган, унда Қуръони карим нозил бўлган ва энг улуғ тунни ўз ичига олган ойдир. Шаъбон эса уруш ҳаром қилинган ойлардан эмас ва рамазон каби кўп фазилатларга эга ҳам эмас. Шу нарса, одамларни мазкур ойга нисбатан эътиборсизроқ бўлишга ундаб қўйиши мумкин. Аммо, бу хато бўлиб, шаъбоннинг ҳам ўзига яраша фазилатлари бисёрдир. Улардан бири ҳам бўлса, унда барча бандаларнинг амаллари Аллоҳга арз қилинишидир. Шунингдек, мазкур ой юқорида санаб ўтилган ва қуйида зикр қилинажак яна бошқа фазилатларга ҳам эгадир.

Шаъбон қорилар ойи

Тобеинлардан Салама ибн Куҳайл ал-Хазрамий, ал-Куфий айтади: “одамлар шаъбон ойи кирганда бошқа ишларини ташлаб, ўзларини Қуръони карим тиловатига, унинг тафаккурига ва унга амал қилишга бағишлар эдилар. Шу боис ҳам бу ой қурролар ойи, деб аталди”.

Шаъбон ойининг ўртасидаги кеча ёхуд бароат тунининг фазилати

Шаъбон ойининг ўртасидаги кечанинг фазилати борасида кўплаб ривоятлар келган бўлиб, уларнинг ичида саҳиҳлари ҳам, заифлари ҳам бор. Аммо умумий маънода мазкур ривоятлар бу кечанинг алоҳида фазилатга эга эканлиги ва у кечани ибодат, зикру тасбеҳ ва истиғфор билан иҳё қилиш савобли бўлишига далолат қилади.

Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўртасидаги кечада махлуқотларига юзланади ва ҳамма бандаларини мағфират қилади. Илло, мушрик ёки бир-бири билан жанжалда бўлган кишилар бундан мустасно” (Байҳақий, Табароний, Ҳайсамий ва бошқалар ривояти).

Абу Саълаба ал-Хушаний разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Шаъбоннинг ўртасидаги кеча келганда Аллоҳ бандаларига назар солади. Ва мўминни мағфират қилади, кофирларга эса вақт беради. Бир-бирига кек сақлаган гина эгаларини эса токи ўзлари уни (яъни гина кудуратни) тарк қилмагунларигача гиналари билан ташлаб қўяди” (Байҳақий, Табароний ва Ибн Қонеъ ривоятлари).

Мазмунан юқоридаги ҳадиси шарифлар билан бир хил бўлган яна кўплаб ривоятлар ҳам келган.

Мазкур кеча ҳақида уламоларнинг сўзларидан намуналар:

Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий (вафоти: 1353ҳ) раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу кеча яъни бароат кечасининг фазли борасида саҳиҳ ривоятлар собит бўлган. Аммо, у ҳақда баъзи китобларнинг эгалари зикр қилган заифу мункар гапларнинг эса асли йўқ” (“ал-арфу-ш-шазий шарҳу сунани-т-термизий”: 2/172).

Мулло Хисрав Ҳанафий номи билан танилган Муҳаммад ибн Фаромуз (вафоти: 885ҳ) “дурару-л-ҳуккаам шарҳу ғурори-л-аҳкаам” китобида шундай дейди: “Рамазоннинг охирги ўн кечасини, икки ҳайит кечаларини, зулҳижжанинг ўнинчи тунини ва шаъбоннинг ўртасидаги кечани (ибодат билан) иҳё қилиш, мандуб (яъни тарҳиб этилган ва хуш кўрилган, мустаҳаб) амаллар сирасига киради”.

Ибн Нужайм Мисрий-Ҳанафий номи билан донг таратган аллома Зайниддин ибн Иброҳим ибн Нужайм (вафоти: 970ҳ) айтади: “Ворид бўлган ҳадисларга биноан Рамазоннинг охирги ўн кечасини, икки ҳайит кечаларини, зулҳижжанинг ўнинчи тунини ва шаъбоннинг ўртасидаги кечани (ибодат билан) иҳё қилиш, мандуб амаллардан саналади” (“ал-баҳр ар-роиқ”).

Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеий раҳимаҳуллоҳ (вафоти: 204ҳ) айтадилар: “бизга етиб келган (осорлар)га кўра дуо бешта кечада (тез) ижобат бўлар экан. Улар: Жума кунининг оқшомида, Азҳо байрамининг оқшомида, Фитр ҳайитининг оқшомида, ражаб ойининг илк кечасида ва шаъбон ойининг ўртасидаги кечада” (Имом Шофеий: “ал-Умм”: 1/264).

Яна кўплаб уламою аҳли илмлар шаъбон ойининг ўртасидаги кечада ибодат билан машғул бўлишнинг фазилатли эканлигини ўз китобларида қайд этганлар. “ал-мавсуъа ал-фиқҳийя” номли фиқҳий энциклопедиянинг “иҳёул-лайл” (тунни ибодат билан жонлантириш) бобида шундай дейилади: “Фуҳақоларнинг жумҳури шаъбон ойининг ўртасидаги кечани иҳё қилиш мандуб эканлигини қабул қилишган. Жумҳурга кўра, Шаъбон ойининг ўртасидаги кеча уни (ибодат билан) қоим қилиш мустаҳаблиги билан ажралиб туради. Зеро, унинг фазли ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган”.

Шайх Ваҳба Зуҳайлий шундай дейди: “икки ҳайит кунининг кечалари, қадр тунини иҳё қилиш учун рамазоннинг охирги ўн кунининг кечалари, зулҳижжанинг ўн кечаси ва шаъбоннинг ўртасидаги кечани иҳё қилиш мандуб саналади. Бу эса мазкур кечаларни тўлиқ қамрайдиган ёки уларнинг аксар вақтини ўз ичига оладиган ҳар қандай ибодат билан амалга ошади. Зеро, бу ҳақда саҳиҳ ҳадислар собит бўлган” (“ал-фиқҳ ал-ислаамий ва адиллатуҳу”: 2/299).

Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, бароат кечаси деган ном билан машҳур бўлган шаъбон ойининг ўртасидаги кеча яъни ойнинг 14-кунидан 15-кунига ўтар кечани ибодат билан тирилтириш улуғ ажру савобларни қўлга киритишга сабаб бўладиган фазилатли кечалардан ҳисобланади. Шунингдек, мазкур кечанинг фазилатли оқ-ойдин кечаларга (айёмул бийз) тўғри келиши туфайли кундузлари рўзадор, кечалари эса ибодатда қоим бўлиш туфайли фазилат устига фазилат бўлиб, ажру савоблар ҳам қат-қат орттириб берилади, валлоҳу аълам.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Султонхўжаев Алишер

Рихсиддин ўғли

33130cookie-checkШаъбон Рамазон муқаддимасидир

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: