islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Марғиноний 13 йилда ёзиб тугатган “Ҳидоя” асарининг ўзбек тилидаги мукаммал таржимаси нашр этилди

Тошкент ислом институтида “Ноябр – фиқҳий фанлар ойлиги” муносабати билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом свилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси ҳамда Тошкент ислом институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ҳамкорлигида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асари ва унинг ўзбекча академик таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедраси ўқитувчиси бош таржимон Аъзамхон Қамбаров, “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси исломшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (Phd) С.Примов, Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири Ф.Жўраев ҳамда бошқа педагок-ходимлар ва талабалар иштирок  этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар буюк бобокалонимиз Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарининг ёзилиш услуби, асарни умумэътироф этган машҳур фақиҳлар ва бу асарга ёзилган кўплаб шарҳлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Қолаверса, “Ҳидоя” асари ва унинг ушбу ўзбек тилидаги изоҳли-академик илмий таржимаси барча илм аҳли ҳамда исломшунос мутахассислар ва кенг жамоатчилик учун қимматли манба эканини таъкидладилар.

Мазкур «Ҳидоя» асари 1990 йилда Байрутнинг «Дорул кутубил илмия» нашриётида араб тилида чоп этилган нусхадан илк бор тўлиқ ва тузатилган ҳолда таржима қилинди.

Муаллиф: Бурҳонуддин Марғиноний

Таржима ва изоҳлар муаллифлари: Аъзамхон Қамбаров (бош таржимон), Акмалжон Икромжонов, Илҳомжон Бекмирзаев (тарих фанлари доктори)

Имом Марғиноний авваламбор, ушбу “Бидоятул мубтадий” китобига “Кифоятул мунтаҳий” деб номланган катта шарҳ ёзганлар. Китобни ёзишдан фориғ бўлгач, китоб ниҳоятда катта бўлиб кетганини инобатга олиб, уни мухтасар ҳолга келтириб, “Ҳидоя” деб номлаганлар. Натижада бу китоб ўхшаш йўқ муҳим китобга айланган. Ахир, қанақасига ундай бўлмасин?! Бу китобни ёзишга 13 йил умрларини рўзадор ҳолда бахшида қилганлар-ку!

Бу китобда муаллиф ривоят ва дироятни жамлаганлар, ҳар бир бобда масалаларнинг аслларини зикр қилиб, қолганларини тарк қилганлар. Ким қисқа китобни ўқишни маъқул кўрса, “Ҳидоя” билан чекланади. Ким катта-катта китобларни ўқишга рағбат қилса, “Кифоя” китобига мурожаат қилади. Ким мазҳаб масалаларини ёдда сақлашни, тутиб туришни истаса “Бидоя” китобига мурожаат қилади.

Уламолар фиқҳда китоб тасниф қилиш борасида турфа услубни танлаганлар. Баъзилар мазҳабдаги фақиҳлар сўзларини келтириш билан бир қаторда ўзга мазҳаб соҳибларининг ҳам сўзларини келтирадилар. Баъзилар эса, фақатгина мазҳаб уламоларининг сўзларини келтириш билан кифояланадилар. Иккала услубда ёзганлар ҳам икки хил йўлни тутганлар. Баъзилар турфа ривоятларни келтирган бўлсалар, бошқалари рожиҳ ва машҳур ривоятларнигина келтирганлар.

Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ эса, ҳар иккала йўлни тутган ҳолда китобларини ёзганлар. Бу китобларида кўпгина масалаларни баён қилишда бошқа мазҳабларнинг ҳам сўзларини келтирганлар. Бу эса китобни ўзга мазҳабдагилар ҳам мурожаат қилишларига сабаб бўлади. Шунингдек, имом бу китобда имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ билан икки шогирдлари – имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимолар ўртасидаги ихтилофларни ҳам, улардан қилинган турфа ривоятларни ҳам келтирганлар.

Имом Марғиноний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу “Ҳидоя – шарҳу бидоятил мубтадий” китобини ёзиб бўлганларида нафақат мазҳаб ичида, балки бошқа мазҳаб вакиллари томонидан ҳам катта қизиқиш билан қабул қилинган.

ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси

 ўқитувчиси М.Баймиров

345230cookie-checkИмом Марғиноний 13 йилда ёзиб тугатган “Ҳидоя” асарининг ўзбек тилидаги мукаммал таржимаси нашр этилди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: