islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Макка фатҳидан сўнг “ҳижрат” йўқ

Ҳижрат масаласи ҳам ўта нозик масалалардан ҳисобланади. Шу сабабдан ғаразгўйлар бу масалани ҳам ишга солиб кишиларимизнинг бошини айлантириб, турли нохушликларга гирифтор қилишга уринишади.

Мен сизнинг саволингизга ўзимнинг “Васатия ҳаёт йўли” деб аталган китобимдан олинган иқтибослар ила жавоб бермоқчиман.

Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар «ҳижрат қилмаганлар кофирдир» деган гапни одамлар ичида кенг тарқатишган. Жуда кўп одамлар бу масала ҳақида катта ташвиш билан савол берадилар. Уларга масала далил ва ҳужжат билан тушунтирилмаган. Кофир юртда ёки дорул ҳарбда туриш куфрдир, ҳижрат қилиш фарздир деган фикр уқтирилган, холос. Аммо қайси далил буни тақозо қилишини ва энг муҳими, ҳижратнинг қаерга қилинишининг баёни келмаган.

Аслида эса, бу фикрни олдинга сурганларнинг бошлиқлари қуйидаги далилларни келтирадилар.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Ўзига зулм қилувчи ҳолида жони олинаётганларга фаришталар:

«Нима қилаётган эдинг-лар?» – дерлар. Улар: «Ер юзида бечора эдик», дерлар. «Аллоҳнинг ери кенг эди-ку, ҳижрат қилсангиз бўлмасмиди?!» – дерлар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон жой!» деган (97-оят).

Ҳаким ибн Муовиядан, у отасидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмоннинг барчаси мусулмонга ҳаромдир. Улар икки бир-бирига ёрдамчи биродардирлар. Аллоҳ Азза ва Жалла мушрикдан, мусулмон бўлганидан кейин токи у мушрикларни тарк қилиб мусулмонларга келмагунича, амални қабул қилмайди», дедилар». Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Уларнинг гапларига раддия:

Улар далил қилиб келтираётган оят ва ҳадис қўрқитиш маъносидаги матнлардандир. Бу каби оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш учун асл ҳукмларга қайтилади. Асл ҳукм бўйича, аҳли тавҳид дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди.

Имом Муҳаммад ибн Исмоил ас-Санъоний ўзининг «Субулус Салом» номли машҳур китобида юқоридаги ҳадис ва унинг маъносидаги бошқа ҳадисларни шарҳлаб бўлганидан кейин, қуйидаги ҳадиснинг шарҳида айтади:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқ», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

«Бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар». Бу, такфирчиларнинг гапига кучли раддиядир.

Сўнгра имом Санъоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонларнинг раҳбари сифатида бошқаларга таклиф қиладиган ишлари ҳақидаги ривоятни келтирган ва қуйидаги жумлага урғу берган:

«Агар улар ҳижрат қилишдан бош тортсалар ва ўз диёрларида турмоқни ихтиёр қилсалар, уларга билдирким, алар худди мусулмон аъробийлар каби бўлурлар, уларга ҳам мўминларга жорий бўлган Аллоҳнинг ҳукмлари жорий бўлгай».

Мазкур тоифага кучли раддиялардан яна бири қуйидаги ояти каримадир: Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида:

«Албатта, иймон келтирган, ҳижрат қилган, Аллоҳнинг йўлида молу жонлари билан жидди жаҳд қилганлар ва жой бериб, ёрдам кўрсатганлар, ана ўшалар бир-бирларига валийдирлар. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганларга эса, то ҳижрат қилмагунларича, сиз ҳеч валий бўла олмассиз. Агар улар сиздан динда ёр-дам сўрасалар, ёрдам бермоғингиз вожиб. Фақат, сиз билан ўрталарида аҳднома бор қавм зиддига эмас. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўргувчи зотдир», деган (72-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларнинг бир неча синфларини зикр қилмоқда:

1. Ҳижрат қилганлар.
2. Жой бериб, ёрдам кўрсатганлар.
3. Иймон келтирган, аммо ҳижрат қилмаганлар.

Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таолонинг Ўзи «мўминлар» деб атамоқда.

Албатта, ҳижратга тегишли оят ва ҳадислар фақат юқорида зикр қилинганларидангина иборат эмас. Бу масала бўйича уларнинг ҳаммасини ўрганиб чиққан уламолар бу ҳукмни батафсил баён қилганлар.

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме

масжиди имом хатиби Суфиев Жаъфархон

345500cookie-checkМакка фатҳидан сўнг “ҳижрат” йўқ
1 та фикр мавжуд
  1. Фаррух

    Нимага Хадисни давомини ИЛЛО ЖИХОД ВА НИЯТ деган жойини айтмайсизлар.
    Аллоҳдан қўрқмайсизларми.
    Субҳаналлоҳ ахир бу яхудийларни ишидек эмасми.
    Оятни бир жойини кафти билан ёпганидек

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: