Отам раҳматли ҳар доим вақтдан эҳтиёткорлик билан фойдаланишга ундардилар. Бунинг учун яхши йўлни ўргатгандилар. Агар бир ишдан кейин сизда бўш вақт бўлишини сезсангиз, олдиндан ўша пайтда фалон ишни қилиб оламан, деб режа қилинг. Шунда қимматли вақтингизнинг ҳар дақиқаси ва сониясидан унумли фойдаланиб қоласиз. Бўлмаса, бўш вақт топилиши биланоқ нима иш қилиш ҳақида ўйлаб вақтингизни кетказиб қўясиз.
Салафлар ва вақт
Вақтни қадрлашга эришганлар бир лаҳзани ҳам беҳуда кеказмайдилар. Агар қиладиган амаллари бўлмаса, юриб ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр қиладилар. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳаётидаги қулай фурсатлардан қандай фойдаланган? Ёзарди, яна ёзарди. Қаламининг учини очиш керак бўлганида ҳам тили Аллоҳнинг зикридан тўхтамаган ҳолда пичоқни ишлатарди.
Ҳаётингизда сарфлаётган вақтингизга қарасангиз, уч хил ҳолатни кўрасиз:
1) Соф фойдали ишларга сарфланган вақт;
2) Фақат зарарли ишларга кетган вақтлар;
3) Ортиқча ва кераксиз ишларга кетказилган вақтлар.
Учинчи қисм аслида иккинчисига оид. Чунки вақт мусулмоннинг сармоясидир. Сармояни фойда ололмайдиган ишларга тикиш тожирлар орасида зарар ва зиёдан бир нав дея эътироф этилади.
Ҳикоя
Бир ҳиндий одам дори тайёлаб сотарди. Бир куни у ўғлини дўконига чақириб: “Мана бу иккита шишадаги дори бир-бирига ўхшаб кетади. Лекин, бунисидаги дори арзон ва унисидагиси эса икки юз рупия туради. Тағин адашиб, икки юзлигини арзонга сотиб қўймагин-а”, деб чиқиб кетди. Ўғли шишани фарқламай адашиб, икки юз рупиялик дорини арзон-гаровга сотиб юборди. Ота келиб қарасаки, қўрққан иши содир бўлган. Шунда у қаттиқ ғазабланиб, хонавайрон қилганини айтиб, ўғлини уруша кетди. Бундан қаттиқ таъсирланган ўғил кун бўйи ҳеч нарса емади, ҳатто сув ҳам ичмади. Ўғлига раҳми келган ота уни олдига ўтирғизиб, насиҳат қилиб дедики, ўғлим кўнглингга оғир ботмасин. Ўзингга раҳминг келсин. У бу нарса еб ол. Сен қилган иш билан дорининг асл пули чиқиб, олти чақа фойда ҳам кўрдим. Яъни, сармоям кириб кетмади. Лекин шунча фойдадан қуруқ қолганимга афсусдаман”.
Ҳа, тожирлар фойдадан қуруқ қолишни ҳам зиёнга кирган деб биладилар. Шунингдек, мусулмон вақтини бефойда гап ёки ишлар билан ўтказиши сармояси бўлмиш лаҳзаларни фойдасиз нарса учун тиккан ҳисобланади. Бундайларнинг зиёни нақадар катта экан-а?
Келинг, сизга икки муҳим ишни билдириб ўтай:
1) Аввало, сиз вақтнинг нақадар қийматли эканини ҳис этинг. Вақтингизнинг ҳар бир лаҳзаси тилла ва кумушдан ҳам қиммат туришига ишонинг. Динору дирҳам уюмлари-ю, долларларнинг тахламлари вақтнинг мартабасига етолмаслигини билинг.
Кўпгина одамларни кўряпман, униси-буниси билан соатлаб гаплашиб ўтиради. Вақтининг қадрини билмайди. Шунинг учун улар дўстлар билан у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтиришнинг нимаси ёмон, дейишади. Уларнинг бу гаплари хато, нотўғри оқлов. Бундайлар халқлар юксалиши ва ривожланиши учун вақт қандай аҳамиятга эга эканини қаёқданам биларди.
Инсон қалби вақт қадрини англаши учун юқорида ўтган икки ҳадиснинг матнини ёдда сақлаши лозим:
قَالَ رَسُولُ اللَّه صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هَرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغُلِكَ، وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِكَ”
“Беш нарсаан олдин беш нарсани ғанимат бил. Қаришингдан олдин ёшлигингни, бемор бўлишингдан олдин соғлигингни, камбағалликдан олдин бойлигингни, бандлигингдан олдин бўш вақтингни, ўлишингдан олдин тириклигингни”. (Ибн Муборакнинг “Зуҳд ва Рақоиқ” китоби, “ат-Тахсийс ала тоатиллаҳ” боби, 2-ҳадис).
عَنِ ابنِ عباسٍ – رضي اللهُ عنهما – قال: قال رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: « نِعمَتانِ مغبونٌ فيهما كثيرٌ من الناسِ: الصَّحَّةُ والفَّراغُ» رواه البخاري.
“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан бебаҳра қоладилар. Улар соғлик ва бўш вақтдир”. (Бухорий ривояти, Риқоқ китоби, 6412-ҳадис).
Энди ушбу ҳадисларнинг маънолари тўғрисида фикр юритиб, ҳаётимизда қўллашга уринсак, вақти келиб вақтнинг қийматини англаб етамиз. Шунда бу билим бизни ундан тўғри фойдаланишга ундайди, беҳуда кетказишимиздан сақлайди, бефойда ишларга сарфлашимиздан қайтаради.
2) Вақтларни тартиблаб режалаштириб олинг. Эрталаб уйғонгандан кечқурун ухлашингиз оралиғидаги вақтни тартиб-тақсим қилиб олинг. Кунингизга қараб, нима ишлар қилишингизни аниқлангда, кейин ҳар бирига қанчадан вақт кетиши мумкинлигини белгиланг. Шундан сўнг ўша вақтларда белгиланган ишлар билан шуғулланинг. Кун тартибингиздан қуйидагилар ўрин олишини унутманг:
А) Нафснинг лозимий ҳақлари. Масалан ухлаш, еб-ичиш кабилар;
Б) Аҳли оиланинг ҳақлари. Масалан, улар билан суҳбатлашиб ўтиришга қанча вақт кетиши ва яна бошқа ҳақ-ҳуқуқларига вақт ажратиш кабилар;
В) Ибодатга сарфлайдиган вақтингизни тайин қилишингиз керак.
Г) Бошқа ҳожатларингиз учун ажратиладиган вақтлар. Масалан, бирор амалингиз ёки вазифангиз, илмий ишларингиз кабилар.
Вақтларингиз тартиб билан тузиб олгач, ҳар бир амални белгиланган жадвал бўйича адо этинг. Бунда табиатингиз малолланиб, зерикиб қолишингиз ҳам мумкин. Лекин, бунга эътибор берманг. Дангасалигингиз тутиб, тартибингизни бузиб қўйманг.
Бир тартибга тушиб қатъиятли бўлишга интилганингизни кўрган шайтон сизни тузган тартиб-қоидаларингиздан чалғитиш пайига тушиб, ўз ҳийла-найрангларини ишга солишини унутманг. Алданиб қолманг. Тартибингизда маҳкам турганингиздан, ҳатто у сизни шундай ҳолат туширадики, тузган режангиз тартибига амал қила олишдан қўрқиб қоласиз, сусткашлик қила бошлайсиз. Бу эса сизнинг қатъиятлигингизни аниқлаб берувчи синов, имтиҳон ва шайтон билан орангиздаги жангдир. Агар таслим бўлсангиз, унинг кучи олдида ожизлик қилсангиз, ҳукмига бўйсунсангиз, дангасаликдан ёки зерикиб-сиқилиб ё беҳаловатликдан кун тартибингиздаги ишларингизни қилмасангиз, билингики, шайтон сиздан ғолиб келган, устингиздан зафар қучган ва сизни ортга чекинтирган бўлади.
Аммо, сиз машаққатларни енгиб ўтиб, жанг майдонида ғолиб чиқишингиз ва келажакда кун тартибингиз бўйича юришингизга ҳозирлик кўришингиз учун шайтон олдида мустаҳкам ирода кўрсатинг, азму қарор билан туринг. Малолланиб, зериксангиз ҳам ҳар бир амалингизни вақтида бажаринг. Нафсингизга қалбингизнинг амалларга рағбати бор ёки йўқлининг қизиғи йўқлигини, балки улар вазифангиз эканини жойланг. Нима бўлганда ҳам кундалик ишларингизни вақтидан кечиктирманг.
Агар шундай қилсангиз, шайтон умидсизланиб, ортга чекинади. Бу аниқ. Зеро, у маккор ва пасткаш душман кабидир. Аслида бундайларнинг ҳийласи кучсиз, макри ожиз ва алдови бўшдир. Мабодо, улар олдида иродасизлик ва ожизлигингизни кўрсатсангиз, фойдаланиб қолади.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
асар ва мақолалари асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов