islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аҳли сунна вал жамоа раиси   Абул Муин Насафий ҳақида

Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ҳақида кўплаб китобларда маълумот берилган. Лекин ушбу китоблардаги маълумотлар алломанинг фаолияти ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга етарли эмас.

Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва илмий-маънавий мероси ҳақида қуйидаги олимлар ўз асарларида қисқача тўхталиб ўтганлар:

1. Ибн Абул Вафо Қураший (в. 775/1373 й.),

2. Ибн Қутлубғо (в. 879/1474 й.),

3. Тошкўбризода (в. 990/1582 й.),

4. Ҳожи Халифа (в. 1067/1657 й.),

5. Муҳаммад Абдулҳай Лакнавий (в. 1304/1886 й.).

Юқоридаги олимлар ўз асарларида унинг тўлиқ исмини Абул Муин Насафий Маймун ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Муҳаммад ибн Макҳул ибн Фазл Макҳулий деб келтирганлар.

Алломанинг исми шарифи табақот шаклидаги адабиётларда бир-биридан фарқли равишда берилган. Масалан, барча китобларда унинг иккинчи бобоси «Муътамид», ёки «ал-Муътамид» деб номланган. Лекин Ибн Қутлубғо унинг бобоси номини «Саид» деб, Хайруддин Зириклий эса, «Муъбад» деб атаган.

Тарихчи Кафавий алломанинг исмини Маймун ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Муътамид ибн Аҳмад, деб айтган.

Абул Муин Насафий яна «Макҳулий» нисбаси билан ҳам аталган. Бу унинг бобоси исмидан олингандир. Шуниндек, у бир қанча лақаблар билан ҳам аталган. Масалан, аллома «Имомул ажал зоҳид» (Зоҳид ва улуғ имом), «Фақиҳул ҳанафий ва сайфул ҳаққ» (Ҳанафий фақиҳи ва Ҳақ (Аллоҳ) қиличи), «Жомиул усул» (Усуллар жамловчи) ва «Раис аҳли сунна вал жамоа» (Аҳли сунна вал жамоа раиси) каби номлар билан аталган. Бу номларни асосан биз алломанинг китоблари бошланишида учратишимиз мумкин. Унинг асарларини кўчирган хаттотлар «Қола . . .» (Яъни, … айтди), деб кетидан юқоридаги номлар билан алломани сифатлаганлар.

Лекин Самъоний Абул Муин Насафийга нисбатан «Ибсаний» нисбасини ҳам қўшиб айтган. Самъоний Ибсан қишлоғини Қарши шаҳридан бир фарсах (тахминан, 5-6 км.) узоқликда жойлашганлигини таъкидлаб ўтган. Бундан Абул Муин Насафий ушбу қишлоқда таваллуд топганлиги маълум бўлади.

Алломанинг таваллуд топган ва вафот этган йиллари ҳақида ҳам бир қанча фарқли қарашлар бор. Зириклий унинг туғилган йилини ҳижрий 418 (милодий 1027) деб кўрсатган. Алломанинг «Табсиратул адилла» асарини нашрга тайёрлаган туркиялик олим Ҳусайн Отай Абул Муин Насафий таваллуд санасини ҳижрий 438 йил, милодий 1046 йил деб кўрсатган. Ҳусайн Отайнинг шогирди, яна бир туркиялик олим Мустафо Сайид Язичиўғли алломанинг туғилган ва вафот этган йилларини 417-508/1026-1115 йиллар, деб ҳисоблаган. Аммо замонамиз бошқа тадқиқотчилари якуний хулосага келиб, Абул Муин Насафийнинг вафот этган йилини ҳижрий 508, милодий 1114 йил, деб чекланадилар ва унинг таваллуд топган йили ҳақида кўпинча маълумот бермайдилар. Лекин Ибн Қутлубғо аллома 508 ҳижрий йили Зул ҳижжа ойининг йигирма бешинчи куни етмиш ёшида вафот этганлигини таъкидлайди. Ибн Қутлубғонинг ушбу маълумоти билан «Табсиратул адилла» асарининг Мисрнинг Искандария кутубхонасида 4406 (301) рақам билан сақланаётган қўлёзмасида Абул Муин Насафийнинг ҳижрий 508 йил 70 ёшда вафот этган, деган маълумотлари бирлаштирилса, аллома 436/1046 йил таваллуд топгани ва 508/1114 йил Зу-л-ҳижжа ойининг 25 куни (21 май) вафот этгани маълум бўлади.

Самъонийнинг «Ансоб» асарини тадқиқ қилган замондошимиз Ш.Камолиддинов ҳам ўз диссертациясида Абул Муин Насафий ҳақида маълумот келтиради. Тадқиқотчи Самъонийга таяниб алломанинг исмини Маймун ибн Аҳмад Ибсаний, Абул Муин деб кўрсатади ва уни Насафдан 1 фарсах (6-7 км.) узоқликдаги Ибсан қишлоғидан етишиб чиққан муҳаддис сифатида эътироф этади. Сўнгра тадқиқотчи Абул Муин Насафийни Юсуф ибн Абу Бакр Ибсанийнинг жияни эканлигини таъкидлайди. Лекин биз Абул Муин Насафийгача бўлган Насафийлар сулоласи орасида ушбу номни учратмаймиз.

Абул Муин Насафий ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш натижасида маълум бўлдики, у дастлабки таълимни она шаҳри Насафда эгаллаб, сўнгра илм-фаннинг йирик марказларидан ҳисобланган Самарқандга кўчиб ўтганлиги ва сиёсий вазиятлар таъсири остида Самарқанддан Бухорога кўчиб ўтганлиги аниқланди. Абул Муин Насафийнинг илмий фаолияти давомида бошқа ўлкаларга сафар қилганлиги манбаларда деярли учрамайди. Лекин алломанинг «Тамҳид ли қавоидит тавҳид» асари ношири Жийбуллоҳ Ҳасан Аҳмаднинг маълумот беришича, Абул Муин Насафий Дамашқда Али ибн Ҳусайн Муҳаммад Балхий Сакалкандийга ҳадис илмидан сабоқ берган. Бундан Абул Муин Насафийни Дамашқда ҳам илмий сафарда бўлган, деган тахминга келиш мумкин. Абул Муин Насафий «Табсиратул адилла» асарини 500/1106 йили Бухорода ёзиб тугатганидан, у Бухорода анча вақт муқим қолган деган хулосага келинади. Аммо унинг қабри Қаршига яқин жойда жойлашган деган тахмин, Абул Муин Насафий ҳаётининг сўнгги йилларини она юрти Насафда ўтказганидан далолат беради.

Абул Муин Насафий ўз даврининг машҳур мутакаллим олими бўлган ва Самарқанддаги ҳанафий калом мактабининг йирик вакили Абу Мансур Мотуридийдан (в. 333/944 й.)сўнг шу мактабнинг пешқадам вакили ҳисобланган. Насафийлар сулоласидан уч авлод кейин етишиб чиққан ушбу алломани мотуридия таълимотининг энг машҳур ва етук давомчиси, деб ҳисоблаш мумкин. Абул Муин Насафий илмий-маънавий меросини яқиндан ўрганган тадқиқотчилар унинг ижодига юксак баҳо берганлар ва имом Мотуридийдан кейин ушбу мактаб тақдирининг ҳал қилинишида беқиёс хизмат кўрсатган мутакаллим олим сифатида эътироф этганлар.

Мотуридия калом мактабининг йирик вакили Абул Муин Насафий нафақат калом илмининг алломаси, балки ўз даврининг фақиҳи ва усулчи олими сифатида ҳам шуҳрат қозонган улуғ сиймолардан биридир.

 Абул Муин Насафий Насафда туғилиб вояга етгач, дастлабки билимларни ўз оиласида, хусусан отаси Муҳаммад Макҳулдан олган. Сўнгра Абул Муин Насафий Самарқандда ҳам узоқ йиллар илмий фаолият олиб борган ва ўз асарлари билан мотуридия калом мактабининг ривожланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган. Абул Юср Паздавий, Фахрул Ислом Абул Ҳасан Паздавий ва Абул Муин Насафийдан иборат олимлар гуруҳи дастлаб Самарқандда, сўнгра Бухорода самарали илмий фаолият олиб борганлар.

Абул Муин Насафий илмий меросини тадқиқ этган олимлар унга нисбатан турлича ёндошганлар. Биз Абул Муин Насафийни мотуридия таълимотининг вакили сифатида эътироф этамиз. Лекин Абул Муин Насафийни баъзи олимлар нафақат мутакаллим, балки муҳаддис ёки фақиҳ сифатида ҳам таъкидлаганлар. Масалан, Самъоний алломани Ибсан қишлоғидан етишиб чиққан муҳаддис, деб таърифлаган. Шунингдек, Бағдодий каби қомусшунос олимлар эса Абул Муин Насафийни фақиҳ деб атаганлар.

Мансуржон Бобоев, 

ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,

 Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота” 

жоме масжиди имом-хатиби 

362540cookie-checkАҳли сунна вал жамоа раиси   Абул Муин Насафий ҳақида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: