Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ каломи Қуръони Каримни нозил қилди ва уни қиёматгача сақлашини ваъда қилди:
“Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни ўзимиз асрагучидирмиз” (Ҳижр сураси 9-оят).
Энг рост сўз Аллоҳнинг сўзики, мана Қуръони Карим ХIV аср давомида ҳеч қандай ўзгаришларсиз асл ҳолида биз мусулмонларга етиб келди. Қуръони Карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлгандан сўнг, у зотдан саҳобаи киром розияллоҳу анҳум худди шундек, ҳеч бир ўзгаришсиз қабул қилиб олишган. Сўнгра, ўзларидан кейингиларга худди шу тарзда, мукаммал етказишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида кўплаб саҳобалар қироат илмида пешқадам бўлдилар. Имом Заҳабий ўзининг “Табақот ал-кубро” асарида шундай дейди: “Саҳобалардан Қуръон ўқитишда энг машҳурлари еттитадир. Улар Усмон, Алий, Убай, Зайд ибн Собит, Ибн Масъуд Абу Дардо ва Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳум. Масалан, Убай розияллоҳу анҳудан бир қанча саҳобийлар Қуръон қироатини ўрганишган. Жумладан, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳу шулар қаторига киради. Шунингдек, Ибн Аббос Зайддан ҳам қироатни ўрганган”.
Мазкур саҳобалардан турли шаҳарлардан келган кўплаб тобеинлар қироатни ўрганганлар ва бу илмда пешқадамга айланганлар.
Масалан, Мадина шаҳридан Ибн Мусайяб, Урва, Солим, Умар ибн Абдулазиз, Сулайман, Ато ибн Ясор, Муъоз ибн Ҳорис, Абдуллоҳ ибн Ҳурмуз, Ибн Шиҳоб Зуҳрий, Муслим ибн Жундуб, Зайд ибн Аслам.
Макка шаҳридан Убайд ибн Умайр, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус, Мужоҳид, Икрима, Ибн Абу Мулайка ва бошқалар.
Куфадан Алқама, Асвад, Масруқ, Убайда, Амр ибн Шураҳбил, Ҳорис ибн Қайс, Амр ибн Маймун, Абу Абдураҳмон Суламий, Саъид ибн Жубайр, Нахаъий, Шаъбий ва бошқалар.
Басрадан Абу Олия, Абу Ражо, Наср ибн Осим, Яҳё ибн Яъмур, Ҳасан, Ибн Сирин, Қатода ва бошқалар.
Шомдан Муғира ибн Абу Шиҳоб Маҳзумий (Усмон розияллоҳу анҳунинг дўсти), Халифа ибн Саъд (Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг дўсти) раҳматуллоҳи алайҳим.
Ҳижрий биринчи асрнинг охири (қисман), иккинчи асрда тобеинлардан бир қанчалари қироатни тартиблашга киришдилар. Қироатлар илмини бошқа шаръий илмлар каби алоҳида илмга айлантирдилар. Чунки замон ва давр шуни талаб этарди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида саҳобаи киромлар соф ва фасиҳ араб тили соҳиблари эдилар. Улар учун Қуръони Каримни ўзлаштириб олиш қийин эмас эди. Уларнинг ҳаммалари юқори даражадаги олим кишилар эдилар. Энди эса араблардан кўра араб бўлмаган мусулмонлар кўпайиб кетган эди. Араблар ҳам аввалгиларига ўхшамас эди. Ушбу ва яна бошқа бир неча омиллар Қуръони Карим қироати бўйича алоҳида илм пайдо бўлишига ва илмнинг имомлари пайдо бўлишига олиб келди. Натижада, тобеинлар орасидан ҳам уларга эргашиладиган ва улардан қироатни ўрганишни қасд қилиб сафар қилинадиган буюк устозлар сони кўпайиб борди. Улар ва улардан кейинг табақадан – тобеин ва табаъа тобеинлардан бугунги кундаги еттита қироат нисбат бериладиган имомлар машҳур бўлдилар. Улардан:
Мадинада: Абу Жаъфар Язид ибн Қоъқоъ, Нофеъ ибн Абдураҳмон;
Маккада: Абдуллоҳ ибн Касир, Ҳумайд ибн Қайс Аъраж;
Куфада: Осим ибн Абу Нажуд, Сулаймон Аъмаш, Ҳамза, Кисоий;
Басрада: Абдуллоҳ ибн Абу Исҳоқ, Исо ибн Амр, Абу Амр ибн Ало, Осим Жаҳдарий, Ёқуб Ҳазрамий;
Шомда: Абдуллоҳ ибн Омир, Исмоил ибн Абдуллоҳ ибн Муҳожир, Яҳё ибн Ҳорис, Шурайҳ ибн Язид Ҳазрамий эдилар.
Ўша даврда ишончли, омонатдор, умри давомида қироатни ўрганиш ва ўргатишни маҳкам ушлаган, ҳамма ундан ишонч билан таълим олган, санади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга узлуксиз силсила билан боғланган, қироат илмида машҳур бўлган умумий ўнта қироат имомларининг қироатлари мутавотир[1] эканига уломолар иттифоқ қилдилар. Ушбу қироат имомларининг иккита машҳур шогирдлари бўлиб, улар бу қироатларни ривоят қилганлар.
Яна бир қанча қироатлар шозз[2] бўлиб, улар Ҳасан Басрий (ваф. ҳ. 110), Язидий басрий (ваф. ҳ. 202), Аъмаш (ваф. ҳ. 148), Ибн Муҳайсин Маккий (ваф. ҳ. 123) ва бошқаларнинг қироатлари. Жумҳур уламолар машҳур мутавотир қироатлардан бошқа, хусусан шозз қироатда намоз ва ундан бошқа ўринларда бўлсин, қироат жоиз эмас, дейдилар.
Ҳозирга келиб, мазкур қироатлар ичида кўпчилик томонидан қабул қилиниб, амалда қолгани иккитадир.
Биринчиси – Имом Осимдан Ҳафс ривоят қилган қироат. Бу қироат Ислом оламининг машриқ ва марказий тарафининг барчасига кенг тарқалган. Бизнинг диёрмиз мусулмонлари ҳам шу қироатдалар.
Иккинчиси – Имом Нофеъдан Варш ривоят қилган қироат. Бу қироат Ливия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Нигерия, Мали ва бошқа Африка давлатларида айнан шу қироат кенг тарқалган.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
4-курс талабаси Мухторов Мавлонбек тайёрлади.
[1] Мутавотир – ёлғонга келишиб олиши мумкин бўлмаган катта жамоат нақл қилган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муттасил силсила билан боғланган қироат.
[2] Шозз – санади саҳиҳ (ишончли, тўғри) бўлмаган қироат. Саҳиҳ бўлмагани сабаб бу қироатларда ўқиш мумкин эмас.