islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

АБУ ҲАНИФА РАҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ УСТОЗЛАРИ

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим,аҳли илмлар билан ҳамсуҳбат бўлдим ва фуқаҳолардан бирини маҳкам тутиб, ундан ажрамадим”.

Илм олиш жараёни ва фиқҳ ўрганиши борасида Абу Ҳанифанинг ушбу эътирофларидан маълум бўладики, у зот илм ўчогида вояга етганлар ва даврларидаги машҳур уламолардан таълим олганлар, уларнинг илмий баҳс йўлларини ўрганиб, улар орасидан ўзларининг илмий интилишларига моc ва талабларига мувофиқ тарзда таълим берадиган бир олимни танлаб, ундан ажрамаган ҳолда илм таҳсил қилганлар. Бошқа уламолардан таълим олмаган эканда, деган фикрга бормаслик керак, чунки у киши бошқа уламолар билан ҳам музокаралар қилиб турар эдилар. Ровийлар қайд қилишича, Абу Ҳанифа ўз даврида Ироқ фақиҳларининг шайхи Ҳаммод ибн Сулаймоннинг шогирди бўлганлар. Ҳаммод вафот этганидан сўнг бошқа кўпгина олимлардан ҳам таълим олдилар. Хоссатан, умавийлар хокими ибн Ҳубайрадан қочиб, Кўфа шаҳрини тарк этиб, Байтуллоҳ яқинида турган даврларида у ердаги кўпгина олимларнинг илмидан баҳраманд бўлганлар.

Абу Ҳанифанинг (раҳимаҳуллоҳ) шайхларидан энг маъруф ва машҳурлари ҳақида гaп юритишдан аввал қуйидаги уч нарсага эътиборни жалб қилиш лозим:

Биринчиси. Абу Ҳанифанинг шайхлари турли оқимдаги кишилар бўлиб, уларнинг барчаси фақат фақиҳлар жамоасидан ва ёки фақат аҳли раъй жамоасидан эмас эдилар. Улар шайхлар орасида ҳадис илмининг олимлари ҳам, “Қуръон таржимони” деб ном олган Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари ҳам, Қуръон фиқҳи ва илмига мутахассис олимлар ҳам бўлган.

Абу Ҳанифа юқорида зикр қилганимиз сабабга кўра, Маккада Байтуллох ёиида олти йилга яқин истиқомат қилдилар. У ерда ибн Аббоснинг шогирдларидан бўлмиш тобеинлардан ибн Аббоснинг илмларини ва Қуръон фнқҳини ўргандилар. Шунингдек, Ироқда илмий музокара юритган олимлар орасида шиа мазҳабига мансуб турли оқимларнинг уламолари ҳам бор эди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ улар билан илмий мунозара қилган бўлсалар ҳамки, уларнинг нотўгри ақидаларидан таъсирланмаганлари аниқ, фақат ахли байтга (Расулуллоҳ (с.а.в.) авлодларига) нисбатан муҳаббатдагина улар билан ҳамфикр эдилар. Илмий изланишлари жараёнида турли манбаларга ёндошар, турли оқимдаги уламолар билан мулоқотда бўлардилар-да, охирида бир янги, мустақил фикр билан чиқардилар.

Иккинчиси. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ илмий изланишлари, турли олимлар билан баҳсу музокаралари натижасида ижтиҳод ва мустаҳкам фикр ҳамда заковат соҳибларидан бўлган кўплаб саҳобаларнинг фатволарини билиб олишга эришдилар.

“Багдод тарихи” китобида ёзилишича, бир куни халифа Мансурнинг ҳузурига кирган эдилар, унинг олдида Исо ибн Мусо бор экан. У халифага: “Бу (яъни, Абу Ҳанифа) бугунги кунда дунёдаги энг етук олимдир”, деди. Шунда халифа: “Эй Нуъмон! Кимдан таълим олдинг?” деди. У киши: “Умарнинг (асҳоблари орқали Ҳазрати Умардан, Алининг асҳоблари орқали Ҳазрати Алидан, Абдуллоҳнинг асҳоблари орқали Абдуллоҳ ибн Масъуддан, ибн Аббос шогирдлари орқали Абдуллоҳ ибн Аббосдан таълим олдим. Ибн Аббос замонасида ер юзида ундан кўра олимроқ киши йўқ эди”, деб жавоб қилдилар. Шунда халифа: “Ўзингга ўта ишончли манбаъларни танлабсан-а”, деди.

Ҳақиқатдан ҳам таълим олишда ва ўз илмий асосларида, изланишларида ишончли манбаъларга таянганликлари табиий бир ҳолдир. Зеро, шундагина илмий омонатга вафо қилган бўлиб, охиратда Аллоҳнинг азобидан нажот берадиган ҳаётий йўлни танлаган ва касодга учрамайдиган тижорат йўлида юрган ҳамда охиратда ўз амали учун фойда оладиган йўлни тутганлардан бўлишларини Абу Ҳанифа яхши билар эдилар. Етук ақл ва баркамол тафаккир соҳиби Абу Ҳанифа асосий таълимни тобеинларнинг йирик олимларидан олганларига яна бир ҳужжат шуки, Абул Муаййад ал-Хоразмий Имом Муҳаммаддан ривоят қилади, у айтди: “Имом Абу Ҳафс ал-Кабир Имом Абу Ҳанифанинг устозларини санашга буюрган эди, уламолар санаб тўрт минг кишига етказдилар” (“Уқуд ал-Жумон” китобидан).

Халифа Мансур билан Абу Ҳанифа ўрталарида кечган юқорида мазкур суҳбатдан ҳам маълум бўладики, Абу Ҳанифа йирик саҳобаи киромларнинг фатволарини яхши ўрганганлар, уларнинг фатволарига аҳамият берганлар. Чунки бу фатволарни ушбу саҳобаи киромлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, улардан таълим олиш шарафига муяссар бўлган тобеинлардан бевосита ўрганган эдилар. Зеро, саҳобаи киромлар Қуръони Карим ва суннати набавийа соясида мустақил тафаккур юритишга етишган, ноёб қобилиятли зотлар эдилар. Уларнинг фатволари  Абу  Ҳанифанинг  илмий ривожларига таъсири нақадар буюк бўлганини шундан ҳам билса бўлади. У йирик саҳобаларнинг фатволари Имом Абу Ҳанифани шаръий ҳукмларнинг иллатини тушунишда ақлий изланишга, иллати бир хил ҳукмларни бир-бирига қиёс қилишга ўргатди.

Учинчиси. Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) ҳақларида ёзган барча муаллифлар у кишининг баъзи саҳобалар билан учрашганликларини қайд қилишган. Айримлари ҳатто Абу Ҳанифа саҳобалардан ҳадис ривоят қилганликларини ҳам таъкидлашади. Шу айтилганлардан хулоса қилиб айтса бўладики, Имом Абу Ҳанифа тобеинлар мартабасига кўтарилиб, ўзларига ҳамаср фуқаҳолар Суфён Саврий, Имом Авзоий, Имом Молик ва бошқалардан ушбу фазилатлари билан устун турадилар.

Ровийлар Имом Абу Ҳанифанинг биринчи ҳижрий аср ниҳояларигача ҳаёт бўлган қуйидаги саҳобалар билан учрашганларини қайд этишади: 93 ҳ.санада вафот этган Анас ибн Молик; 87 ҳ.санада вафот этган Абдуллоҳ ибн Абу Авфо; 85 ҳ.санада вафот этган Воила ибн ал-Асфаъ; саҳобаи киромлардан охирги вафот этгани, яъни, 102 ҳ. санада вафот этган Омир ибн Воила каби саҳобаларнинг исмларини келтиришган.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг устозлари ҳақида гапирадиган бўлсак, улардан энг кўзга кўрингани Ҳаммод ибн Сулаймон ал-Ашъарий эди. У киши Кўфада вояга етган бўлиб, замонасининг етук фақиҳ ва олимларидан Имом Иброҳим ан-Наҳаий ва Имом аш-Шаъбийдан фиқҳ илмини ўрганган эди. Абу Ҳанифа Имом Ҳаммод билан ўн саккиз йил бирга бўлиб, ундан таълим олганларини юқорида ҳам зикр қилиб ўтдик. Бу алломаларнинг илмий силсиласининг манбаи эса, ўз навбатида, машҳур саҳобаи киромлар Ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъудга етиб боради.

Абу Ҳанифа Имом Ҳаммоддан, унинг вафотидан сўнг бошқа олимлардан таълим олиш билан бирга, ўзлари ҳам таълим беришга кўпроқ аҳамият бера бошладилар. Асарда келганки: “Киши олимлигида бардавом бўлади, модомики у илм олишда давом этса. Агарда у ҳамма нарсани билдим деб гумон этса, батаҳқиқ, у нодон бўлур”. Ушбу каби пурҳикмат сўзларни яхши билган Имом Абу Ҳанифа илмий изланишдан, олимлар билан мулоқотда бўлишдан ва улар билан илмий мунозаралар юритишдан асло тўхтамаган эдилар.

Абу Ҳанифа Маккада турган пайтларида ва ҳаж мавсумида Макка зиёратига келганларида у ердаги етук олим Ато ибн Абу Рабоҳдан таълим олар эдилар. Ривоят қилинишича, Имом Абу Ҳанифа эллик беш марта ҳаж қилганлар. Бу буюк имомнинг ҳаж қилишдан мақсадлари бу муқаддас диёрларни зиёрат этиб, руҳий озуқа олиш билан бирга, ушбу зиёрат асносида турли олимлар, шайхлар билан учрашиб, ҳадиси шариф ўрганиш ва таълим олиш ҳам бўлганини ровийлар қайд қилишган. Маккада Ато ибн Абу Рабохдан ва бошқалардан машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббоснинг илмини ўргандилар. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Умарнинг шогирдлари Имом Нофеъдан Ҳазрати Умарнинг ва у зотнинг фарзанди Абдуллоҳ ибн Умарнинг илмларини ўргандилар.

Шулардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Имом Абу Ҳанифа фиқҳ илмини турли манбаълардан ўрганган бўлсалар ҳамки, аҳли раъй доирасидаги уламолардан кўпроқ таъсирланган ва шу боисдан аҳли раъй уламоларининг етук намояндаси ва шайхи бўлганлар.

Абу Ҳанифа шиа мазҳаби пешволари ва алломалари билан ҳам мулоқотда бўлгани, улардан керакли нарсаларни ўргангани ва улар билан илмий мунозаралар қилганларини юқорида зикр этиб ўтдик. Аҳли байтга (яъни, Расулуллоҳ (с.а.в.) авлодларига) бўлган муҳаббатлари туфайли Абу Ҳанифа шиа пешволари ва имомларига кўп ёрдам ҳам кўрсатган ва   шунинг   оқибатида   ҳокимлар   томонидан тазйиқларга учраганлар.

Абу Ҳанифа шиа  мазҳабидан бўлган етук фақиҳ ва олим Зайд ибн Али Зайнул Обидин, Муҳаммад ал-Боқир, Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасанлар билан мулоқотда бўлганларки, уларнинг ҳаммалари фиқҳ ва илмда етук шахслар эдилар. Имом Зайд ибн Али Зайнул Обидин Ислом илмларининг барчасини мукаммал эгаллаган, қироат илмини, Қуръон илмларини, Ислом фиқҳи, ақоид илмларини яхши билан етук аллома эканлари ривоят қилинган. Бу ҳақда Имом Абу Ҳанифа шундай дейдилар: “Мен Зайд ибн Алини ҳам, унинг аҳлини ҳам кўрганман, ўз замонасида ундан кўра олимроқ, фақиҳроқ, ҳозиржавоб, аниқсўз кишини кўрмадим, у тенги йўқ зот эди “.

Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) Мадинаи Мунавварага келганларида Имом Муҳаммад ал-Боқир ибн Али Зайнил Обидин билан учрашганлари ва у зот билан илмий мунозара қилганлари ривоят этилади. Муҳаммад ал-Боқир Имом Абу Ҳанифа ҳақларида нотўгри фикрда бўлган эканлар ва улар кўришишганида маломат этиб: “Менинг бобом динининг таълимотини ва ҳадислари кўрсатмаларини қиёс билан алмаштирган сизмисиз?” дейдилар. Шунда Абу Ҳанифа у зотга: “Худо сақласин”, деб жавоб қиладилар. Муҳаммад ал-Боқир яна: “Йўқ, шундай қилгансиз”, дейдилар. Абу Ҳанифа у зотга: “Сиз ўзингизга лойиқ жойга ўтиринг, мен ҳам ўзимга лойиқ жойга ўтирайин, чунки мен учун сизнинг ҳурматингиз бобонгиз Муҳаммад (с.а.в.)ни саҳобаи киромлар ҳурмат қилган даражададир”, дейдилар ва Муҳаммад ал-Боқирга яқин жойга ўтириб: “Мен сиздан уч нарса ҳақида сўрайман, сиз уларга жавоб берсангиз, – дейдилар ва гапларини давом эттирадилар: – Айтинг-чи, эркак заифроқми ёки аёлми?” Муҳаммад ал-Боқир: “Аёл”, дейдилар. Абу Ҳанифа: “Меросда аёлнинг улуши қанча?” Муҳаммад ал-Боқир: “Эркакка икки баробар улуш, аёлга эса бир улушдир”. Шунда Абу Ҳанифа: “Бу бобонгиз таълимотидир. Агар мен бобонгиз динининг таълимотини ўзгартирганимда, қиёс тақозосига кўра, эркакка бир улуш, аёлга эса икки улуш бўлиши керак эди, чунки аёл эркакдан кўра заифрокдир, -дейдилар. Сўнгра яна сўрайдилар: – Намоз афзалроқми ёки рўзами?” Муҳаммад ал-Боқир: “Намоз афзалрокдир”, деб жавоб қиладилар. Абу Ҳанифа: “Бу бобонгизнинг сўзидир. Агарда мен бобонгизнинг сўзини ўзгартирганимда, қиёсга кўра, ҳайздан пок бўлган аёлни намознинг қазосини ўқишга буюриб, рўзасининг қазосини тутмасликка амр этган бўлардим, – дейдилар. Сўнгра яна сўрайдилар: “Бавл (сийдик)нинг нажосати огирроқми ёки нутфа (маний) никими?” Муҳаммад ал-Боқир: “Сийдик оғирроқ нажосатдир”, дейдилар. Шунда Абу Ҳанифа у кишига: “Агарда мен бобонгиз дини таълимотини қиёс билан ўзгартирганимда, қиёс тақозосига кўра бавл килгач ғуслга буюриб, маний чиққанида таҳоратга буюрган бўлур эдим, лекин қиёс туфайли бобонгиз дини таълимотини ўзгартиришдан Аллоҳ ўзи асрасин”, дейдилар. Шундан сўнг Имом Муҳаммад ал-Боқир жойидан туриб, Абу Ҳанифани қучоқлаб, юзларидан ўпиб, ҳурматларини жойига қўядилар.

Ушбу илмий мунозарани Муваффақ ал-Маккий ўз китобида келтирган. Мунозаранинг мазмунидан маълум бўладики, бу мунозара Абу Ҳанифа билан Муҳаммад ал-Боқир ўрталаридаги илк учрашув чоғида кечган.” Чунки Муҳаммад ал-Боқир Абу Ҳанифанинг илмий даражаларидан бехабар шахс каби ва Абу Ҳанифани фақат қиёс асосида ҳукм олувчи шахс сифатида мурожаат қилдилар. Ва мунозара ниҳоясида насс (яъни, Қуръон ва ҳадисда аниқ далили келган ҳукм) бор жойда асло қиёсга суянмасликларини билгач, ҳурматларини жойига келтирдилар.

Имом Абу Ҳанифа Муҳаммад ал-Боқир билан илмий изланишда бирга бўлганлари каби, у кишининг ўгиллари Жаъфар ас-Содиқ билан ҳам таълим борасида ҳамкорлик қилдилар. Бу ҳакда Абу Ҳанифа ўзлари шундай дейдилар. “Аллоҳга қасамки, Жаъфар ас-Содиқдан кўра фақиҳроқ кишини кўрмадим”.

Жаъфар ас-Содиқ Абу Ҳанифа билан тенгқур бўлишларига қарамай, уламолар у зотни Абу Ҳанифанинг шайхларидан бири деб қарайдилар. Юқорида айтганимиздек, Имом Абу Ҳанифанинг шайхлари ададини тўрт минг киши деган ривоятлар келган. “Ал-ҳайрот ал-ҳисон” китобида ҳам Абу Ҳанифанинг тобеин уламоларидан бўлган шайхларининг адади тўрт минг киши экани айтилган.

Китобхон Абу’Ҳанифанинг шайхлари ададининг бунчалик кўп бўлишидан ҳайратланиши мумкин. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ, чунки Имом Абу Ҳанифа илм олишга ҳирс қўйган инсон бўлиб, етмиш йил умр кўрдилар ва Байтуллоҳни эллик беш маротаба зиёрат қилдилар. Ҳаж мавсумида ҳар доим Ислом оламидан келган уламолар билан мулоқотда бўлар эдилар, ундан ташқари, Кўфа ҳокими Умар ибн Ҳубайра даврида Маккада бир неча йил истиқомат қилдилар. Уламолар билан бўладиган мулоқотда, илмий мунозараларда ўзлари фойда олишдан ташқари бошқаларга ҳам фойда берар эдилар. Шу боисдан ҳам у кишининг шайхлари кўплигидан ажабланмаса ҳам бўлади. Баъзи тарихчилар Абу Ҳанифанинг шайхларининг номларини алифбо тартибида ёзиб тўплаганлар ҳам.

Абу Ҳанифанинг замондошларидан Имом Молик ибн Анас ва бошқалардан ривоят қилинадики, улар айтадилар: “Агарда Абу Ҳанифа таълим олган шайхларидан ҳар бирининг ҳаётига назар солсангиз, улар илмга тўла қалъа каби ва мустаҳкам тоғ каби бақувват иймонли кишилар эканини кўрасиз. Улар ўз илмий ҳаётлари даврида ўзларининг яхши сифатлари ва хушхулқлари билан машҳур кишилар эдилар. Уламолар барчаси уларни адолатли, тақводор ва ҳаётдаги ўзгаришлардан таъсирланмайдиган мустаҳкам ақида соҳиблари эканликларини қайд этишган. Ана шундай зотлардан таълим олган Абу Ҳанифа хушхулқ, ўз шахсий ҳаётида ҳам яхши сийрат соҳиби, Муҳаммад (с.а.в.) умматлари ичида муқтадо пешво ва ноёб қобилиятли, етук иқтидорли, барча илмларни чуқур эгаллаган аллома бўлиб етишдилар. Шу сабабдан ҳам халифа Мансур ҳузурида Исо ибн Мусо: “Бу Абу Ҳанифа бугунги кунда дунёдаги энг етук олимдир”, деб мақтаган. Имом Шофеий эса Абу Ҳанифанинг етук илмларини эътироф этиб: “Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир”, деганлар. Аллоҳ уларнинг барчасини раҳмат айласин.

ТИИ талабаси Мансуров Хурсанали

368070cookie-checkАБУ ҲАНИФА РАҲИМАҲУЛЛОҲНИНГ УСТОЗЛАРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: