Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин хулафои рошидинлар давридаёқ мусулмонлар орасида турли адоват ва тарафкашликлар бошланди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мажусийлар етмиш фирқага, яҳудийлар етмиш бир фирқага, насронийлар етмиш икки фирқага бўлиниб кетганидек, умматим ҳам етмиш уч фирқага бўлинадилар. Булардан биттаси абадий нажотга эришадилар, қолганлари эса ҳалок бўладилар”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нажот топгувчилар кимлар?” деб сўрадилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бугунги кунда мен ва саҳобаларим турган йўлдагилар”, деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).
Уламолар мазкур ҳадисни ғоявий асос қилган ҳолда бир қанча китоблар ёзишди. Айниқса, бу борада Абдулқоҳир ибн Тоҳир ибн Муҳаммад Бағдодийнинг “Ал-Фарқ байна ал-фирақ” (“Фирқалар орасидаги фарқлар”) ва Муҳаммад ибн Абдулкарим Шаҳристонийнинг “Ал-Милал ва ан-ниҳал” (“Мазҳаблар ва оқимлар”) асари турли кўринишда пайдо бўлган фирқа ҳамда оқимларнинг ғоя ва фаолият услублари баён этилган ҳамда аҳли сунна вал жамоа ақидавий қарашлари асосида уларга қарши раддиялар берилган машҳур ва мўътабар манба ҳисобланади.
Эътиборингизга мазкур асарлардан айрим парчаларни келтирамиз.
Абдулқоҳир Бағдодий асарида мусулмонлар ўртасида содир бўлган бўлиниш ва ихтилофлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат бериб, огоҳлантирган ҳолат эканига юқоридаги ҳадисни мисол қилиб келтиради.[1]
Абдулқоҳир Бағдодий “Ал-Фарқ байна ал-фирақ” асарида мусулмонлар орасида юзага келган бўлиниш ҳамда ихтилофларни қуйидагича баён қилади: Мусулмонлар жамоаси ўртасида содир бўлган илк ихтилоф Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг бошланган. Боиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кунлари саҳобалар ўзларини йўқотиб қўйдилар. Баъзилар пайғамбаримизнинг вафотларига ишонган бўлсалар, бошқалар пайғамбар ўлмаган, балки Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни осмонга кўтарганидек у зотни ҳам осмонга кўтарган, дедилар. Шунда, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сиз ҳам ўлувчидирсиз, улар (мушриклар) ҳам ўлувчидирлар» (Зумар сураси, 30-оят) оятини ўқиб: “Кимки Муҳаммадга ибодат қилган бўлса, Муҳаммад ўлди. Кимки унинг Роббига ибодат қилган бўлса, Муҳаммаднинг Роббиси ҳаёт, ўлмайди”, деганларидан сўнг, бу ихтилоф барҳам топди.
401-гуруҳ талабаси
Исаев Бекислом Ҳидоятулло ўғли