islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ислом дини – экстремизмга қарши

Ғулув лафзи араб тилида белгиланган миқдордан ортиб кетишга айтилади. Масалан, нарҳ навонинг ҳаддан ошиб кетишини ҳам, қозондаги сувнинг қайнаб тошишини ҳам ғулув дейилади. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, динда рухсат этилган, ҳад ҳудуди белгилаб берилган чегарадан чиқиб, рухсат этилмаган тарафга ўтишга ғулув дейилади. Қуйидаги оятларда ҳаддан ошишдан қайтарилган: “Бас, (эй, Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам (тўғри) бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз, (эй, мўминлар!) У қилаётган ишларингизни, албатта, кўриб турувчидир” (Ҳуд, 112). “Кимки Аллоҳнинг ҳудудидан тажовуз қилса, ана ўшаларгина золимлардир” (Бақара, 229). Демак, ҳаддан ошишлик, бу тажовузкорлик демакдир.

Ислом дини тавҳид дини ўлароқ, унда якка-ю ёлғиз Аллоҳ таолога ибодат қилишга буюрилган бўлиб, мусулмонларни ҳам бирдамликка чақирилгандир. Динда ғулувга кетиш, ҳаддан ошишдан қайтарилишнинг сабаби, ғулув ва ҳаддан ошиш ихтилофга, гуруҳбозликка олиб келади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар” (Рум, 32).

Динда ғулувга кетишнинг бундан ташқари яна бир қанча ёмон оқибатлари бор. Энг аввало, бу ақиданинг бузилишига олиб боради. Тарихда пайдо бўлган Равофиз, Хавориж ва бошқа тоифаларнинг юзага келиши асосан динда ғулувга кетишнинг оқибатидир. Рофизийлар Пайғамбар а.с.дан кейин ҳалифаликка лойиқ зот сифатида Али р.а. ва унинг авлодларидан бошқа кеч кимни тан олмадилар. Ҳатто, Абу Бакр Сиддиқ р.а. ва Умар ибн Хаттоб р.а.ларни халифаликни Али р.а.дан зўрлик билан тортиб олганликда айбладилар. Равофиз сўзи инкор қилувчилар, рад этувчилар деган маънони англатиб, уларнинг баъзи тоифаси Али р.а.ни Пайғамбар с.а.в.дан ҳам юқори қўяди. Мана шу даражада ғулувга кетиб аҳли сунна вал жамоадан чиқдилар.

Хаворижлар эса, аксинча, ҳазрати Али р.а.ни кофирга чиқардилар. Натижада, унга қарши қурол кўтариб, қонини тўкишни ҳалол дедилар. Маълум бўлдики, Равофиз ва Хавориж тоифалари айнан Ҳазрати Али р.а.нинг шахси борасида ғулувга кетишлари оқибатида пайдо бўлди. Бу ҳақда Ҳазрати Али р.а.нинг ўзлари шундай деган эдилар: “Менинг борамда икки хил тоифа ҳалокатга учради: бири ҳаддан ташқари муҳаббат қўйиб, иккинчиси ҳаддан ташқари буғзу адоват қилиб”.

Кейинчалик, Мўътазилалар Аллоҳни зотида ғулувга кетиб, унинг сифатларини инкор қилдилар. Шунингдек, Хавориж ва Мўътазилалар амру маъруф ва наҳий мункарда ҳаддан ошиб, мусулмонларнинг имомига қарши чиқишга йўл очдилар. Яъни, уларнинг назарида давлат раҳбарига қарши чиқиш амру маъруф ва наҳий мункар қилиш демакдир. Ҳолбуки, Пайғамбар с.а.в. биз умматларини раҳбарларга қарши чиқишдан қайтарганлар. Қуйидаги ҳадисда шундай дейилган: Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким амиридан бирор ёқтирмайдиган ишни кўрса, сабр қилсин. Чунки, ким жамоатдан бир қарич узоқлашса, жоҳилият ўлимида ўлибди”. Бошқа ривоятда: “Ким амирининг бирор ишини ёқтирмаса, унга сабр қилсин. Чунки, бирор киши бошлиғининг итоатидан бир қарич чиқса ва шу ҳолида ўлса, жоҳилият ўлимида ўлибди” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Динда ғулувга кетишнинг ёмон оқибатларидан яна бири, у кишиларни машаққатга солиб қўяди. Одамларни Аллоҳнинг кўрсатган тўғри йўлидан юришдан тўсиб, диндан нафратланиб, ундан безиб қолишларига олиб боради. Бундан ташқари шариатда буюрилган амалларни бажаришдан қониқиш ҳосил қилмай, ўз-ўзига машаққат туғдирадиган янги бидъат амалларни ўйлаб топиш, динни машаққатдан иборат қилиб кўрсатишга сабаб бўлади. Бу эса Ислом динининг мўътадиллик ва енгилликка чақирувчи, машаққат ва қийинчиликларни бартараф этишга асосланган таълимотларига зиддир. Зеро, Ислом динининг енгиллиги унинг ўзигагина хос бўлган, бошқа динлардан ажратиб турувчи хусусиятидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбар с.а.в. келтирган дин енгил эканлигини мана бундай таърифлаб берган: “Улар саводсиз элчига – исми ўзларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган пайғамбарга (Муҳаммадга) эргашадилар. У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда уларнинг юкларини ва устиларидаги кишан (қийинчилик)ларини олиб ташлайди. Бас, унга имон келтирган, уни улуғлаган, унга ёрдам берган ва у билан бирга нозил қилинган нур (Қуръон)га эргашганлар, айнан ўшалар (охиратда) нажот топувчи кишилардир” (Аъроф, 157).

Ояти кариманинг мазмунидан маълум бўлишича, аввалги умматларнинг саркашликлари сабабли уларнинг шариатида бир қанча қийинчиликлар жорий этилган эди. Масалан, бирор гуноҳ ишни қилган кишининг тавбаси ўзини ўлдирсагина қабул бўлар ёки қайси аъзоси билан гуноҳ қилган бўлса, ўша аъзони кесиб ташлаш, кийим ёки баданнинг бирор ерига нажосат тегса, уни ювиш ўрнига кийим ёки бадандаги нажосат теккан жойни кесиб ташлаш билан ундан покланиш кабилар шулар жумласидан бўлиб, Ислом шариати бу каби машаққатларни бекор қилди. Аксинча, ўз жонига қасд қилишни энг оғир гуноҳлардан санади. Киши ҳар қанча гуноҳ қилганда ҳам самимий дилдан тавба қилса Аллоҳ таоло уни қабул қилишини ваъда қилди, сув ҳар қандай нажосатни покловчи восита эканлигини баён қилди.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Албатта, бу дин енгилдир. Ким унда чуқур кетса, енгилади. Бас, тўғри бўлинглар, амалларингизни мўътадилликка яқин қилиб олиб боринглар, дин ҳақида фақат яхши гапларни айтинглар. Тонг вақтида, кундуз куни ва туннинг бир оз вақтида тоат ибодат қилиб фойдаланинглар” (Бухорий ривояти). Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а. ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Ҳаддан ошувчи, ғулувга кетувчилар ҳалокатга учрадилар”, деб уч марта такрорладилар. (Муслим ривояти). Яна бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. шундай деганлар: “Бу илмни (динни) ҳар бир авлоднинг адолатли кишилари кўтарадилар. Улар уни ғулувга кетувчиларнинг ўзгартиришларидан, бузғунчиларни эгалик қилишларидан ва илмсиз жоҳилларнинг нотўғри таъвил қилишларидан асраб турадилар”. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ҳозирги кунда Ислом оламида бир қанча ғулувга кетган экстремистик гуруҳлар мавжудки, буни кўрган баъзи ғарб оммавий ахборот воситалари ушбу экстремистик гуруҳларнинг қўпорувчилик ҳаракларини ислом дини билан боғлашга уринмоқдалар. Ҳолбуки, бугунги кунда экстремизм бутун жаҳон муаммосига айланди, ундан дунёдаги деярли барча давлатлар жабр кўрмоқда, жумладан мусулмон давлатлари ҳам. Юқорида биз айтган ОАВ вакиллари билмайдиларки, Ислом динининг ўзи экстремизмга қарши ва у  экстремизмга қарши курашни бундан ўн беш аср олдин бошлаган.

Ислом дини азалдан фитна-фасодга қарши курашиб келади. Ислом дини ошкора ва ботиний фитналардан қайтариб, ундан паноҳ тилашга буюрган диндир. Аллоҳ таоло мусулмонларни тафриқага бўлинишдан қайтариб, адолат ва тўғрилик йўлида бирлашишга чақиради. “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”… (Оли Имрон, 103).

Аллоҳ таоло аввал ўтган умматларнинг ихтилофга берилганлари оқибатида халокатга учраганларидан ибрат олишга чақиради. “Ҳужжатлар келгандан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир” (Оли Имрон, 105).

Ислом дини мўътадил эканлигининг ўзи унинг ҳар қандай экстремизмга қарши эканлигининг яққол исботидир. Мўтадиллик дегани, ҳаддан ҳам ошмайди, сусткашликка ҳам йўл қўймайди, балки, ҳар бир ишнинг энг ўртасини, яъни адолат нуқтасини тутади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Анас р.а. айтадилар: Уч киши Пайғамбар с.а.в.нинг аёлларининг уйларига У зотнинг қандай ибодат қилишлари ҳақида сўраш учун келишди. Саволларига жавоб олишганидан кейин, гўёки ўзларича бу амалларни оз деб санашди ва: бизларга Пайғамбар а.с.га етишишга йўл бўлсин. Аллоҳ таоло У зотнинг аввалги ва кейинги гуноҳларини кечириб қўйган бўлса, дейишди ва улардан бири: мен бундан буён туни билан ухламай намоз ўқиб чиқаман, деди. Бошқаси: мен эса умрим давомида ҳеч нарса емай рўза тутиб ўтаман, деди. Учинчиси: мен аёлларга яқин йўламай, уйланмай ўтаман, деди. Шу вақт Расулуллоҳ с.а.в келиб қолдилар ва: “Сизлар-ми, фалон, фалон нарса деб айтаётган? Аллоҳга қасамки, мен сизлардан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқаман, сизлардан кўра тақводорроқман, шундай бўла туриб рўза ҳам тутаман, оғзимни ҳам очаман. Кечалари намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга ҳам уйланаман. Бас, кимда ким менинг йўлимни тутишни хоҳламаса у мендан эмас”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ с.а.в. шундай дедилар: “Албатта, мен бағрикенг, мўътадил динни олиб келдим, бидъат бўлган роҳибликни олиб келганим йўқ. Билингларки, илгариги қавмлар ўзларича роҳибликни жорий қилиб олдилар, алалоқибат роҳиблик уларга фарз бўлиб қолди. Кейин эса, улар роҳиблик қоидаларига риоя қилмай қўйдилар. Бас, шундай экан сизлар гўштни ўзингизга ҳаром қилмасдан енглар, аёлларга уйланинглар, рўза тутинглар, ифторлик қилинглар, кечалари намоз ўқиб, вақтида ухланглар. Албатта, мен шунга буюрилганман”. (Табароний Абу Амомадан ривоят қилган).

Юқоридаги ҳадисда Пайғамбар а.с. биз умматларига ўзларини Исо а.с.нинг динига нисбат бериб, ўзларича роҳибликка берилиб, гўшт ейишни, уйланишни ҳаром деган қавмларни мисол қилиб келтирдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда ҳам баён қилинган: “Сўнгра уларнинг изларидан кетма-кет пайғамбарларимизни юбордик ва Исо ибн Марямни ҳам (уларнинг) ортидан юбордик ва унга Инжил (китобини) ато этдик ҳамда унга эргашган кишиларнинг дилларида меҳрибонлик ва шафқат (пайдо) қилдик. Роҳибликни эса улар ўзлари чиқариб олдилар. Биз уларга уни (роҳибликни) ёзганимиз йўқ, лекин улар ўзлари Аллоҳнинг ризолигини истаб (роҳиблик) қилдилар-у, сўнгра унга тўла риоя қила олмадилар. Бас, улардан имон келтирганларига мукофотларни ато этдик. (Аммо) уларнинг орасида аксарияти фосиқ (кофир)дирлар. (Ҳадид, 27).

Динда ғулувга кетиш гоҳида бирор ибодат ёки амални бажараётганда ёлғон ҳиссиётларга берилишда ҳам намоён бўлади. Буни қуйидаги ҳадисда кўришимиз мумкин. Ибн Аббос р.а. ривоят қилиб айтадилар: Ҳажда шайтонга тош отадиган куни Расулуллоҳ с.а.в. менга: “Отишим учун тош териб бер”, дедилар. Мен у кишига майда тошлардан териб бердим. У зот тошларни қўлларига олар эканлар: “Ҳа, мана шуларга ўхшаганидан отинглар”, деб уч марта такрорладилар ва: “Сизлар динда ғулувга кетишдан сақланинглар, зеро сизлардан олдин ўтган қавмларни айнан динда ғулувга кетишлари ҳалок қилди”, дедилар.

Тошкент ислом институти талабаси Aлимов Aбдулла Махаметович

379170cookie-checkИслом дини – экстремизмга қарши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: