islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Намоздаги “рофъул ядайн”нинг мазмуни ва унинг асослари

رفع اليدين сўзи араб тилидан олинган бўлиб, “қўл кўтариш” деган маънони англатади. Истилоҳда – намозда, такбири таҳрима айтиб бошлаганда, икки қўлни кўтаришга нисбатан ишлатилади.

Намозда қўлни кўтариш нима дегани ўзи, деган ҳақли савол туғилади. Такбири таҳримани айтиб, яъни “Аллоҳу акбар” деб, намозни бошлаб кетса бўлмайдими?

Ҳар бир ишнинг ўз тартиб ва қонун-қоидалари бўлганидек, намоз ўқиётган пайтда ҳам инсон риоя қилиши керак бўлган, у ишни қилмаса ўқиган намози дуруст бўлмайдиган тартиб ва қоидалари бор. Мисоли учун, намозни бошлашни ирода қилган намозхон аввало, икки қўлини қулоғининг юмшоқ жойига теккизиб, “Аллоҳу акбар” деган лафзни айтади. Ва намозни икки елкаси тарафга бошини буриб, аввал ўнг елкасига, сўнгра эса чап елкасига салом бериб, тугатади.  Бу намозни бошлаш ва тугатишдаги намозхон риоя қилиши керак бўлган қоидалар эди.

«Такбири таҳрима» дегани – намозхон намоз ўқишидан олдин унга мубоҳ бўлган нарсаларнинг уни айтиши билан ҳаром бўлиши дегани. «Таҳрим» сўзи луғатда «бир нарсани ҳаром қилувчи» деган маънони англатади. Такбири таҳрима ҳанафий уламоларининг наздида намознинг шартларидан бири. Имом Молик, Имом Шофеъий, Имом Аҳмадлар наздида эса, рукн ҳисобланади. Такбири таҳримада қўлни кўтариш суннат, «Аллоҳу акбар» дейиш тўртта фиқҳий мазҳабда фарз амал ҳисобланади.

Аллоҳ таоло «Муддассир» сураси 3-оятда: وَرَبَّكَ فَكَبِّرۡ «Ва Роббингни улуғла»[1] деди. Бу оят такбири таҳрима фарз эканлигини англатади. Тафсир китобларида бу ердаги «такбир айт, улуғла» деган сўз, намозни бошлашдаги такбири таҳримага нисбатан ишлатилади деб, тафсир қилишган.

Хусусан Имом Насафий ўзларининг «Тафсирун Насафий» китобида бу оятни қўйидагича тафсир қиладилар:

﴿وَرَبَّكَ فَكَبِّرۡ﴾ [المدثر ٣]

﴿وَرَبَّكَ فَكَبِّرْ﴾، واخْتَصَّ رَبَّكَ بِالتَكْبِيرِ، وهو التَعْظِيمُ، أيْ: لا تُكْبِرْ في عَيْنِكَ غَيْرَهُ، وقُلْ عِنْدَما يَعْرُوكَ مِن غَيْرِ اللهِ: “اَللَّهُ أكْبَرُ”، ورُوِيَ أنَّهُ لَمّا نَزَلَ قالَ رَسُولُ اللهِ ﷺ: « “اَللَّهُ أكْبَرُ فَكَبَّرَتْ خَدِيجَةُ» وفَرِحَتْ، وأيْقَنَتْ أنَّهُ الوَحْيُ، وقَدْ يُحْمَلُ عَلى تَكْبِيرِ الصَلاةِ، ودَخَلَتِ الفاءُ بِمَعْنى الشَرْطِ، كَأنَّهُ قِيلَ: وما كانَ فَلا تَدَعْ تَكْبِيرَهُ

Тафсирнинг маъноси: Аллоҳ таоло «Муддассир» сураси 3-оятда: وَرَبَّكَ فَكَبِّرۡ «Ва Роббингни улуғла» деди. Роббингни такбир билан хосла. Бу иш улуғлаш дегани. Яъни, сени мақсадинг фақат Роббингни улуғлаш бўлсин, дегани. Аллоҳ таолодан сени бошқа нарса чалғитаётган пайтда “Аллоҳу акбар” дегин, дейилади. Бу оят нозил бўлганда Пайғамбар алайҳиссалом ва Хадича розияллоҳу анҳо “Аллоҳу акбар” деди. Хадича розияллоҳу анҳо бу ишдан хурсанд бўлди ва унинг ваҳий эканлигига ишонч хосил қилди. Дарҳақиқат, у такбири таҳримага ҳамл қилинади. Бу ерда «фо» шарт маъносида келган. Худди: “Бу буйруқ, такбири таҳримани айтишни тарк қилма” дегандай бўлади.

Имом Қуртубий ўзининг «Тафсирул Қуртубий» китобида бу оятни қўйидагича тафсир қиладилар:

القرطبى : وَرَبَّكَ فَكَبِّرْقوله تعالى : وربك فكبر أي سيدك ومالكك ومصلح أمرك فعظم ، وصفه بأنه أكبر من أن يكون له صاحبة أو ولد وفي حديث أنهم قالوا : بم تفتتح الصلاة ؟ فنزلت : وربك فكبر أي وصفه بأنه أكبر . قال ابن العربي : وهذا القول وإن كان يقتضي بعمومه تكبير الصلاة ، فإنه مراد به التكبير والتقديس والتنزيه ، لخلع الأنداد والأصنام دونه ، ولا تتخذ وليا غيره ، ولا تعبد سواه.

Қуртубий: «Ва Роббингни улуғла» деган Аллоҳ таолонинг сўзининг маъноси – Саййидингни, Потшоҳингни, ишларингни ислоҳ қилувчи. Бас. Уни улуғла. Ўзини соҳиб, фарзанд тутишдан пок ва улуғ эканлиги билан сифатлади. Намозни нима билан бошлаймиз, деган саволга: «Ва Роббингни улуғла» деган оят нозил бўлди. Яъни, Ўзини улуғлик сифати билан васфлади. Аллома ибн Арабий айтадики: “Бу гап гарчи намозда такбир айтишнинг умумий эканлигини билдирса-да, ундан улуғлаш, муқаддас деб билиш, бут-санамлардан холий қилиш, ундан бошқани валий қилиб олмаслик, ундан ўзгага ибодат қилмаслик ирода қилинади.

Намозда қўл кўтаришнинг далили сифатида кўпгина ҳадислар келтирилган. Шулардан:

عن وائل بن حجررضيَ الله عنه-: أنَّهُ رَأَى النبيَّ صَلَّى اللَّهُ عليه وسلَّمَ رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ في الصَّلَاةِ كَبَّرَ

Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни намозга кираётган пайтда икки қўлини кўтариб такбир айтганини кўрди».

عَنْ الْبَرَاءِ بن عازب أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ إِذَا افْتَتَحَ الصَّلَاةَ رَفَعَ يَدَيْهِ إِلَى قَرِيبٍ مِنْ أُذُنيْهِ ثُمَّ لَا يَعُودُ

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Сунани Абу Довуд»[2] ҳадис китобларида Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам намозга кирмоқчи бўлсалар, икки кўлларини қўлоқларининг яқинига келтириб кўтарардилар, сўнг қайта қўлини кўтармасдилар» дейилган.

عن جابر بن سمرة رضي الله عنه قال: خرج علينا رسول الله صلى الله عليه وسلم فقال : ما لي أراكم رافعي أيديكم، كأنها أذناب خيل شمس، اسكنوا في الصلاة». رواه مسلم

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузуримизга чиқиб: «Нима учун мен сизларнинг қўлларингизни худди асов отнинг думига ўхшатиб кўтараётганингизни кўряпман?! Намозда сокинлик билан туринглар!» дедилар».[3]

عن مجاهد رضي الله عنه قال صليت خلف ابن عمر فلم يرفع يديه إلا في التكبيرة الأولى من الصلاة .رواه الطحاوي وابن أبي  شيبة و البيهقي

Мужоҳид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ибн Умарнинг орқасида намоз ўқиганман. У намоздаги биринчи такбирдан бошқа ўринда икки қўлини ҳеч кўтармас эди» (Таҳовий, Ибн Абу Шайба ва Байҳақий ривоят қилишган).

عن أبي بكر بن عياش قال: ما رأيت فقيها قط يفعله، يرفع يديه في غير الكبيرة الأولى. رواه الطحاوي

Абу Бакр ибн Айёшдан ривоят қилинади:

«Ҳеч бир фақиҳни ҳеч қачон биринчи такбирдан бошқа жойда қўлини кўтарганини кўрмадим» (Имом Таҳовий ривоят қилган).

«Ҳидоя» китобининг муаллифи Бурҳонуддин Марғиноний роҳимаҳуллоҳ: «Аввал икки қўл кўтарилади, сўнг такбир айтилади» деганлар. Биринчи такбир айтиб, кейин қўллар кўтарилади дейдиганлар, у борасида ҳадис ривоят қилинган бўлса ҳам, салаф уламолардан ҳеч бири у йўлга юрмаган»[4], дейдилар.

Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота”

жоме масжиди имом-хатиби Мансуржон Бобоев

 

[1] Муддассир сураси, 3-оят. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. – Т.: Ҳилол нашр. 2013.

[2] Сулаймон ибн  ал-Ашъас Абу Довуд ас-Сижистоний. Сунан Абу Довуд. – Байрут: Дорул фикр. 1990.

[3] Муҳаддис, фақиҳ, шайх, муфтий Ҳабибур Роҳман ал-Хойробадий. Мискуш шазий шарҳи жомиъ ат-Термизий. – Deoband. “аl-Maktabatul ashrafia”. 2013 – Б.532.

[4] Шайх Анваршох Кашмирий. Файзул Борий ъала Саҳиҳил Бухорий. – Мактабатул Ҳаққония. Пешавар Покистон. Б. 630

383410cookie-checkНамоздаги “рофъул ядайн”нинг мазмуни ва унинг асослари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: