Тошкент ислом институти устоз ва талабалари билан Бобохоновлар сулоласининг муҳтарама вакилалари иштирокида “Муслима аёлларнинг жамиятда тутган ўрни” мавзусида илмий учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирни институт ректори, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, проректорлар Соатмурод Примов ва Ёқубжон Бухарбаев ҳам давра суҳбатида иштирок этдилар.
“Муфтий Бобохоновлар” жамғармаси директори Амирсаид Усмонхўжаев Бобохоновлар сулоласининг вакилаларига тадбирдан кўзланган мақсад ҳамда Муфтий Бобохоновларнинг юртимиздаги диний-маърифий соҳа ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида маълумот берди.
Тадбир меҳмонлари жамиятимиздаги турли соҳаларда фаолият юритаётган аёллар бўлиб, институтимиз тарихи, бугунги кундаги фаолияти, ютуқлари ҳамда аёл-қизларнинг илмий салоҳияти ҳақида яқиндан танишдилар.
Институтимиз устозлари меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар. Талабалар ҳам берилган саволларга ўз фикрларини рус ва ўзбек тилларида билдирдилар. Суҳбат икки томонлама қизғин фикр алмашув тарзда ўтиб, меҳмонларда институтимиз ҳақида илиқ таассуротлар уйғонди.
Талаба қизлар билан ишлаш бўйича
куратор Саодат Валиева