Касб қилишда касб қилаётган киши мустақил бўла олмайди. (Яъни, Аллоҳ таолонинг яратишига эҳтиёж сезади). Яратишда эса, Яратгувчи мустақил бўлади. Уламоларнинг айтишича, олат (қўл ва шунга ўхшаш нарсалар) ёрдамида ҳосил бўлган нарсага касб, олатга эҳтиёж бўлмаган тарзда ҳосил қилинган нарсага эса яратиш дейилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг банданинг қудрати ва иродасига боғлиқ бўлмаган нарсани (бандада) яратиши бандага нисбатан сифат бўлади, феъл эмас. Яъни, бандадан беихтиёр содир бўладиган амаллар, тер оқиши ва баданнинг совуқдан қалтираши каби, сифат деб номланар экан. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг банданинг қудрати ва иродасига мувофиқ тарзда яратган нарса эса, бир вақтнинг ўзида сифат, феъл ва касб деб номланади. Мисол учун, банданинг ихтиёри билан содир бўлган барча амаллар каби.
Зарба текканида ёки шиша синганида пайдо бўладиган оғриқлар ҳам Аллоҳ таолонинг яратиши билан вужудга келади. Мўътазила тоифаси бундай деб ҳисобламайди. Уларнинг наздида банда буларни ўзи яратди. Буларнинг барчасини яратгувчиси Аллоҳ таолодир. Банданинг хоҳиш-иродасига мувофиқ тарзда Аллоҳ таоло унинг амалини яратади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратгувчисидир”.[1] Яъни, ақл далолат қиладики, бандаларнинг амаллари “ҳар бир нарсанинг” остига киради.[2]
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ “Васият” китобларида айтадилар: “Биз иқрор бўламизки, банда бажарадиган жамики амаллари, иқрори ва маърифати билан биргаликда махлуқ, яратилгандир. Фоил – барча ишларни бажарувчиси яратилган экан, ундан содир бўладиган амалларнинг ҳам яратилган экани батариқа авло яратилган бўлади”.[3]
Бундан кўриниб турибдики, нарсаларнинг борлиги Яратувчига эҳтиёж сезар экан, у мумкинотлар жумласидандир. Борлиқда жавҳар ва араз бўлган барча нарсалар кўз олдимиздаги оламда бўлиши мумкин бўлган нарсалардир. Шундай экан, ўз зотида қоим турган банда мумкинотлар жумласидан бўлган ҳолда, бор эканига фойдани Аллоҳ азза ва жалладан олаётган экан, банданинг зотида қоим топадиган амаллар бор эканига фойдани Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан олиши батариқа авло бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримасининг маъносидир: “Аллоҳ (сизларнинг хайр-эҳсонларингиздан) бой-беҳожат, сизлар эса (У зотнинг ажр-савобига) фақир-муҳтождирсизлар”.[4] Яъни, “Аллоҳ бой-беҳожат”, дегани Ўз зоти ва сифатлари билан яратган барча нарсаларидан беҳожатдир. “Сизлар эса, фақир-муҳтожсизлар”, дегани ўз зотларингизда, сифатларингизда, амалларингизда ва ҳолатларингизда Аллоҳ таолога муҳтожсизлар. Бунинг маъноси шундайки, банда қиладиган амалининг бошида Аллоҳ таолонинг яратишига, амалини бажариб бўлишидан олдин (бажараётган вақтида) Аллоҳ таолонинг мададига эҳтиёж сезади.
Шу ўринда шуни билиш керакки, банданинг феълига боғлиқ бўлган иродаси ва бир ишни амалга ошираётган вақтидаги қудрати феъл билан биргаликда яратилгандир. Бу яратилиш ундан олдин ҳам, кейин ҳам эмасдир![5]
Тошкент ислом институти 4-босқич талабаси
Раҳимжонов Раҳматуллоҳ
Фойдаланилган адабиётлар
[1] Зумар сураси 62-оят
[2] Мулла Алий Қорий. “Шарҳу фиқҳул акбар” – Байрут: “Дорун Нафоис” нашриёти, 2019. – Б.114-115
[3] Имом Абу Ҳанифа. “Васият” – Миср: “Мактабатул Азҳарийя” нашриёти, 2009. – Б.23
[4] Муҳаммад сураси 38-оят
[5] Мулла Алий Қорий. “Шарҳу фиқҳул акбар” – Байрут: “Дорун Нафоис” нашриёти, 2019. – Б.115-116