islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Абу Райҳон Беруний мантиқ илмига қўшган ҳиссаси

Шарқда биринчилардан бўлиб мантиқ илми билан шуғулланган, араб мусулмон дунёсида перипатетизмга йул очиб берган мутафаккир Ал-Киндийдир. Абу Райҳон Беруний (973-1048 й.й.) Мантиққа оид асарлар ёзмаган бўлса ҳам, унинг қонун-қоидаларидан, исботлаш усулларидан илмий-амалий фаолиятида кенг фойдаланган. Берунийнинг буюк хизматларидан бири табиат ва жамиятни билишнинг илмий методини ишлаб чиққанлигидадир. Беруний илмий методининг асосий принциплари “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида кўрсатиб ўтилган. Булар қуйидагилардан иборат:

– ақлни бекорчи фикрлардан тозалаш;

– тажрибага асосланиш;

– билишни, аввало, предметни ташкил этувчи элементлардан бошлаш;

– хиссий билишга асосланган дедукциядан фойдаланиш;

– мантиқий фикрлаш: тахлил қилиш ва умумлаштириш;

– кузатиш, таққослаш, қиёслаш орқали ҳақиқатни аниқлаш;

– маълум нарсадан номаълум бўлганига, яқиндагисидан узоқдагисига қараб фикр юритиш;

– узоқ ўтмишни билиш учун предметнинг, ходисанинг тарихини ва у хақда бошқаларнинг берган маълумотларини ўрганиш. Айтиш мумкинки, Беруний Р.Декарт ва Ф.Беконлардан аввалроқ илмий билиш методининг зарурлигини таъкидлаган ва унинг асосий қоидаларини, принципларини ишлаб чиққан. Берунийнинг бу масалага оид фикрлари ғарб файласуфлариникига нисбатан кенг қамровлилиги билан ажралиб туради. Мантиқ илмининг кейинги даврлардаги ривожи Бахманёр (1065 й да туғилган), Ибн Рушд (1126—1198 й.й.), Насриддин Тусий, Фахриддин Розий, Қазвиний, Шамсиддин Самарандий, Тафтазоний (1322-1390 й.й.), Миршариф Журжоний (1340— 1413 й.й.) ва бошқаларнинг номи билан боғлиқ. Миршариф Журжоний ҳам Ибн Сино каби мантиқни билиш ҳақидаги фан сифатида кўриб ўтади. Унинг таълимотига кўра, мантиқфани билиш назарияси ҳисобланмайди. Билиш жараёнида биз тушунча ва мулоҳазалар орқали янги, ноаниқ нарса ҳақида фикрга эга бўламиз, деб таъкидлайди. У ҳар қандай фикр тузилишига кўра материя ва шаклдан иборат, шунинг учун тўғри ёки хато бўлиш фикрнинг мазмунига ва шаклига хосдир, деб ёзади. Журжоний фикрича, тушунча – бу қандайдир индивидуал нарса ҳисобланади. У асосан тушунчаларнинг келиб чиқиши ва кўринишига эътиборни қаратади. Тушунчанинг пайдо бўлиши жуда кенг ва катта маънони олади, тушунчанинг кўриниши эса қисқа бўлади. У тушунчани иккига: якка ва умумий тушунчаларга бўлади; якка тушунчанинг ўзидан “ҳақиқий якка”сини танлаб олади. У якка тушунчага таъриф бериб, “якка тушунча-якка предметдан ташкил топган бўлиб, унда фақат шу предметнинг ўзи ҳақидаги фикр баён қилинади”, деб таъкидлайди. Журжоний таълимотига кўра, тушунча ва ҳукм ўртасида фарқ бор. Фикрда нимадир тасдиқланса ёки инкор этилса, бу ҳукм ҳисобланади. Ҳукм чин ёки хато бўлиши мумкин. Фикр юритишнинг муҳим босқичларидан бири бу хулоса чиқариш ҳисобланади, дейди Журжоний. У хулоса чиқаришнинг уч турини: силлогизм, индукция, аналогияни ажратади. Силлогизм хулоса чиқаришнинг энг асосий кўриниши ҳисобланади. Индукция ва аналогия орқали хулоса чиқариш фаразга олиб келади, улар чин билимни бера олмайди. Журжоний силлогизмни Ибн Сино каби иккига бўлади: бирлаштирувчи ва ажратувчи. У мантиқий исботлашга ҳам тўхталиб ўтади. Унингча, исботлаш уч хил бўлади:

  1. Умумийдан яккага қараб исбот қилиш – силлогизм.
  2. Яккадан умумийликка қараб исбот қилиш – индуктив исботлаш.
  3. Аналогия – бунда яккадан келиб чиқиб, яккани исбот қилиш. Журжоний силлогизмнинг структурасини, қоидаларини, фигураларини, модулларини батафсил таҳлил қилади. Шунингдек, мутафаккир мантиқ фанининг турли таълимотларни ўрганишдаги аҳамиятига юқори баҳо берган. Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Ўрта Осиё мутафаккирлари мантиқ илмининг масалаларини ишлаб чиқишда мустақил ижодий йўл тутдилар. Уларнинг мантиқий таълимотлари Аристотелникидан фарқли равишда силлогизмнинг моҳияти ва шаклларини таҳлил қилишдан эмас, балки хукм ва силлогизмларнинг асосий элементи бўлган тушунчалар табиатини таҳлил қилишдан бошланади. Улар мантиқ илмининг ўрганиш доирасини фақат силлогизмлар билан чегаралаб қўймасдан, унга мавжуд билимлар асосида ҳақиқатга эришиш йўлларини ўрганувчи фан, деб таъриф бердилар. Уларнинг мураккаб ҳукмларга асосланган гипотетик хулоса чиқариш ҳақидаги таълимотлари мантиқ фанига қўшилган муҳим ҳисса бўлди. Тафаккур шакллари, айниқса, хулоса чиқариш билан аргументлаш ўртасидаги узвий боғлиқликни таъкидлашлари чуқур маънога эгадир.

ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

Бойхўрозов Хуршид Ахмад ўғли

393680cookie-checkАбу Райҳон Беруний мантиқ илмига қўшган ҳиссаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: