Иброҳимжон ўз устозларидан Қуръони каримдан ташқари туркий, форсий ва арабча китоблардан таълим олди. У Қуръони каримни тўла ҳифз қила олмаган бўлса-да, уни тажвид билан тиловат қиладиган бўлди, бир қанча сураларни ёд олди ҳам ва халқ орасида «Иброҳимжон қори» номи билан тилга олинадиган бўлди. У киши Форс тилини яхши биларди, Ҳусайн Воиз Кошифийнинг форс тилида битган машҳур тафсири – «Тафсири Ҳусайний»ни кўп ўқирди. Ҳусни хатда ҳам моҳир эди. Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул-ожизийн» китобини жуда ҳам севиб ўқирди ва бошқаларга ўқиб, изоҳлаб берарди. Унинг мазкур китобга қилган оғзаки шарҳини шогирдлари магнит тасмага ёзиб ҳам олишган.
Иброҳимжон қори Ислом динини ўрганишда қандай ташаббус кўрсатган бўлса, уни бошқаларга ўргатишда ҳам ана шундоқ жонбозлик кўрсатди. У киши, мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, дўстлари, яқинлари ва бошқа илм толибларининг илк саводини чиқарган севимли устозига айланди. У киши шогирдларига асосан «Устози аввал», «Муаллими соний», «Ибодати исломийя», «Саботул-ожизийн» ва «Мухтасарул-виқоя» китобларидан таълим берарди. Шунингдек, уларга ҳусни хатни ҳам ўргатар ва айрим китобларнинг матнини тахтага ёзиб, мазмунини тушунтириб берарди. Чекка қишлоқларга ўзининг шахсий машинасида бориб кишиларга дину-диёнатдан таълим берар, уларга шариат илмларини уқтирар эди. У киши ёш шогирдларига насиҳат қилар экан: «Сизлар Аллоҳга шукр қилиб ўқинглар, ота-оналарингиз мусулмон. Менинг ота-онам “илм ўқи”, “намоз ўқи”, дейишмаган, чунки улар ғайридин эдилар», деб қўярди. Иброҳимжон қори жуда ҳам ҳалим, гўзал ахлоқли, камтарин, тавозуъли, ширинсўз киши эдилар. Тамаъ, риё каби маънавий иллатлардан йироқ эдилар. У киши намознинг адосига катта эҳтимом берар, уни доимо вақтида ва хушуъ-хузусини жойига келтириб ўқирдилар. Иброҳимжон қори ота-онаси ва ука-сингилларидан доимо хабар олар, хусусан ҳайит кунлари уларни зиёрат қилар ва улар билан асосан ўз тилида гаплашар эдилар. Ҳар сафар уларни Исломга тарғиб қилиб, унинг фазлини, улуғлигини уларга тушунтиришга ҳаракат қилардилар.
1976 йил марҳум устоз ҳазрат Муҳаммаджон Ҳиндистоний домла Тошкентга маросимга келганларида мажлисда Иброҳим қори ҳам бор эди. У киши фурсатдан фойдаланиб Ҳиндистоний домладан: «Тақсир, мен бошқалар каби ота-онамнинг ҳаққига дуо қила олмайман, нима деб дуо қилсам дуруст бўлади?» деб сўради. Шунда Жаноб Домла Ҳиндистоний «Сиз, уларнинг ҳаққига «Аллоҳумма иҳди валидайя ва ваффиқҳума лима туҳиббу ва тарзо – Эй Аллоҳим, ота-онамни ҳидоят қилгин ва уларни Ўзинг яхши кўрган ва рози бўлган ишга муваффақ қилгин», деб дуо қилинг», дея жавоб бердилар. Иброҳимжон қори шундан сўнг ҳар куни ҳар намозида, ҳар соатда ушбу дуони чин дилдан кўз ёши билан ўқиб юрди. Ниҳоят, қилинган даъват-у дуоларнинг натижаси ўлароқ Иброҳим қори аканинг отаси ҳам, онаси ҳам солиҳ фарзанд шарофатидан умрларининг охирида мусулмон бўлиб оламдан ўтдилар.
Иброҳим қори умри бўйи ҳалол касб билан тирикчилик қилишга ҳаракат қилди, дунёга берилмади. У аввалига тўқувчилик ва косибчилик билан шуғулланди. Деҳқончилик ҳам қилди. Кейинроқ ОПД ҳамда водаканалда ишлади ва шу ердан нафақага чиқди. Шунингдек, у одамларнинг ҳожатини чиқариш мақсадида ҳайдовчилик ҳам қиларди. У киши 1990 йили ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муваффақ бўлдилар. Шу йили нафақага чиқиб, Марғилондаги «Мўйи муборак» масжидида тақрибан ўн йил муаззин бўлиб хизмат қилдилар. Иброҳим қори Исломнинг шарофати ила етук устозлар ҳузурида тарбия топдилар, гўзал одоб-ахлоқ, мунаввар юз, покиза жисм ва руҳ, юксак маънавий бойлик ва иззату икромга сазовар бўлдилар. У киши Ислом ва мусулмонларга катта хизматлар қилдилар. Кўплаб мусулмонларга таълим бердилар. Иброҳим қори ҳаётининг охирги йиллари бироз бетоб бўлдилар.
Ана шундоқ ажойиботларга тўла, соф фитратига қайтиб, шу йўлда собит ўтган ҳаёт Рамазон ҳайитидан бир кун олдин ниҳоясига етди. Иброҳимжон қори мелодий 2004 йил ўн учинчи нoябр (ҳижрий 09/29/1425) шанба куни фоний дунёдан кўз юмдилар. Аллоҳ таоло у зотни ўз раҳматига олсин, қабрларини мунаввар қилсин ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган икки карра ажрга мушарраф этсин!
Иброҳим қори ҳаётидаги ибратли воқеаларни ўқир эканмиз мусулмон халқимизни динда, эътиқодда қанчалик мустаҳкам бўлганлари ва Аллоҳнинг каломига хизмат қилган инсонларнинг нафақат ҳаёти балки, хотимаси ҳам гўзал бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Ҳаттоки, Аллоҳ таоло бундай зотларни мағфират қилган ва бу ҳақида яқинларининг тушлари орқали инсонларга билдирган.
Аллоҳ Иброҳим қорини ҳам шундай буюк зотлар сафида қилган бўлсин!
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
4-босқич талабаси Мухторов Мавлонбек