islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Аллоҳ афв қилмас гуноҳ

Ширк тушунчаси ҳақидаги шаръий манбалардаги эътиқодий нуқтаи назарда ёритилган таърифларига, маъноларига ўтишдан олдин унинг илмий эътиборда шаклланган таърифини келтириб ўтсак. Шарқшунос олимлар наздида ширк – арабча شرك сўзидан тўғридан-тўғри, таржима қилинмасдан олинган истилоҳ бўлиб, ислом динидаги политеизм консепсиясидир. Монотеизмни уқтирувчи тавҳид тушунчасига тескари маънодадир.

Ширк — Аллоҳнинг шериги бор деб билиш, кўпхудолилик. Исломга кўра, Аллоҳдан бошқа “илоҳ”ларга, шунингдек, бутлар ва одамларга сиғиниш катта гуноҳ, куфр ҳисобланади. Аллоҳдан ўзгага топинувчилар мушрикдирлар. Қуръонга кўра, ширк кечирилмайдиган гуноҳ ҳисобланади. Истеъмолда кофирни мушрик, мушрикни кофир, деб аташ ҳолатлари ҳам мавжуд.

Берилган мазкур таъриф луғавий жиҳатдан тўғри бўлса ҳам, ширкнинг ҳақиқатини тўла очиб бера олмайди. Шунинг учун ҳам шаръий манбаларда келган ширк таърифларини келтириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Умумий маънода ширкнинг ҳақиқати, инсон Аллоҳ Ўзининг Олий Зотига хос қилган ҳамда бандаликка вазифа қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат беришдир.

Мисол учун, ўша махлуққа сажда қилиши, унга атаб жонлиқ сўйиши, назр қилиши, шиддатга тушганда ёки мусибатда ёрдам сўраши ва уни ҳар жойда хозиру нозир, деб эътиқод қилиши ҳамда тасарруф қудрати бор, деб ўйлашдир.

Буларнинг ҳаммаси ширкдир.

Имом Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ ширкнинг ҳақиқати – Инсоннинг баъзи улуғлаштирилган одамлардан содир бўлган ажойиб ишларини унинг камолот сифатларига эга бўлгани учун содир бўлди. Чунки бу нарса башар жинсидан содир бўлиши мумкин эмас эди. Балки Аллоҳга хос эди. Бу хусусият Аллоҳдан бошқада йўқ бўлиб, У бошқа эса ўз зотида фано бўлур, фақат Аллоҳнинггина зоти қолур”, деб эътиқод қилишидир, дейди.

Яъни, қайсидир бир одамда ёки ҳайвон, дарахт каби махлуқотларда қандайдир ғайриоддий ишнинг содир бўлганини кўриб, бу Худодир, чунки Худодан бошқа нарса бундай ғайриоддий ишни амалга ошира олмайди, демак бу (одам ёки ҳайвон, дарахт каби махлуқ) Худо дейишлик ширк дея таъриф берилган.

Бошқа манбалардаги ширк таърифларининг умумий қисми “Ширк Аллоҳ таолога хос бўлган сифатларни Ундан ўзгага собит қилишдир” деган фикрда жамланади.

Мисоли, оламда “Бўл!” дейиш билан бўладиган ирода ила тасарруф қилиш, ҳис қилиш аъзолари билан касб қилинмаган зотий илмга эга бўлиш, ақл, ваҳий, илҳом ва шунга ўхшашлар.

Ёки беморга шифо бериш, бировни лаънатлаш, ундан рози бўлмаса бемор, фақир, бадбахт бўлиб қолишини, бировга раҳматини кўрсатса ўша раҳмат туфайли бой, соғ, бахтиёр бўлиб қолишини эътиқод қилишдир. Зеро, мушриклар Аллоҳга жисмларни яратишда ва катта ишларни қилишда бировни шерик қилишмас эдилар. Балки, розиликни, бахтга эришишни ёки соғайиб кетишни қандайдир тош, дарахт, ҳайвон ёки инсондан содир бўлади деб билиш дея ишонишар эди.

Лекин, ширк тўғрисидаги юқоридаги келтирилган мулоҳазалар ҳам унинг ҳақиқий шаръий таърифи ва баёни эмас. Балки, улар, ширкка келтирилган мисоллардир.

Чунки, ширк фақат Аллоҳ таолога хос бўлган сифат ва ишларидагина бўлмайди. Балки, Аллоҳ таолонинг зотида ҳам бўлади.

Гоҳида сифатларида, гоҳида исмларида, гоҳида ишларида, гоҳида ҳукмларида бўлади. Бунга тавҳиднинг таърифида ишора бор:

“Инсон Аллоҳ таолога ширк келтиришнинг барча кўринишларидан ўзини сақлаб, Аллоҳ таолони Зотида ҳам, сифатларида ҳам, феълларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам шериги йўқ, яккаю ёлғиз эканлигига эътиқод қилиши тавҳид деб аталади”.

Демак, шунга кўра ширкнинг шаръий тушунчаси – Махлуқни Роббил оламийнга беш ишдан бирида тенглаштиришдир. Яъни, Аллоҳнинг зотида, сифатларида, исмларида, ишларида ва ҳукмларида шерига бор, деб эътиқод қилишдир.

Аллоҳ таборака ва таоло “Шуаро” сурасида мушрикларнинг қиёмат куни қиладиган эътирофлари ҳақида ҳикоя қилиб, шундай дейди:

“Аллоҳга қасамки, биз очиқ-ойдин залолатда бўлган эканмиз. Чунки, сизларни Роббил оламийнга тенглаштирар эдик”.

Демак, умумий хулоса сифатида айтиш мумкин, мазкур беш ишдан қай бирида бўлса ҳам, бошқани Роббил оламийнга тенглаштириш, шерик килиш “ширк”дир. Ширк эса, Аллоҳ таоло томонидан кечирилмас гуноҳ эканлиги манбаларда собитдир. Шундай экан ширкдан сақланиш, ҳар бир ишимизда ниятимизни тўғрилаб, ширкнинг ҳар қандай кўринишларидан сақланган ҳолатда эътиқодда бўлишимиз лозим ва шартдир.

Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилишдек мақомда бардавом қилсин! Омин!

Тошкент Ислом институти талабаси

Низаматдинов Есенгелди

39650cookie-checkАллоҳ афв қилмас гуноҳ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: