islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Муҳаддис уломалардан бири Ҳофиз Жамолиддин Абул Ҳажжож Юсуф ал-Миззий  (654-742/ 1256-1341)

Ҳижрий VII асрнинг иккинчи ярмида (милодий 13-аср) Шом мамлакати мамлуклар давлатининг қарамоғида эди. Шу вақтга келиб мамлуклар давлати Ислом оламининг энг кучли қувват маркази эди. Бунга сабаб эса Аббосийлар халифалигини тугатиб юборган мўғул босқинчиларини айнан мамлуклар тўхтатиб қолган эди. Мамлуклар султони Бейбарс мўғулларни мағлуб этиб ортга қайтарган эди. Султон Бейбарс Шом соҳилларини салибчилардан озод қилиб Салоҳиддин Айюбийнинг ишини ҳам такрорлаган эди. Бир вақтнинг ўзида икки душманни мағлуб этган мамлакат Ислом оламининг энг кучли қудрати ҳисобланар эди. Бу курашларга Шом аҳолиси бор кучини сарфлаган эди. Жангда фақиҳлар муҳаддислар ва барча зиёли қатлам ҳам қатнашган эди.

Беқарор сиёсий муҳит ҳукм сурган 654 йил рабиул охир ойининг ўнинчи куни Ҳофиз Жамолиддин ал-Миззий Ҳалабда асли араб бўлган ва анча вақтдан буён Шомда истиқомат қилаётган оилада дунёга келди. Жамолиддин Дамашққа кўчди ва Мизза қишлоғида яшади. Жамолиддин Юсуф Қуръон ўқиди бироз фиқҳ ўрганди, аммо оиласи Заҳабийнинг оиласи қилганидек унинг илм олишига кучли эътибор қаратмади. Отаси машҳур олимлардан эмас эди. Натижада 21 ёшга етганда ал-Миззийнинг ўзи ҳаракат қилишга мажбур бўлди. Биринчи илм олган устози Шайх ал-Муаммар Зайниддин Абул Аббос Ҳанбалий эди. Ундан кўп илм олди. Биричи ўрганган асари “Ҳилят ал-авлиё” эди. Устози вафотидан кейин ал-Миззий жуда кўп шайхлардан Ҳадис эшитди. Шайхлардан “кутуби ситта”,“Муснади Имоми Аҳмад”,” Мўъжами Табароний”,”Муватто”, “Сийрати Ибн Ҳишом”,”Далоил ан-нубувва” каби асарларни ўрганди. Шом шаҳарларини кезган ал-Миззий Қуддус, Ҳимс, Ҳумот, Баълабакка шаҳарларида таълим олди. Ундан Ҳарамайнга сафар қилди ва ўша ердаги олимлардан илм олди. У ердан Миср ўлкасига сафар қилди. Мисрнинг Қоҳира, Искандария, Библис каби шаҳарларида яшаб таълим олди. Салоҳ ас-Садафий ўз шайхлари табақаларини зикр қилиб, Миззий илм олган устозларини зикр қилди. Миззий ўз илмий фаолияти давомида ал-Киндий, Ибн ал-Ҳарастоний, Ибн Ҳанбал, ар-Роҳавайҳ, Ибн Мулоиб, ал-Қазвиний, Ибн Сабоҳ, Ибн ал-Банно, Халил ибн Бадр, ал-Бувсирий каби шайхлардан илм олди.

Миззий араб тилини ўрганишга катта эътибор қаратди ва тенгдошларидан илгарилаб кетди. Миззийга Ибн Сафадий шундай баҳо берган эди: “шайхларим орасида Шайх Асириддиндан кейин луғат ва сарф илмида  Миззийга ўхшаганини билмайман”.

Миззий ўз асрининг уч нафар олими билан кўп алоқада бўлди ва улар билан ҳамсафар бўлди. Биринчиси Ибн Таймия, иккинчиси Қосим ибн Муҳаммад ал-Бирзолий, учинчиси Муҳаммад ибн Аҳмад аз-Заҳабий эди. Миззий улардан каттароқ эди. Бу тенгдош  шайхлар бири иккинчисидан илм олар эди ва уларнинг уччаласи ҳам Миззийнинг устозлигини эътироф қилишган ҳамда у билан фахрланишар эди.

Миззий тасаввуф шайхларидан Сулаймон ибн Али ат-Тилмисоний билан ҳамсуҳбат бўлди. Унинг баъзи масалаларда ғулувга кетганини кўргач, уни тарк қилди. Миззий энг кўп ажабланган ва таъсирланган шахс Ибн Таймия эди. У ҳаёти давомида Ибн Таймия билан бирга бўлди. Тожиддин Субкий булар ҳақида шундай деган эди: “бу дўстлар, яъни Миззий, Заҳабий, ал-Бирзолий ва уларга эргашганларга Ибн Таймия очиқ-ойдин зарар берар эди. Уларни машаққатли ишларга ундар эди. Узоқлашиш яхшироқ бўлган ишларга тортар ва оловли тошлоқ ерларга бошлар эди. Уларни ва ҳамфикрларини Аллоҳ кечириши умид қилинади”.

Ҳофиз Миззийнинг мазҳаби шофеъий ва ақидаси салафий эди. У Ибн Таймиянинг янгиланган ақидасига ихлос қўйган эди. Шу сабабли таъқибларга ҳам учраган эди. Бир сафар Хатиб Бағдодийнинг “Тарихи Бағдод” асарини гапиргани учун яширинишга мажбур бўлди. Иккинчи марта султон ноиби Афрамнинг ҳузурида  баҳс ва мунозара бўлганда шофеъий фақиҳлар Миззийнинг устидан қози Нажмиддин Аҳмад ибн Сасрога шикоят қилишди. Бу шикоят сабабидан Миззий зиндонга ташланди. Султон Муҳаммад ибн Қаловун қайтгач, зиндондан чиқди ва Қоҳирада илм тарқата бошлади. Кейинчалик Дамашқдаги Ҳадис мадрасасига бош бўлди. Бундан Ибн Таймия жуда хурсанд бўлди. Ибн Таймия Дамашқ зиндонида вафот этгач, унинг олдига фақат энг хос кишиларини киритишди. Ибн Касир айтади: “мен Миззий билан Ибн Таймиянинг олдига кирдим ва унинг юзини очиб, ўпдим”.

Ибн Таймиядан ўн тўрт йил кейин вафот этган Миззий унинг қабри ёнига дафн қилинди. Ибн Таймия вафотидан кейин ҳам миззий унинг маслакидан оғишмади.

Жамолиддин ал-Миззий ҳижрий VIII аср уламолари орасида Ҳадис ва унга тегишли илмлар бўйича ўз ўрнига эга бўлди. Ҳадис фанида у икки асар таълиф қилган. “Туҳфатул ашроф” ва “Таҳзибул камол” асарларидир. Миззий ўзини ашъарий ақидада деб ёзган бўлса ҳам, инсонлар буни тасдиқламас эди. Лекин Ҳадис илми борасида унинг фикрларини ашъарийлар ҳам, бошқалар ҳам инкор қила олмас эдилар.

Миззий ҳақида ал-Яъмарий шундай деган: ”Дамашқда аввалгилар ва охиргилар илмини тўплаган, Ҳадис илмининг денгизи, ровийлар ва таржималар билимдони Абул Ҳажжож Миззийни топдим”.

Миззий ҳақида Заҳабий, Сафадий, Шамсиддин Ҳусайний, Абдулваҳҳоб Субкий каби алломалар мақтов гаплар айтишган. Хусусан ақидада Миззийнинг мухолифлари тарафида бўлган Субкий шундай деган: “Шайхимиз, устозимиз Жамолиддин Миззий замонамиз ҳофизи, аҳли Суннат байроғини кўтарувчиси, бил ижмоъ ўз асрининг ягонаси, дунё муҳаддислари раислиги унда ниҳояланади”.

Жамолиддин Абул Ҳажжож Миззий 742-йил 13-сафар ойи вафот этди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Жамолиддин Миззий ўз даврида Ҳадис илмидан моҳир бўлган ва унинг йўлдошлари Бирзолий, Заҳабий ва Ибн Таймиянинг таъсири ҳам катта бўлган. Миззий ўз дўсти ва устози Ибн Таймия ҳимоясида қаттиқ курашган. Кўпинча мазҳаб фақиҳлари билан ихтилофларга ҳам боришган. Натижада зиндонга ҳам тушган. Лекин бу тазйиқлар уни фикрини ўзгартира олмади. Тасаввуф шайхларига яқинлашган Миззий улардан ҳам кўнгли тўлмайди ва улардан узоқлашади. Унинг тўлиқ қалбини забт этган устози Ибн Таймия эди. Ҳатто Ибн Таймия вафотидан кейин ҳам Ибн Таймия ғояларини тарғиб қилувчисига айланди. Миззийнинг араб тили бўйича илмларини унинг шогирди Сафадий ҳам эътироф этди. Миззийга эътироз билдирган фақиҳлар унинг Ҳадис борасидаги илмини эътироф этишарди. Умуман олганда бир вақтда яшаган Ибн Таймия, Бирзолий, Заҳабий, Ибн Касир, Миззий каби олимларнинг ҳаммасини фикрлари уйғун бўлган ва улар бошқа нарсалар билан ҳисоблашмас эди. Миззийнинг ҳадисни билиши, унинг шартлари, терминларини яхши ўзлаштиргани боис унинг илмини ҳамма эътироф қилар эди. Миззий ўз фаолияти давомида яхши илм олди ва салмоқли мерос қолдирди.

Тошкент ислом институти 4 – курс

талабаси Саййидбурҳон Раббоний

397730cookie-checkМуҳаддис уломалардан бири Ҳофиз Жамолиддин Абул Ҳажжож Юсуф ал-Миззий  (654-742/ 1256-1341)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: